O'zLiDeP “Аёллар қаноти” мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш масаласини муҳокама қилди

08.10.2019, 17:05

O'zLiDeP “Аёллар қаноти” мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш масаласини муҳокама қилди

O'zLiDeP Наманган вилояти Кенгаши томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда “Тиббий суғуртани жорий этиш: ҳудудий тиббий муассасалар салоҳияти ва фуқаролар имкониятлари” шиори остида  тадбир ташкил этилди. 

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O'zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, “Аёллар қаноти” фаоллари ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул ходимлари, вилоятимиздаги хусусий тиббий клиника раҳбарлари ҳамда ОАВлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, партия сайловолди дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида ҳам қатор вазифалар белгиланган. Унга кўра партия давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида тиббиёт сифатининг тубдан яхшиланишини ёқлайди, хусусий тиббиётни сифатли тиббий хизматларга бўлган талабни қондириш, янада самарали ва замонавий технологияларни жорий қилиши лозим, деб билади.

Аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, болаларда, жисмоний тарбия ва спортга муҳаббатянада кучайтириш партиянинг устувор вазифаларидан бўлиб қолаверади.

Тадбирда мажбурий тиббий суғуртага босқичма босқич ўтиш эса ўз навбатида тиббиёт соҳасини ва тиббий хизмат сифатини яхшилашга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

- Бугунги кунда тиббиётда кўрсатилаётган хизматлар сифатини паст даражадалиги ва улар ўртасида рақобат мавжуд эмаслиги мажбурий тиббий суғуртага ўтишни тақазо этмоқда, - дейди O'zLiDeP вилоят Кенгаши раиси, сенатор Солижон Муминов.  - Бу жараён ҳозирги кунда вилоятимизда Янгиқўрғон туманида синов тариқасида амалга ошириляпти. Айтиб ўтишим керакки, мажбурий тиббий суғурта Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги мажбурий тиббий суғурта жамғармаси фонди ҳисобидан бепул амалга оширилади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, мажбурий тиббий суғуртага ўтиш жараёни уч босқичда бўлиб ўтади. Биринчи босқич 2021 йилда Сирдарё вилоятида, иккинчи босқич 2022-2023 йилларда республикамизнинг олтита вилоятларида ва сўнги босқич 2024- 2025 йилларда республиканинг барча ҳудудларида, хусусан вилоятимизда ҳам амалга оширилади.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган

вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

  • Кўрилди
    295
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+