Сайловларда хотин-қизларнинг фаоллигига алоҳида эътибор қаратилмоқда

10.10.2019, 14:37

Сайловларда хотин-қизларнинг фаоллигига алоҳида эътибор қаратилмоқда

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими  томонидан Гулистон шаҳридаги “Chehra palaсe” меҳмонхонасининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодекси, партия Сайловолди платформасининг тарғиботига бағишланган “Менинг сайлов ҳуқуқим” мавзуида семинар –тренинг ташкил қилинди.

Унда  Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатлари, O‘zLiDeP вилоят, туман, шаҳар Кенгаши раисларининг Аёллар масалалари бўйича ўринбосарлари, вилоят адлия бошқармаси ходимлари, тадбиркорлар, депутат бўлиш истагидаги аёллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Вилоят адлия бошқармаси масъул ходимлари Даврон Бурҳонов, Зебо Ҳайдарова, маҳаллий Кенгаш депутатлари Покиза Аҳмеджанова, Манзура Дадаева, Гулистон шаҳар Кенгаши аппарат раҳбари Лола Кенжаева ва бошқалар Сайлов Кодексининг қабул қилиниши, мазмун–моҳияти, ундаги янгиликлар, шунингдек, сайловлар ва сайловларнинг аҳамияти, сайловларда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, депутат ва депутатнинг вазифалари борасидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Таъкидланганидек, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятининг энг муҳим белгиларидан бири бу – эркин, очиқ сайлов тизимининг мавжудлиги ҳисобланади. Сайловлар орқали фуқаролар бевосита давлат ва жамият бошқарувида иштирок этади. Шу боис сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи фуқаронинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқлари сирасига киради. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Сайлов жараёнларида барчамизнинг, аввало, дунёқарашимиз, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз, гражданлик позициямиз яна бир бор намоён бўлади”.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари таъкидлашганидек, 2019 йилги сайловларда хотин-қизлар томонидан номзод кўрсатилиши 50 фоизгача етказилиши мумкин.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев, ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки, фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт, деб таъкидлаган эди.

-Бу юксак ишонч хотин-қизларга жуда катта руҳ бағишлаб, уларнинг фаоллиги ошишига туртки бўлди, десак муболаға бўлмайди, - деди партия вилоят Кенгаши Аёллар қаноти раҳбари Сабоҳат Бабаева. - Шу боис партия вилоят Кенгаши Аёллар қаноти томонидан жорий йилда парламент ва маҳаллий кенгашларга бўладиган сайловларда хотин-қизлар фаоллигини ошириш мақсадида давра суҳбатлари, семинар-тренинглар, ўқувлар ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Айни кунларда олиб борилаётган саъйи ҳаракатлардан мақсад 2019 йилги сайловларда хотин-қизлар томонидан номзод кўрсатилишини 50 фоизгача етказиш ҳамда депутатлар орасида уларнинг улушини 30 фоиздан кам бўлмаслигига эришишдир.

Шунингдек, тадбирда сайловлар жараёнида аёлларнинг ижтимоий фаоллигини, сайлов соҳасидаги билимларини ошириш, сайловолди ва сайлов жараёнларига хотин-қизларни кенг жалб қилинишига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур ишлар юртимизда хотин-қизларнинг салоҳиятини янада ривожлантириш, етакчилик қобилиятини кучайтириш, сиёсатчи, раҳбар ва жамоат арбоблари сифатида ўзларини намоён қилишига имкон яратади. Шу билан бирга, бу мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, мафкуравий ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтиришда ўз самарасини бериши шубҳасиз.

Семинар-тренингда иштирокчилар уч гуруҳга бўлинган ҳолда олган билим ва кўникмаларини амалий жараёнда мустаҳкамлаб, ўз тақдимотларини ўтказишди.

Тадбирда Гулистон шаҳри, Боёвут ва Сирдарё туманларидан келган вакиллар  фаолликларини намойиш этишди.     

Дилором ЭСОНОВА.

O‘zLiDeP Cирдарё

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    1888
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+