O‘zLiDeP депутати: "Талабалар турар жойлари етарлими?"

11.10.2019, 09:55

O‘zLiDeP депутати:

Сўнгги уч йилда қабул квоталарининг оширилгани натижасида олий таълим муассасаларидаги талабалар сони деярли икки баробарга кўпайди. Бироқ талабалар контингентининг ортиши билан пайдо бўладиган янги вазифалар, жумладан, олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш, кенгайтириш, уларнинг қувватини ошириш, юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш каби муҳим вазифалар борасида ҳам олиб борилаётган ишларни қониқарли деб бўлмайди.

Айниқса, талабалар турар жойлари сонини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳозирги замон талабларига жавоб бермайди.

Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги 93 та маҳаллий ва 20 та хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларининг 81 тасида жами 49188 ўринли 189 та талабалар турар жойи мавжуд, холос. Улардаги талабалар учун яратилган шарт-шароитларни ҳам қониқарли, деб айтиб бўлмайди. Уларнинг бир қанчаси капитал таъмирга муҳтож бўлса, яна бир нечтасида турли хил тўгараклар, кутубхоналар ва маънавият хоналарини ташкил этиш ишлари суст йўлга қўйилган.

Аммо талабларга жавоб бермайдиган, етарли шароит яратилмаган талабалар турар жойидан бошпана топган ёшлар ўзини омадли деб ҳисоблаши мумкин. Чунки, ўрганишлар натижасига кўра, бугунги кунда 56 мингга яқин талабада талабалар турар жойига эҳтиёж мавжуд. Шунингдек, 85 мингга яқин талаба ижара хонадонларида яшамоқда. Айниқса, Тошкент шаҳрида ижарада яшаётган талабалар ҳар ойда 150 мингдан 400 минг сўмгача ижара учун пул тўлаб яшаётгани, уларнинг аксарияти учун, оилалари учун оғир қийинчиликлар келтириб чиқармоқда.

Маълумотларга кўра, 2019-2020 йиллар манзилли рўйхатига киритилган қурилиш ишлари доирасида 2400 ўринли янги талабалар турар жойлари қурилиши режалаштирилган. Бироқ юқорида келтирилган талабалар турар жойларига бўлган эҳтиёж ҳақидаги маълумотларни ҳамда келгуси ўн йилда олий таълим муассасалари учун қабул квотасини мактаб битирувчилар сонига нисбатан 50 фоизгача ошириш вазифаси белгиланганини (у ҳолда жами талабалар сони ҳозиргидан 3-4 баробарга ортади) инобатга оладиган бўлсак, ишларнинг шу суръатда давом этишида талабалар турар жойига бўлган эҳтиёжни 50 йилда ҳам қоплаб бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, қабул квоталарининг оширилишига мос равишда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш, кенгайтириш, уларнинг қувватини ошириш, юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш, илмий салоҳиятни юксалтириш каби мақсадлар учун етарли маблағлар ажратилиши билан бирга, давлат хусусий шериклиги асосида талабалар турар жойлари қурилиш ишларини йўлга қўйиш ва рағбатлантириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Абдурашид АБДУҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O'zLiDeP

фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    969
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+