Салкам икки йиллик муаммо: Узунда қурилган янги бозорга қачон йўл очилади?

11.10.2019, 15:25

Салкам икки йиллик муаммо:  Узунда қурилган янги бозорга қачон йўл очилади?

2018 йилда Сурхондарё вилояти Узун туманининг марказида жойлашган бозор бузилгач, 80 дан ортиқ тадбиркорлар жойсиз сарсон-саргардонликда қолишган эди. Чунки эски бозор Обизаранг дарёсининг муҳофаза зонасида жойлашган эди.

Шундан сўнг, бозор ўрнининг катта қисми бошқа бир тадбиркорга берилиб, у ерда ресторан ва ёзги павильон қад ростлади. Тадбиркор Алижон Аминовнинг айтишича, қад кўтарилаётган ресторан Обизаранг дарёсининг муҳофаза зонаси ҳудуди учун жой қолдирилиб, кейин қурилаяпти.

Жойсиз, дўконсиз қолган тадбиркорлар учун эса туманнинг бошқа бир ҳудудида замонавий деҳқон ҳамда буюм бозорлари қуриб битказилган. Энг қизиғи, янги дўконларни қуришда тадбиркорлар ўз ҳисобидан маблағ сарфлашган бўлса-да, тадбиркорларнинг аксарият қисми у ерга боришмаган. Ҳалигача янги бозордаги 170 та дўконнинг эшиги қулфланган ҳолатда турибди. Чунки у ерга аҳоли бормагани сабабли тадбиркорларнинг ҳам савдо-сотиғи ўлган.

Унда муаммо нимада?

Маълумки, Узун тумани марказидан темир йўл ўтган. Эски бозор Термиз – Душанбе темир йўлининг ёқасида, ўнғай жойда жойлашган эди. Янги бозор эса темир йўлнинг нариги бетида. У ерга одамлар темир йўл устидан ўтган кўприк орқали 800 метр масофа пиёда йўл юриб боришлари, автомобиллар эса темир йўлни айланиб 5 километр масофани босиб ўтиб боришлари мумкин. Йўлнинг ўнғайсизлиги сабабли туман аҳолисининг асосий қисми янги бозорга боришмайди. Натижада эса савдо-сотиқ ҳам бўлмайди. Тадбиркорлар эски бозорнинг бузилган қисмида ёйма ҳолда, айримлари эски бозор аторофидаги дўконларни ижарага олган ҳолда амаллаб кун кўришяпти.

Муаммога барҳам бериш учун эса кунига икки марта поезд ўтадиган темир йўл перезди очилиши ва у ерда шлагбаумлар ўрнатилиши лозим. Ва шу орқали янги бозорга аҳоли учун қулай янги йўл очилиши керак. Афсуски, бу ҳолат бўйича оммавий ахборот воситаларида ҳам чиқишлар қилинди, бундан туман ҳамда вилоят мутасаддилари ҳам хабардор бўлишса-да ҳеч қандай ўзгариш йўқ.

Бугун кўпчилик ёшларимиз, оила бошлиғи саналмиш эркакларимизнинг чет элга ишлаш учун кетаётгани ҳақида ачиниб, куюниб гапирамиз. Аммо мана шу каби жиддий муаммолар яна неча-неча фарзандларимизнинг, қолаверса, тадбиркорларимизнинг ишсиз қолишига сабаб бўлаяпти. Энди айтингчи, савдо-сотиғи ўлган тадбиркор одамларни ишли қилиш тугул рўзғорини ҳам бутлай олмай, жонсарак бўлмайдими? Ахир қачонгача шу тарзда беэътибор  яшаймиз? Агар муаммо ижобий ечим топса, 1000 га яқин иш ўрни очилади. Бу шунча кишининг “қора қозони қайнайди” дегани.  

Бу масала бўйича вилоятимизга ташриф буюрган Бош вазир А.Ариповга суҳбат жараёнида тўғридан-тўғри оғзаки мурожаат қилган эдим. Бош вазиримиз шу жойнинг ўзида мутасадди ташкилот раҳбарларига муаммони бартараф этиш борасида топшириқ бердилар. Шундан сўнг, мутахассислар келиб, муаммони ўрганиб ҳам кетди. Мана бир ойдан ошди ҳамки, на хат-хабар бор, на бир жавоб. Ёки танаси бошқа дард билмас деганлари шумикан?

Қурбон ШУКУРОВ,

Узун тумани 34-сайлов

округидан сайланган

OzLiDeP Сурхондарё

вилоят кенгаши депутати

  • Кўрилди
    2000
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Xurshid2019-11-18 10:48:10

Ushbu maqolada aytilgan deputadning fikrlari mutlaqo to'g'ri. Afsuski Uzun tumanida iqtisodiy rivojlanish juda susayib ketdi. Men xozirgi kunda Uzun tumanini iqtisodiy va kompleks rivojlantirish bo'yicha katta bir loyiha ustida ishlayapman. Hudo hohlasa ushbu loyihani yaqin kunlarda xurmatli prezidentimiz SH.M.Mirziyoyevga yo'llayman. Umid qilaman ushbu loyiham albatta tasdiqdan o'tadi degan umiddaman.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+