Оқёрликлар муаммоси... яна 20 йил ўтиши керакми?

11.10.2019, 16:45

Оқёрликлар муаммоси... яна 20 йил ўтиши керакми?

Бундан 20 йил аввал “Ёшлар” телеканалининг “Давр” информацион дастури орқали Андижон вилояти Андижон тумани “Оқёр” маҳалласининг энг долзарб муаммоси кўтариб чиқилган эди. Ичимлик суви танқислиги масаласи орадан шунча муддат ўтса ҳамки, “пўпанак” босиб ётибди...

Оқёр кўчаси эски, тарихий жойлардан саналади. Илгари атрофи кенг, очиқ далалар шу кенгликка янада салобат бахш этиб турарди. Аввалига Энгельс номли совхоз, кейинчалик Чўлпон агрофирмасига қарашли ерлар одамларга уй-жойлар учун ажратилдию бу кенг майдонлар гулзорга айланди. Маҳалла кенгайди, замонавий тураржойлар барпо этилди. Оқёр ниҳоят “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинига айлантирилди.

Кўчанинг ҳар икки тарафини бугун янги уйлар, замонавий бинолар эгаллаган. Аммо шу кўчанинг ўзи ҳамон эскилигича қолаётгани ачинарли. Ён тарафдаги янги кўчаларда барча қулайликлар муҳайё, табиий газ, тоза ичимлик суви дегандек. Бироқ “етим” кўчада на тоза ичимлик суви, на табиий газ бор...

Афсусланарлиси, тайёр асфальт бир маҳаллар Оқёр саноат коллежига сув тармоғи тортиш баҳонаси билан кавланган, айримларнинг иши битгач, асфальт ўйдим-чуқурлигича қолаверган. Ҳозиргача “Тайёр йўлни буздим, одамлар қийналяпти, тузатиб берай” дейдиган мард топилмаганига нима дейсиз? Йўл-ку майли-я, кўча аҳлининг ўзлари шағал ташлаб, чуқурларни тўлдириб юргани яхшими? Аммо мана неча йилларки, ёз ойларида аҳоли тоза ичимлик суви танқислигидан азият чекади. На ариқда, на водопровод жўмрагида қилт этган сув бор. Кўчанинг энг паст жойида жойлашган бир-иккита хонадонда томчилаб тушадиган водопровод жўмрагига навбатда турганларни кўриб, наҳот, шундай замондаям сув тақчил бўлса, дея раҳмингиз келади. Одамлар экинларини қўлбола “качалка”нинг суви билан суғоради, томорқаларни қум босиб ётибди...

Энди юқоридаги маълумотга қайтсак. Ўшанда экран орқали муаммо кўтариб чиқилгач, мутасаддилар бир қадар уйғонгандай бўлишганди. “Бажарамиз” дейилган ваъданинг натижаси фақатгина тармоқ тортилиш билан якунланди. Шу билан барча ишлар тақа-тақ тўхтади. Ҳанузгача босим йўқлиги сабабли бу ерга сув етиб келмайди. Демак, муаммо унутилган...

Оқёрликларнинг куюнганича бор. Ҳатто кўчадаги Йўлчиариқ анҳори ҳам қақраб ётибди. Бир вақтлар лиммо-лим бўлиб кўзни қувнатган, дилларни яйратган, томорқаларга оби ҳаёт бахшида этган анҳордан бугун кичик бир ариқча қолган, холос. Анҳорнинг боши Тожик маҳаллага боради. Маҳалла аҳли анҳор устига уйлар қурган, айримлари ариқни ҳовлиси ичига қўшиб олган. Оқибат эса маълум: ариқнинг йўналиши йўқолиб, умуман сув тўхтаган. Айни вақтда ариқнинг ҳолати кўнгилни хира қилади: ҳаммомга пайнов, турли оқава сувларни оқизадиган ҳандақ вазифасини ўтаётган Йўлчиариқнинг номи қолди фақат.

Муаммонинг илдизи қаерда? Саволга жавоб излаб овора бўлманг. Маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари, туман мутасаддилари турли баҳоналарни рўкач қилишлари аниқ. Қизиғ-а, атрофдаги кўчалар ободонлаштирилаётганда бу ҳудуд назардан четда қолиб кетаётир.

Қуруқ ваъда оғиз йиртар, дейдилар. Бугун одамларга ваъдабозлик эмас, натижа керак, ҳурматли Андижон тумани мутасаддилари! Бу ечилмас муаммога жавоб топиш учун яна 20 йил кутиш керакми?!

Зилола РАҲМОНОВА,

O‘zLiDeP фаоли,

“XXI asr” мухбири

  • Кўрилди
    961
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+