Депутатликка номзод танлашда адашмайлик

11.10.2019, 18:11

Депутатликка номзод танлашда адашмайлик

Депутат халқ томонидан сайланган, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда масъул шахс ҳисобланади. У берилган ваколатлардан самарали фойдаланиши, номзодини кўрсатган партиянинг дастурий мақсадлари ва сайловолди платформасида белгиланган вазифаларнинг муваффақиятли бажарилишига кўмаклашиши, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини чуқур англаши керак.

Бунинг учун мунтазам равишда ўз устида ишлаши, ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий билимларини муттасил ошириб бориши шарт.

Эътироф этмоқ лозим, зиммасидаги масъулиятни теран анг­лаган, партия ғояларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилаётган, одамларнинг ташвишларини ўз дарди деб билиб, уларни бартараф этиш учун курашаётган депутатларимиз талайгина. Ўшалар борки, депутатлик гуруҳлари ишлаб турибди. Аммо улар вилоят, туман ва шаҳарлар кесимида бармоқ билан санарли-да. Жамият ҳаётидан четда юриб, шахсий манфаатлари билан ўралашиб қолган депутатларнинг фаолиятсизлиги эса одамларда кенгашлару сиёсий партияларга нисбатан ишончсизлик уйғотиши табиий. Депутатлар орасида айни пайтда жадал ўзгаришлардан мутлақо бехабарлари ҳам бор. Агар шундай депутатнинг фаолиятсизлиги, билимсизлиги ҳақида уни номзод этиб кўрсатган партия кенгаши раҳбарига айтсангиз, сизни ғийбатчи ва туҳматчига чиқаради. “Депутат”ни эса сиёсий етук инсон деб таърифлайди.

Барча партия кенгашлари раҳбарлари сайловда ғалаба қозониб, кўпроқ депутатга эга бўлишни орзу қилишади. Депутати қанча кўп бўлса, ўша партия шунча кучли ҳисобланиши боис сиёсий етук инсонларни эмас, балки бир амаллаб депутатликни қўлга киритиш истагида юрган “бўйни йўғон”ларни номзод қилиб кўрсатишади. Агар ижтимоий сўров ўтказилса, сайловчиларнинг асосий қисми ўз депутатининг номини айтиб беролмайди. Сабаби, деярли кўрмаган. Аччиқ ҳақиқат шуки, биз депутатликка номзодлар танлашда адашяпмиз.

Депутатлар ўз сиёсий партия­си нашрини ўқимайди десангиз, обуна мажбурий эмас деган жавобни оласиз. Обуна мажбурий бўлган даврларда ҳам депутатларнинг эллик фоизи партия газеталарига обуна бўлмаган. Чунки улар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ. Сиёсий саводи ҳаминқадар.

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида маҳаллий ҳокимият органларининг ваколат ва масъулиятини қайта кўриб чиқиш, мустақиллигини янада ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланиб, халқ депутатлари кенгашлари раислари бўлган баъзи ҳокимларнинг ҳудудларни ривожлантиришга оид масалаларни ҳал этишда салоҳияти ва ташаб­бускорлиги етишмаётгани танқид қилинганди. Асосийси, кейинги сайловдан сўнг ҳокимлар халқ депутатлари кенгаши раиси лавозимида фаолият олиб бормаслигига урғу берилган эди.

Хўш, халқ депутатлари туман кенгаши раисларини ким танлайди? Агар уларни ҳокимлар танлайдиган бўлса, ҳеч нарса ўзгармайди. Ҳокимлар ўзларига мойил кишиларни кенгаш раиси этиб сайлатишади ва билганларидан қолишмайди. Чунки шундай кенгаш раиси ҳоким нима деса сўзсиз бажаради-да. Хушомадгўйлардан ҳеч қачон кенгаш раиси чиқмайди.

Олдимизда жиддий синов турибди. Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар эртанги кунимизни, нурли келажагимизни белгилаб берар экан, бу жараёнга пухта ҳозирлик кўрган ҳолда, шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлашимиз керак. Сайловга тайёргарлик номзод танлашдан бошланади. Биз депутатликка номзод этиб миллат бахти, юрт фаровонлиги йўлида астойдил меҳнат қиладиган кишиларни кўрсатишимиз керак. Бунинг учун махсус комиссия ташкил этилиб, номзодлар бирма-бир суҳбатдан ўтказилиб, билим ва дунёқараши, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни қай даража билиши ва дахлдорлиги аниқланиши керак. Умрида бирор фикрни эплаб айтолмайдиган, ўз қобиғига ўралиб қолган, халқ дарди билан иши йўқ номзодлар суҳбатдан ўтказилмаслиги лозим. Синов комиссияси адолатли бўлиши ва муносиб номзодларни саралаб бериши шарт. Фаол, ташаббускор, жонкуяр, элсевар, юртпарвар кишиларни депутат этиб сайласак, мамлакатимизда ислоҳотлар бардавомлиги, халқнинг бахтли ва фаровон ҳаёти таъминланади.

Маҳмадали ҚУЛБУЛОВ,

Халқ депутатлари Яккабоғ

туман Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    2313
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Bunyod 2019-11-21 15:00:20

salom bir savolim bor edi, nomzod deputatlarga qanday vakolat, qanaqa huquqlar vf daxlsizliklar bormi shu savolim to'g'ri bo'lsa iltimos javob bersangiz. oldindan raxmat


Насридинов Баходир Анварович2019-10-14 15:01:13

Янги бўлажак депутатлардан халқнинг умиди катта. Хамма жойлардаги масуллар хам сиз каби ўйлашса, халқ дардига масулият билан қарашса қанийди Демакратик давлатимизда шаффофлик таминланарди


Насридинов Баходир Анварович2019-10-14 14:54:51

Ассалом алайкум мен Фарғона вилояти Данғара тумани ЎзЛДП 11 сайлов округидан туман кенгашига номзод бўламан юқоридаги депутатимиз фикрларига қўшиламан хали хамон хокимлар хал қилишяпти !!! Мумкин бўлса телефон орқали боғлансак яхши бўларди ЎЗЛЕДП нинг Республика кенгаши билан


To'lqin Homidov2019-10-12 20:09:55

Xuddi shunday holat bugun Samarqand viloyati Oqdaryo tumanida kuzatilayapti, ya'ni O'zLiDeP tuman Kengashi raisi deputatlikka nomzodlarni ruyxatini tuman hokimiga tasdiqlash uchun kiritib yuribdi. 2017 yil 17 nafar deputat chaqirib olingan bo'lib shularning birini o'rniga men deputat bo'lib saylanganman, vaholanki, mendan oldingi deputatning faoliyati qoniqarsiz bo'lganligi sababli chaqirib olingan bo'lsa-da yana kengash raisining tashabbusi bilan o'sha kishini nomzodi ko'rsatilish arafasida. Meni faoliyatim bo'yicha xalqni dardini yuqoriga olib chiqaverganligim sababli hokimiyat va mansabdor shaxslarga yoqmay qolibman.


Aziz2019-10-11 18:36:37

Депутатликка номзодни ким кўрсатади ўзи


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+