O‘zLiDePнинг навбатдаги оммабоп тарғибот тадбири Хоразмда ташкил этилди

11.10.2019, 19:32

O‘zLiDePнинг навбатдаги оммабоп тарғибот тадбири Хоразмда ташкил этилди

Бу йилги сайлов компаниясига “Янги Ўзбекистон, янги сайлов” шиори остида старт берилиб, илк бора мамлакатимизда сайловлар янги Сайлов Кодекси асосида ўтказилмоқда.

Маълумки, сайлов бу, энг аввало, халқимизнинг давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ўз вакиллари орқали иштирок этишдек Конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш ҳамда мамлакатимиздаги демократик жараёнларнинг ёрқин кўзгусидир.

Айни пайтда ана шундай муҳим кампанияда фаол иштирок этиб, ғалаба қозониш Ўзбекистон Либерал-демократик демократик партиясининг асосий вазифасига айланди. Шу мақсадда жойларда O‘zLiDePнинг сайловолди оммавий тарғибот тадбирлари янгича фарматда ташкил этилаётгани партиянинг аҳоли ичига янада яқинроқ кириб боришида, халқ билан ҳамнафас бўлиб иш юритишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хоразмнинг Урганч шаҳридаги “Авесто” мажмуасида ўтказилган “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” номли оммавий тарғибот тадбирида кўтаринки кайфият ҳукмронлик қилди.

Карнай-сурнай садолари остида воҳадаги маслакдошларини чақириққа ундаш билан бошланган тадбир партия вакиллари, тадбиркору спортчиларнинг партия ҳақидаги илиқ фикрларини билдириши, фуқароларни ҳам партиянинг мақсад ва вазифаларини қўллаб-қувватлашга даъват этиш билан бошланди. Партия вилоят Кенгаши раиси Ислом Файзуллаев ва бошқа партия вакиллари сўзга чиқиб, партия бугунги кунда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида иш олиб бораётганини ҳамда сайловолди дастури ҳам шу асосда ишлаб чиқилаётганини алоҳида таъкидладилар.

-Бу каби тарғибот тадбирлари аҳолининг айниқса, ёшларнинг онгига янада чуқурроқ кириб боришга, халқ билан бирга бўлишга ундайди.  Партиянинг сайловолди дастурларини оммабоп тадбирлар орқали тарғиб қилиб бориляпти, халқнинг ҳам фикрлари инобатга олиняпти, - дейди партия фаоли Наргиза Рахимова. 

Тарғибот тадбирида иштирок этган турли соҳа вакиллари, ёшлар, партиянинг қўллаб-қувватлаши билан ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган юзлаб ёшлар, тадбиркорлар, фермерлар O‘zLiDePнинг амалий ишлар партияси эканлигини бир овоздан эътироф этишди. Майдон узра янграган ҳайқириқлар, олқишлар, одамларнинг кўзида ёниб турган қувонч ва ишонч учқунлари партиянинг сафи тобора кенгайиб бораётгани ҳамда халқ ишончига кириб борганининг яна бир ёрқин ифодасидир. 

Айтиш жойизки, “Авесто” мажмуасида ўтказилган тарғибот тадбирига нафақат партия фаоллари,  балки, ижтимоий тармоқлар, турли акциялар орқали хабардор бўлган фуқаролар ҳам ташриф буюриб, мароқли ҳордиқ олдилар.  

-Мен кеча Урганч буюм бозори олдида ўтказилган акцияда қатнашиб бугунги концертга таклифномани қўлга киритган эдим. Бугун мана оила аъзоларимиз билан бирга келдик. Бизга байрам жудаям ёқди. O‘zLiDeP сайловларга бошқача ёндашувда кириб келаяпти. Ўзим ҳеч бир партияга аъзо бўлмасам ҳам партияларнинг фаолиятини кузатиб бораман, O‘zLiDePнинг йўналишлари, ғоялари менга ёқади. Бўлажак сайловларда партияни қўллаб-қувватлаймиз,- дейди фуқаро Акмал Ўразметов.

Айниқса, хоразмча янграган шўх куй-қўшиқлар йиғилганлар кайфиятига кайфият қўшиб, тадбирнинг янада файзли ўтишини таъминлади.

-Биз Ҳазорасп туманидаги “UzAuto motors” АЖ Хоразм вилоят филиали қошидаги бошланғич партия ташкилоти аъзолари ҳам партиямизнинг сайловолди тарғибот тадбирида фаол иштирок этаяпмиз. Бугунги байрам дастури бизга жуда ёқди. Бизнинг корхонамизда 2000 нафарга яқин ишчи-ходимларимиз бор. Шундан 900 нафардан ортиғи партия сафида бирлашган. Бўлажак сайловларда биз жамоамиз билан O‘zLiDePни қўллаб-қувватлаймиз, - дейди партия фаоли Зокир Маткаримов. 

-Мен Туркманистонликман. Урганч Давлат Университетида таҳсил оламан. Ўзбекистондаги ислоҳатларни, сиёсий жараёнларни бевосита кузатиб бораман.  O‘zLiDeP партиялар ичида энг фаол сиёсий кучга эга эканлигига амин бўлдим. Бугунги байрам тадбирига курсдошларимиз билан келдик. Бизга бу партиянинг ғоялари ёқди. Сайловларда омад тилайман, - дейди туркманистонлик талаба Хидирбой Қурбондурдиев.

Бу каби сайловолди, ҳар қандай расмиятчиликдан ҳоли, эркин муҳитда ўтаётган оммавий тадбирлар воҳанинг барча туман, шаҳарларида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    1430
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+