“Банклар пулимизни бермаяпти” – Аҳолига чорва моллари тарқатган тадбиркор банкротлик ёқасида

14.10.2019, 17:03

“Банклар пулимизни бермаяпти” – Аҳолига чорва моллари тарқатган тадбиркор банкротлик ёқасида

Қашқадарё вилояти Ғузор тумани “Қудуқ” қишлоғида яшовчи тадбиркор Ҳамза Тоштемиров Президентимизнинг “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурида белгилаб берилган вазифалар асосида банк кредитлари ҳисобига аҳолига чорва моллари тарқатган.

Масалан, жорий йилнинг 10 ва 28 май кунлари “Агробанк” орқали 44 нафар фуқарога, “Миллий банк” орқали 33 нафар ва бошқа банклар орқали 10 нафардан зиёд фуқарога мол берган. Аммо ушбу чорва моллари учун у ҳамон мазкур банклардан пул олганича йўқ.

“Фермер хўжалигим кўп тармоқли эди. 100 нафарга яқин тадбиркор ва аҳоли билан ишлардим. Усталар, молга қаровчи ва боқувчилар, деҳқончилик ва савдо. Ҳозир ҳаммаси тўхтаб қолди. Тадбиркорликнинг барча йўналишлари бўйича инқирозга келиб қолдим. Фермаларим ҳам банкротликка учради. Банклар эса пулимизни бермаяпти”, – дейди Ҳ.Тоштемиров.  

Тадбиркорнинг қўшимча қилишича, у шу кунга қадар 300 нафарга яқин фуқарога қорамол берган. Шулардан 200 нафарининг пулини олган, қолган 100 нафарининг пуллари эса “ресурс йўқ”лиги сабаб берилмаган. Натижада 200 нафар ишчи-ходимлардан 196 нафари ишсиз қолган.

Маълум бўлишича, тадбиркор бу ҳолат бўйича тегишли ташкилотларга мурожаат қилган. Аммо орадан шунча вақт ўтса-да бирорта жўяли жавоб ёки натижа бўлмаган. “Отангга бор, онангга бор” деган гап-сўзлардан чарчаган тадбиркор охир-оқибат бу масалада O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгашидан кўмак сўраган. Партия вакиллари эса муаммони атрофлича ўрганиб, ечими бўйича тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборган.

Ўйлаймизки мутасаддилар бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, муаммога ижобий ечим топишади. Биз эса бу мавзуга яна қайтамиз.

Тўлқин ТУРДИЕВ,

 O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1484
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+