Ғоялар турлича, мақсад муштарак

15.10.2019, 09:11

Ғоялар турлича, мақсад муштарак
Бухоро туманидаги фавворалар майдонида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Биргаликда биз кучмиз!” шиори остида тадбир ўтказилди.
 
Депутатлар, партия фаоллари, адабиёт, спорт, маданият соҳаси вакиллари, тадбиркор ва фермерлар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда жорий йил декабрь ойида ўтказиладиган сайловлар бутунлай янгича муҳитда, янгича ҳуқуқий шароитда ташкил этилиши таъкидланди. Бу сиёсий жараёнга ЎзЛиДеп ҳам жиддий тайёргарлик кўраётгани, партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланаётган асосий ғоя ва вазифалар ҳақида маълумот берилди.
 
Таъкидлаш жоизки, янги Сайлов кодекси сайловнинг қонунийлик, шаффофлик, очиқлик шароитида ўтишига хизмат қилади. Шу боис ушбу сиёсий жараён олдидан партиянинг Сайловолди дастури, сиёсий платформаси ишлаб чиқилиб, янги ғоялар ўртага ташланмоқда. Бу галги сайловда партия “Давлат ҳам, ислоҳотлар ҳам аввало инсонга хизмат қилиш керак”, деган ғояни илгари сурмоқда. Дастурни эса кабинетда ўтириб эмас, партия фаоллари, оддий одамлар билан бамаслаҳат ёзишга эътибор қаратилгани муҳим аҳамиятга эга.
 
Партия ўз дастурида қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк ҳуқуқи ва кафолатларининг ишончли ҳимояланишини таъминлаш, тадбиркорлик ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни олиб ташлаш, “Бизнесни юритиш”, глобал рақобатбардошлик, инновациялар, саноатнинг рақобатбардошлиги индекслари бўйича дунёнинг етакчи 50 та мамлакати қаторидан Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, етакчи халқаро ва хорижий молия институтлари билан алоқаларни кенгайтиришнинг истиқболларига қаратилган аниқ вазифаларни қамраб олган.
 
– Ҳаммага маълумки, бу йилги сайловлар қабул қилинган “Сайлов тўғрисида” кодекс асосида ўтказилади, – дейди партия Бухоро тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Саттор Бафоев.– Мазкур кодексда сайловларнинг шаффоф, очиқ ва ошкора ўтиши белгилаб қўйилган. Партиямиз томонидан ҳам бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Шу билан бирга жойларда депутатлар, партиямиз лидерлари ҳамда тарғибот гуруҳлари аъзолари иштирокида давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ҳамда очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Бугунги тадбир ҳам ана шу ишларнинг узвий давомидир.
 
Тадбирда таниқли санъаткорларнинг чиқишлари йиғилганларга хуш кайфият улашди.
 
Зариф КОМИЛОВ
Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    1007
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+