“Файзиобод”даги йўлларнинг бугунги аҳволи ҳеч кимни қизиқтирмайдими?

17.10.2019, 16:42

 “Файзиобод”даги йўлларнинг бугунги аҳволи  ҳеч кимни қизиқтирмайдими?

Асака тумани “Файзиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ фуқаролардан халқ депутатлари туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Б.Аҳмедов номига мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда маҳалла ҳудудидаги кўчаларга 2 йил аввал шағал ётқизилиб, асфальт қилишга тайёрлаб қўйилгани баён қилинган. Шунингдек, “Файзиобод” МФЙ ўрамида 10.5 км йўлга янгитдан асфальт ётқизиш ҳамда 1 км йўлни реконструкция қилиш режалаштирилгани, лекин ҳанузгача таъмирлаш ишлари олиб борилмагани таъкидлаган.

“Бу муаммо бизни кўп йиллардан буён қийнайди. Аммо уни таъмирлаш шу пайтгача ҳеч кимнинг эсига келгани йўқ. Сўнгги уч йилда “Обод қишлоқ” давлат Дастури доирасида туманимиз бўйлаб ҳар бир маҳаллада қанча йўл асфальт қилиниши белгилаб берилганда маҳалла аҳли “ниҳоят бизни йўлимизни ҳам таъмирлаб беришади” деб хурсанд бўлган эди. Афсуски, орзуларимиз ушалмади, аҳвол ўша-ўша”, – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Туман аҳолисининг катта қисми туман марказига чиқиш учун шу йўлдан фойдаланиши бу йўлни таъмирлашни кечиктириб бўлмаслигини англатади. Аммо негадир йўлсозлар буларни инобатга олмаяпти.

Шу ўринда бир савол туғилади. Хўш, йўлсозларнинг бундай масъулиятсиз фаолият олиб боришларини ким назорат қилади? Туманнинг кўпчилик аҳолиси фойдаланадиган йўл жаҳон андозасида бўлмаса-да, мундайроқ бўлса ҳам, қачон таъмирланади? Наҳотки арзимаган шу йўлни таъмирлаб қўйиш шунча қийин бўлса?

 “Файзиобод”ликларнинг айтишича, бу ҳолат бўйича фуқаролар кўп маротаба туман ҳокимлиги ва туман йўлсозлари, йўл таъмирлаш бошқармаларига мурожаат қилган. Лекин мутасаддилар “кейинги йил давлат Дастурига киритганмиз, бироз кутинглар” дейишдан нарига ўтишмаган. Натижа бўлмагач, фуқаролар бу масалада O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Б.Аҳмедовга мурожаат қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан халқ вакили Б.Аҳмедов муаммони жойига бориб ўрганади.

“Маълум бўлишича, икки йилдан буён аҳвол шу экан. Йўлнинг аксарият қисми ковлаб ташланган. Маҳаллада юришнинг имкони йўқ. Очиғи, мурожаатни ўрганар эканмиз, унда баён қилинган йўлнинг аҳволи ҳақиқатдан ҳам хароб эканига гувоҳ бўлдик” – дейди депутат Б. Аҳмедов.  

Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Б.Аҳмедов ушбу муаммо юзасидан вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси раҳбарига 17 сентябрь ва 7 октябрда икки маротаба депутатлик сўрови жўнатилишига қарамасдан ҳали-ҳанузгача аниқ бир жавоб берилмаган.

Биз ушбу йўл таъмирланиши масалаласида Асака тумани йўлсозларидан ва вилоят йўл таъмирлаш бошқармасидан жавоб кутиб қоламиз.

     Мафтуна  ЖАЛОЛДИНОВА,

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    1906
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+