Халқаро ҳамкорлик йўлида янги қадам

18.10.2019, 09:37

Халқаро ҳамкорлик йўлида янги қадам

Кейинги уч йил ичида мустақил Ўзбекистон ташқи сиёсати борасида сифат жиҳатидан янги ва салмоқли ишлар амалга оширилганини фахр билан эътироф этиш ўринлидир. Мамлакатимиз етакчи хорижий давлатлар, аввало, яқин қўшниларимиз билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича аниқ натижаларга эришди. Бўлиб ўтган кўплаб олий даражадаги ташриф ва учрашувлар, қатор долзарб муаммоларни ечимини топишга қаратилган янги шартнома ҳамда келишувлар принципиал жиҳатдан янги мазмундаги ҳамкорлик учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ҳамкорлиги кенгашининг 7-саммитидаги иштироки туркий дунё ҳамжамиятида мамлакатимизнинг муносиб ўрин эгаллашида тарихий қадам бўлди. Ўзбекистоннинг ушбу муҳим халқаро тузилмага аъзо бўлиши мустаҳкам тарихий алоқалар, тил, маданият ва маънавий қадриятлар муштараклигига асосланган туркий давлатларнинг самарали ҳамкорлигида янги даврни бошлаб берди.

Ўзбекистон мустақиллик йилларида катта туркий оиланинг узвий бўлаги сифатида туркий тилли давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратиб келган. 1996 йил 21 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган туркий тилли давлатлар раҳбарларининг тўртинчи учрашуви ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим даврни бошлаб берган эди.

Давлатимиз раҳбари туркий давлатлар ҳамкорлиги кенгашининг 7-саммитидаги нутқида алоҳида таъкидлаганидек “бугунимиз ва келажагимиз истиқболини белгилар эканмиз, биз, шубҳасиз, халқларимизнинг маънавий-ахлоқий қадриятлари, бой тарихи ва маданияти, уларнинг кўп асрлик дўстлиги, яхши қўшничилик ва ўзаро англашув анъаналарига таянамиз”.

Маълумки, туркий тилли мамлакатлар халқлари бутун инсониятнинг бойлиги ҳисобланган ўзига хос бебаҳо маданий-тарихий ва маънавий меросга эга. Мамлакатимизда ҳам туркий ва ислом цивилизациясининг тарихий ёдгорликлари, буюк олимлар, шоир ва мутафаккирлар, рассомларнинг мероси асраб-авайланади. Ватанимизнинг бой маданий-тарихий мероси, шубҳасиз, туркий тилли халқларнинг интеграциясида муҳим бир омил бўлиб хизмат қилади.

Ишончимиз комилки, дунёда глобаллашув, беқарорлик ва қарама-қаршилик кучайиб бораётган шароитда Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо бўлиши мамлакатларимизнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги учун янги имкониятлар яратади, халқларимизнинг фаровонлиги, тинчлик ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Ойбек ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    657
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+