O‘zLiDeP ташаббуси билан Инвестиция кодекси ишлаб чиқилади

18.10.2019, 10:33

O‘zLiDeP ташаббуси билан Инвестиция кодекси ишлаб чиқилади

Мамлакаттимизда бугунги кунга қадар қулай инвестиция муҳитини шакллантириш мақсадида иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувни чеклаш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ва соддалаштириш, товарлар (ишлар ва хизматлар)дан эркин фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, ҳудудларда зарур инфратузилмани яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Албатта, эришилган натижалар кўзга кўринарли даражада. Жорий йилнинг 6 ойида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 1,7 млрд. долларни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 мартага ошганлиги барчамизни қувонтиради.

Бироқ, бу борада келажакда амалга оширишимиз лозим бўлган вазифаларимиз жуда кўп. Жумладан, инвестиция билан боғлиқ жараёнларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш, инвестицион лойиҳалар ишлаб чиқиш, ер ажратиш ва бошқа шу кабилар билан боғлиқ ўта муҳим масалаларни хал этишни давр тақозо этмоқда.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими томонидан “Инвестиция Кодексининг мамлакат инвестициявий жозибадорлигини оширишдаги зарурлиги” мавзусида ташкил этилган тадбирда бу ҳақда алоҳида таъкидланди.

O‘zLiDeP фаолларининг айтишича, хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг энг муҳим асоси бу, инвестиция қонунчилиги билан боғлиқ. Таҳлилларга кўра, соҳани тартибга солиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Хорижий инвестициялар тўғрисида”ги, “Хорижий инвесторлар кафолатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, 100 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлардан фойдаланилади.

Тадбирда партия сайловолди дастури лойиҳасининг Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишида ҳам бу борада устувор вазифалар белгилаб олингани таъкидлаб ўтилди. Хусусан, партия қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк ҳуқуқ ва кафолатларининг ишончли ҳимояланишини таъминлаш, тадбиркорлик ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни олиб ташлашнинг истиқболларига қаратилган аниқ вазифаларни қамраб олгани айтиб ўтилди. Зеро, O‘zLiDeP Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибардорлигини ошириш – бу мамлакатнинг жадал ва барқарор ривожланиши, иқтисодиётни рақобатбардошлигининг энг муҳим ва зарур шарти эканига ишонади.

Тадбирда сўз олганларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонга инвестиция киритиш жараёнида шунчалик кўп ҳужжатлар билан ишлаш, уларнинг ҳар бири билан алоҳида танишиб чиқиш, инвестиция ҳуқуқни қўллаш жараёнидаги мураккабликларнинг мавжудлиги инвесторларга маъқул келмаяпти. Шу билан бирга, соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзгарувчанлиги, қонунлардаги ҳаволаки нормаларнинг кўплиги инвестицион муҳитга салбий таъсир кўрсатиб, инвесторларнинг ишончсизлигига сабаб бўлмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, партия инвестиция соҳасидаги муаммоларни баратараф этиш, қулай инвестицион муҳит яратиш орқали ялпи ички маҳсулот ҳажмини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, юқори қўшилган қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида инвестиция жараёни билан боғлиқ амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларни унификация қилиш орқали янги Инвестиция кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш хозирги куннинг долзарб вазифаси деб ҳисоблайди.  Шу мақсадда партия миллий қонунчилигимиз ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда маҳаллий тадбиркорлар ва инвесторлар учун тушунарли бўлган ягона Инвестиция кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғоясини илгари сурмоқда. Зеро, Инвестиция кодекси – Ўзбекистонда инвестиция жараёнини тизимли тартибга солувчи ягона, мукаммал ва инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳужжат бўлиши лозим.

Кодексда қуйидагиларни назарда тутиш таклиф этилади:

-  Давлат инвестиция сиёсатининг муҳим устувор йўналишларини аниқ белгилаш;

- Қулай инвестицион муҳитни шакллантириш учун давлат ва маҳаллий бошқарув органларининг вазифалари ва мажбуриятларини аниқлаштириш;

- Инвестициялар, инвесторлар турлари ва шаклларини аниқ белгилаш, инвестиция киритиш жараёнини ҳисобини юритиш тизимини жорий қилиш;

- Инвестиция лойиҳаларини жойлаштиришда ҳудудларнинг салоҳиятини, хом-ашё, меҳнат ресурсларини ҳисобга олган ҳолда тақсимлаш тамойилига қатъий риоя этиш;

- Инвестиция киритиш жараёнида инвесторларга ер участкалари, бўш бинолар ажратиш, мухандислик-коммуникация тармоқларига уланиши билан боғлиқ масалаларни аниқлаштириш;

- Инвесторларга Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини бериш билан боғлиқ масаларни акс эттириш;

- Маҳсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари мақомини аниқ белгилаш;

- Валюта операцияларидаги устуворлик ва эркинликларни кўзда тутиш;

- Инвестиция киритганлик учун имтиёзларни қўллаш қоидаларини аниқ белгилаш мақсадга мувофиқ.

Тадбир давомида шу ва бошқа масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ишлаб чиқилаётган Инвестиция кодексига зарур таклиф ва тавсиялар берилди.

 Бахтиёр Рухиддинов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси

 бўлим мудири

  • Кўрилди
    2603
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+