Йўллар ҳақида икки оғиз сўз ёҳуд Жиззахдаги муаммоларни ким ҳал қилади?

18.10.2019, 16:30

Йўллар ҳақида икки оғиз сўз ёҳуд Жиззахдаги муаммоларни ким ҳал қилади?

Жиззах шаҳри “Амир Темур” маҳалласи “Асаларичилик” кўчасида яшовчи Ш.Холбоевдан O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Эркин Холматов номига мурожаат келиб тушди.

“Куз-қиш мавсумида маҳалла йўллари ўтиб бўлмас даражага келиб қолади, чунки асфальт қилинмаган. Ёзда эса одамлар чанг-тўзон остида қолади. Қор-ёмғир ёғганида болалар мактабга боришда жуда қийналади, йўлда лойга йиқилиб, мактабга бормасдан уйига қайтиб кетган ҳолатлар ҳам бўлган”, – дейилади ушбу мурожаатда.

Маълум қилинишича, фуқаролар бу масалада тегишли ташкилотларга мурожаат қилган. Аммо бундан ҳеч қанақа ижобий натижа бўлмаган. Аҳолининг айтишича, илгари йўлларнинг ҳолати бироз яхшироқ бўлган. Лекин ўтган йили аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида “Сувоқова” ДУК томонидан йўллар ковланиб, сув қувурлари ўтказилгани туфайли шу аҳволга келиб қолган.

“Кўчамизда қарийб 200 га яқин киши истиқомат қилади. Йўлларнинг ёмонлиги туфайли кўчамизга такси ҳам кирмайди. Манзилни эшитган такси ҳайдовчиси рад қилади ёки кўпроқ йўлкира сўрайди. Тўғрида, бундай расво йўлларда ким ҳам транспорт воситасини бошқаришни истайди?! Чунки, ҳайдовчи лойга ботиб қоладиган бўлса, чиқиб кетолмасликдан қўрқади-да”, – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Ш.Холбоевнинг таъкидлашича, фуқаролар ушбу масала бўйича не-не умидлар билан шаҳар ҳокимлиги, вилоят йўлсозларига  мурожаат қилишган. Натижа бўлмагач, O‘zLiDeP ҳудудий ташкилотидан кўмак сўрашган. Шундан сўнг, партия вилоят Кенгаши раиси Э.Холматов бу муаммо бўйича 01-30/356-сонли хат билан Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари А.Рахмонқуловга мурожаат қилган. Вилоят ҳокимлиги эса ушбу мурожаат Жиззах шаҳар ҳокимлиги томонидан ўрганиб чиқилгани, ўрганиш натижасида шаҳар ҳокимлигининг тегишли ахборотига асосан, шаҳарнинг марказий ва ички йўлларини таъмирлаш ишлари Ободонлаштириш бошқармаси билан келишилган ҳолда 2017-2021 йиллар Йўл ишлари “Истиқболли Манзилли” дастурига киритилгани тўғрисида 03-3672-сонли жавоб хати юборган.

Умид қиламизки, ушбу мурожаат тегишли ваколатли органлар назаридан четда қолмайди ва фуқароларнинг мурожаати ижобий ҳал этилади. Энг муҳими, “Амир Темур” маҳалласи аҳолисининг муаммолари оғиз ва қоғозда эмас, балки амалиётда ҳам ўз ечимини топади.

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    2599
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+