Муаммога ким айбдор?

18.10.2019, 17:55

Муаммога ким айбдор?

Нега Бухородаги ичимлик суви тармоқдан узилди?

Бухоро шаҳридаги 12-Хўжа Ғунжорий маҳалла фуқаролар йиғини “Обод маҳалла” Давлат дастурига киритилган. Унда мазкур маҳалла 2018-2019 йилларда янгича қиёфа касб этиши кўзда тутилган. Бироқ, ўтган давр давомида қилинган ишлардан шу ҳудуд аҳолиси норози.

“72 ёшдаман, — дейди шу маҳаллада яшовчи Саида Каҳорова. — Авваллари мен истиқомат қиладиган хонадон атрофида мевали, манзарали дарахтлар бор эди. Водопроводдан оқадиган ичимлик сувидан муаммо йўқ эди. Энди эса аҳволимиз шу: уйимиз атрофида на дарахт, на водопровод суви бор. Талабимиз: маҳалламизни ҳақиқий маънода обод қилиб беришсин”.

12-Хўжа Ғунжорий МФЙда истиқомат қилувчи Раҳима Саидованинг айтишича, “Маҳаллангиз “Обод маҳалла” Давлат дастурига киритилди,” дейишганда фуқаролар жуда қувонишган. Барча ноқонуний қурилмалар бузилган. Ички йўлларни таъмирлашга киришилган. Лекин ҳаммаси кўнгилдагидек бошланган-у негадир ишлар охирига етказилмай қолган.

“Кладовка”ларимиз бузилди, майли дедик. Бироқ, уларнинг ўрни  ахлатхоналарга айланиб қолди гўё. Ҳаммаёқда ғишт, бетон уюмлари сочилиб ётибди. Ўша жойларда коляска, велосипед сингари нарсалар турарди. Чоғроққина экин еримиз ҳам бор эди. Энди-чи, ҳеч вақойимиз қолмади”, – дейди Р.Саидова.

Маълум бўлишича, “Обод маҳалла” дастури ҳаётга татбиқ этила бошлангач, фуқаролар эътибордан четда қолиб кетаётган ушбу маҳалла ҳам тубдан ўзгаришига умид қилишган. Шундан сўнг, дастур асосида ҳудудда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Аммо...

“Бугун маҳалламизда дастур доирасида ишлашни елкасига олган азаматларнинг сояси ҳам кўринмайди. Йўлларда ёритгичлар йўқ. Айниқса, боғча жойлашган йўлнинг аҳволига маймунлар йиғлайди. Газ турубаларининг ҳолати ҳам ачинарли ҳолатда. Ҳассасига суянган юз ёшли касалманд чолдай баъзўр турибди”, – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.  

Ушбу маҳалла ҳудудида кезарканмиз, қилинган ишларнинг баъзилари учун тасанно айтдим-у, айримларидан умуман кўнглим тўлмади. Айниқса, йўллар таъмири масаласи гарчи қишнинг қировли кунлари эшик қоқаётган бўлса-да ҳамон жавобини кутаётган сўроқ бўлиб турибди.

Муаммони жойига чиқиб ўрганган партия вакиллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари эса бу масалани ўз назоратига олди. Ушбу масала юзасидан Халқ депутатлари Бухоро шаҳар кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Шерзод Махмудов Бухоро шаҳар ҳокимлигининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Ўткир Жумаевга депутатлик сўрови юборди.

Ўйлаймизки, 12-Хўжа Ғунжорий МЙФда “Обод маҳалла” дастури бўйича бошланган хайрли ишлар аро йўлда қолиб кетмайди. Мутасаддилар бу масалага жиддий эътибор қаратиб, кўплаб сонли фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларга ижобий ечим топади. 

O‘zLiDeP эса воқеалар ривожини кузатишда давом этади ва мавзуга яна қайтади.

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1857
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+