Тадбиркорлик соҳаси нега биз кутганимиздек ривожлана олмаяпти? (2-мақола)

20.10.2019, 16:40

Тадбиркорлик соҳаси нега биз кутганимиздек ривожлана олмаяпти? (2-мақола)

Биринчи мақолада қайд этганимиздек, бунинг омиллари кўп, лекин, асосийларидан яна бири эса солиқ соҳасининг беқарорлигидир.

Солиққа тортиш тизими мукаммал бўлмасада, солиқ объектларига солиқ тушуми бўйича прогноз режани бажариш субъектлари деб қаралади. Аслида бу омил тадбиркорлик субъектининг даромад олиши ёки акси билан боғлиқ бўлиши лозим эмасми? Энг тараққий этган давлатларда ҳам шу тамойил амал қилади. Тағин билмадим...

Таҳлилларга таянсак, жами солиқ тушумининг 23 фоизига яқини кичик бизнес субъектлари ҳиссасига тўғри келади. Бир жиҳатдан бу ҳолат ижобийдек фикр уйғотсада, аслида бундай кўрсаткич, асосий ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи йирик тадбиркорлик субъектлари давлат улуши катта бўлган йирик кохоналар улушига тўғри келади дегандир.

Бу эса, ўз-ўзидан хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес лозим даражада ривожланмаганлиги, соҳага ёлғон статистика аралашгани, мавжуд солиқ тизими кичик бизнесни тараққий этишига муносиб туртки бўлмаётганидан далолатдир.
Ваҳоланки, биз кўп такрорлайдиган “қора бозор” руйхатдан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш борасида ҳам айнан кичик бизнеснинг иштироки юқори. 56 фоиздан кўпроқ кичик бизнес субъектлари ўз фаолиятларини белгиланган тартибда руйхатдан ўтмай олиб бормоқда. Сабаб нима? Руйхатдан ўтишни мушкуллигими? Йўқ, (Doing Business 2019) тадбиркорликни руйхатдан ўтказиш бўйича рейтингида 12-ўриндамиз. Шундай экан, бу ҳолатга асос, мукаммал ва айни пайтда содда механизмга таянмаган, пухта ишлаб чиқилмаган ҳамда кичик бизнес легал фаолияти учун мақбул бўлмаган ҳамда нолегал фаолият юритишга омил бўлаётган солиқ ҳамда қисман божхона тизимидир.

Демак, соҳада кейинги йилларда олиб борилган прогрессив ислоҳотларга қарамай анча қолипга тушиб қолган маъмурий солиқ тизими, йирик корхоналар ҳисобидан солиқ режаларини бажариш, тараққий этган давлатлар каби кичик бизнес субъектларини ривожига таъсир этувчи солиққа тортиш механизмидан манфаатдор эмаслик кабилар билан изоҳланади.

Айниқса жорий йил ўз фаолиятини тўхтатган ёки фаолиятини тугатган тадбиркорлик субъектларининг катта қисми солиққа тортиш механизмидаги ўзгаришларга кўника олмади дейиш мумкин. Шунингдек, бу ўзгаришлар ички ва ташқи бозордаги тадбиркорлик субъектларининг товар айрибошлаш жараёнида солиққа тортишнинг ягона объекти ва мақбул божхона тўловлари борасида тушунмовчиликларни келтириб чиқарди.

Яна бир гап, бозорлар ва савдо комплексларини бошқариш, уларни хусусийлаштиришнинг аллақачон мавриди келганлигига қарамасдан давлат назоратида ушлаб турилганлиги ҳам ушбу объектларда легал фаолият юритаётган ЯТТ субъектлари фаолиятида стимул бўлиб хизмат қилмаяпти. Яъни ушбу соҳада нолегал фаолият ёки солиққа тортилмаган фаолият анча юқорилигича қолмоқда. Бу ҳолат легал фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига ортиқча юк бўлмоқда. Албатта, амалда мавжуд ушбу ҳолатлар хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади, деб бўлмайди.

Иқтисодиётда (ЯИМ) расмий статистикада хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг улуши анча юқори эканлигини кўрсатилади. Солиқ улушида эса йирик корхоналар. Мана шу икки бир-бирига мос бўлмаган кўрсаткичнинг ўзиёқ, солиқ тизимида ҳали ечилиши, умуман соҳани тадбиркорга, кенг аҳолига очилиши, шаффофлашиши, инсон омилини имкон қадар чеклаш борасида туб ислоҳотларни талаб этади.

Бу ислоҳотлар солиқ соҳасида маълум тадбиркорлик субъектлари ёки қатлам учун солиқ имтиёзларига асосланмаслиги, барчага тадбиркорларга бирдек имконият яратиш, соғлом рақобатни муҳитини кучайтиришга хизмат қилиши, ички ва ташқи инвестициялар учун тенг очиқ, жозибадор, табақалашган ҳар қандай имтиёз тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлиши тамойилларига асосланиши даркор.
Шу билан бирга қишлоқ хўжалигида банд бўлган тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятида ҳам маъмурий бошқарувдан, солиқни олдиндан ҳисоблаб чиқиш механизмидан бутунлай воз кечиб, шартномавий муносабатлардан келиб чиққан ҳолда амалда солиққа тортиш тамойилига ўтиш, солиққа тортиш механизмини ҳам шунга мувофиқ тарзда қайта кўриб чиқишни тақозо этади.

Нуриддин Муродов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси котибият мудири

  • Кўрилди
    203
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+