Маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси юзасидан парламент назорати кучайтирилмоқда

21.12.2017, 19:19

Маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси юзасидан парламент назорати кучайтирилмоқда

Жорий йилнинг 21 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси O‘zLiDeP фракцияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон Либерал Демократик партияси ҳамда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш соҳасини такомиллаштириш бўйича фаолияти натижаларини муҳокама қилиш мақсадида ушбу вазирликнинг ахбороти эшитилди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда тайёр маҳсулотлар маҳаллийлаштирилиши даражасини ошириш иқтисодиётнинг янада барқарор ва изчил ривожланишида, унинг ташқи омилларга тобелигини пасайтиришда, ишлаб чиқириш жараёнларига янги самарали технологияларнинг татбиқ этилишини жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Айнан шу боис юртимизда маҳаллийлаштириш - саноатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бирига айланган. Соҳани янада ривожлантириш ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни  ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида мамлакатимизда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий асослар яратилган ва у бугунги ривожланиш тамойилларидан келиб чиқиб такомиллаштириб борилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, O‘zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан Сурхондарё, Наманган, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида маҳаллийлаштириш дастурига киритилган қатор корхоналар фаолияти ўрганилиб, жойларда маҳаллий тадбиркорлар билан мулоқотлар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирлиги маҳаллийлаштириш жараёнининг фаол иштирокчиси сифатида мамлакатимиз Президентининг 2016 йил 26 декабрдаги “2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг бажарилиши юзасидан муайян ишларни амалга оширмоқда.

Хусусан, ахборотда келтирилишича, жорий йилнинг 9 ойи давомида 750 та маҳаллийлаштириш лойиҳаси бўйича ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, 5 трлн. 781 млрд.сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва режа 149 фоизга бажарилган. Маҳаллийлаштириш дастури лойиҳаларини амалга ошириш натижасида саноат маҳсулотларининг 150 дан ортиқ янги турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Натижада 351 млн.долл. ҳажмидаги маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг экспорти таъминланган. Яна бир муҳим жиҳат дастур доирасида жорий йилнинг уч чораги давомида 2 169 та янги иш ўринлари ташкил этилган.

Депутатларнинг таъкидлашича, маҳаллийлаштириш дастурларини амалга оширишдаги замонавий ёндашувлар туфайли жараёнларнинг шаффофлиги ва тезкорлиги таъминланмоқда, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш хажми ўсмоқда. Бу ўз навбатида  ички бозорларимизни зарур товарлар билан тўлдириш ҳамда мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, тадбирда депутатлар томонидан соҳанинг янада ривожланишини таъминлаш учун фойдаланилмаган заҳиралар ва имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Жумладан, жойларда маҳаллийлаштириш дастури хусусиятлари, дастур доирасида бериладиган солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференциялар, дастурга киритиш механизмлари ҳақида тадбиркорлик субъектларини кенг хабардор қилиш, тайёр маҳсулотлар сотишни амалга оширишда маркетинг тадбирлари суст ташкил этилаётганлиги, давлат бошқаруви органлари ва тижорат банклари томонидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштирилишда кечикиш ҳолатларининг мавжудлигига эътибор қаратилди.

Шунингдек, доимий равишда маҳсулот ишлаб чиқариш режалари бажарилишини тизимли мониторингини ташкил этиш,  корхоналар дуч келаётган муаммо ва тўсиқларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни ечими бўйича таъсирчан чоралар кўриш масалаларида маҳаллий давлат органларининг масъулиятини ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Конструктив ва амалий руҳда ўтган тадбирда иштирокчилар соҳани янада ривожлантиришга доир фикр-мулоҳазалар билдириб, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга доир таклифлар бердилар. Эшитув якунлари бўйича тегишли қарори қабул қилинди.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1563
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+