Муаммолар қачон ечим топади?

21.10.2019, 17:44

Муаммолар қачон ечим топади?

ёҳуд Узун туман ҳокими қонунни ҳурмат қилмайдими?

Сурхондарё вилояти Узун туманида жойлашган “Меҳрож ШКХ” улгуржи савдо ишлаб чиқариш корхонаси 2002  йилда 6 нафар ишчи-ходим  билан  ўз фаолиятини бошлаган. 2014 йилда эса корхонада 51 та янги иш ўрни  яратилиб, тумандаги  коллеж  битирувчиларидан 44 нафари иш билан таминланган.

Бироқ  2014 йилнинг  май-июнь  ойларида Узун  туманидаги янги Деҳқон ва буюм бозори қурилиши сабабли корхонага қарашли “Н.Рамазанов” кўчасида жойлашган 443 м квадрат майдондан иборат “Савдо гузари” объекти тўлиқ бузиб ташланган. Мазкур “Савдо гузари” у жойлашган жойдан 10-12 метр узоқликда корхона балансидаги ер майдонида қайтадан янги  проект асосида қуриш буюрилган. Шундан сўнг, Узун туман ҳокимининг 02.06.2014 йилдаги 20-сонли огоҳлантириш хати билан такрор ва такрор бузиб,  қайтадан  қуриш  буюрилди. Бу ҳам етмагандек бузилган бино учун ҳеч қандай компенсация тўланмади ва етказилган зарар қопланмади. Ўлганнинг устига тепган қилгандек, тадбиркорнинг розилигисиз ва келишув битимисиз корхона балансида бўлган 700 м. кв. ер майдони туман ҳокимлиги томонидан олиб қўйилган.

 Ҳозирда олиб қўйилган ҳудуднинг ярми янги бозор қурилиши эгаллаган, бўлса, қолган ярми бўш турибти.

“Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги қонуннинг 34-моддасида: “Мулкдорга қарашли уй, бошқа бинолар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилиниши муносабати билан ёки давлат идорасининг мулкдор мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган бошқа қарори муносабати билан мулкдорнинг ҳуқуқини тўхтатиб қўйишга фақат Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибдагина йўл қўйилади. Бунда мулк ҳуқуқи тўхтатилиши оқибатида етказилган зарар мулкдорга батамом тўланади”, деб белгилаб қўйилган. Ёки қонунда Узун туман ҳокимлиги бу қоидани четлаб ўтади, деган жойи борми?

Энг қизиғи, тадбиркор ушбу муаммо юзасидан туман ва вилоят ҳокимлигига, Хўжалик суди, вилоят адлия бошқармасига, Олий  Мажлис Сенати ўринбосари С.Ортиқовага ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош  вазирининг 200-18-18 ишонч телефонига икки маротаба мурожаат қилган. Афсуски, гўёки ҳамманинг қулоғини том битгандай жим-жит. Фақат  мутасадди ташкилот вакиллари онда-сонда мурожаатларни “ёпиш” учун келиб, у-буни тушунтиргандай бўлиб, тушунтириш хатига қўл қўйдириб олиб кетишди.

Наҳот, тадбиркорнинг оҳини ҳеч ким эшитмаса? Қарийб 50 га яқин кишини ишли қилган корхона эътиборсизлик натижасида ёпилиб, банкрот бўлиб кетаверса. Унда одамларнинг ишончи сўнмайдими? Бошқалар бирор бир бизнес билан шуғулланиб, эртага у ҳам шундай адолатсизлик қурбони бўлмаслигига қандай ишонади?

Ушбу ҳолатни жойига чиқиб ўрганган партия вакиллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари масалани ўз назоратига олди. Бу муаммо бўйича халқ депутатлари Узун туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан туман ҳокимлиги ва бошқа тегишли ташкилотларга сўров чиқариладиган бўлди.

Умид қиламизки, Узун туман ҳокимлиги бу масалага алоҳида эътибор қаратади. Тадбиркорларни ўйлантириб келаётган муаммоларга ўз вақтида ечим топади. Биз эса яна мавзуга қайтамиз.

 А.БОҚИЕВ,

Узун тумани 4-сайлов 

округидан сайланган

O‘zLiDeP туман кенгаши депутати

  • Кўрилди
    1335
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Murodbek2019-12-02 12:12:58

O'ZLIDEP saylov oldi tadbirlaridagi jonbozliklari juda zo'r bunga gap bo'lishi mumkin emas. Men faqat yosh tadbirkorlik bilan shug'ullanish maqsadida bo'lgan inson sifatida bitta taklifim bor. Tadbirkorlik bilan endi shug'ullanmoqchi bo'lgan yoshlarga imkoniyatlar berish kerak. Banklar qonun qoidalariga qandaydir o'zgarishlarni taklif qilish kerak. Xozir xamma biznes qilaman degan insonda, pul topaman degan insonda pul bo'lavermaydi va bankga murojat qiladi natijada shunday javob oladi sizga pul berolmaymiz. Garovga mulkchiligingiz bormi? Buni tushunish qiyin emas. Agar mulkchiligi bo'lsa bankga murojat qilmaydiku


Xurshid2019-11-17 13:57:54

O'zi Uzun tumanida umuman tartib yo'q. Hokimlar o'z ishini bilmaydi yoki bilib turib o'z ishini qilmaydi. Bu yerda faqat xalq qiynalyapti.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+