“Обод маҳалла” Давлат дастурига киритилган маҳаллалар нега “обод” бўлмаяпти?

22.10.2019, 17:02

“Обод маҳалла” Давлат дастурига киритилган маҳаллалар нега “обод” бўлмаяпти?

Боғот туманидаги “Маънавият” маҳалласи 2018 йил “Обод маҳалла” Давлат дастурига киритилган бўлиб, дастур доирасидаги ишлар якунланганига қарамасдан маҳаллада истиқомат қилувчи аҳоли кутган натижага эришилмади. Ишлар қўл ичида қилингани сабабли, жуда кўплаб муаммолар  ҳал ҳануз ўз ечимини кутмоқда. 

Ушбу ҳолат юзасидан Халқ депутатлари Боғот туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Маҳмуджон Машарипов муаммони жойига бориб ўрганди.

Маълум бўлишича, маҳалланинг Файзли, Равон йўл, Гулчеҳралар, Зафарли, Сариосиё ҳамда Ёш спортчи кўчаларида тоза ичимлик суви йўқ, бу кўчаларга илгари сув қувурлари ётқизилган бўлса ҳам ичимлик суви етиб бормаган. Маҳалланинг Қалб кўчасида электр энергияси билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлиб, аҳоли оддий ёғоч устунларига электр симлари тортиб фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Тунги ёритиш чироқлари ҳам носоз аҳволда. Қуёшли, Буюк Карвон ҳамда Етакчилар кўчалари йўлларига тош қопламаси ташланмаганлиги натижасида йўллар таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Маҳалланинг шоҳ кўчаси ҳисобланган Ал кимёгар кўчасига ҳозирги кунгача асфальт қопламаси ётқизилмаган.

Партия депутати томонидан мазкур муаммоларни ҳал этиш мақсадида Боғот туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари У.Матякубовга жорий йилнинг 22 август куни депутатлик сўрови орқали мурожаат қилинсада, ҳеч қандай жавоб берилмаган, муаммоларни бартараф этиш бўйича ишлар ҳам бажарилмаган.

Хўш, бу муаммолар қачон ҳал бўлади деган ҳақли савол туғилади. Айрим муаммоларни Давлат Дастурига киритганмиз дея ваъда қилиб келаётган мутасаддилар, Дастурга киритилса ҳам бажарилмаган ишларни қандай изоҳлаш мумкин. Депутатлар мурожаатига, Давлат дастурлари ижросига қачон жиддий ёндашилади? Маҳалла аҳли қачон ҳақиқатдан ҳам обод маҳаллада, ҳаётидан мамнун бўлиб яшайди?

O‘zLiDeP Хоразм вилоят

Кенгаши Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1630
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+