Бағдодлик фермерларнинг айримларида сув танқислиги сабабли боғлари қуриб бормоқда

22.10.2019, 17:08

Бағдодлик фермерларнинг айримларида сув танқислиги сабабли боғлари қуриб бормоқда

Давлат идораларига, раҳбарларга қилинган ҳар қандай мурожаат замирида одамларнинг арз-ҳоллари мужассам бўлади, албатта. Бу мурожаатларнинг эътибор билан тингланиши, ўрганилиши ва алалоқибат муаммоларнинг ҳал этилиши фуқароларнинг мансабдорлардан розилигига сабаб бўлади. Муҳтарам Юртбошимиз ҳам барча даражадаги раҳбарларга айнан мана шундай талаб қўяётган бир пайтда Бағдод тумани сув хўжалиги мутахассислари ҳудуд аҳолисининг муаммосини бир неча йилдан буён ҳал этмай пайсалга солиб келмоқда.

Бағдод туманида фаолият кўрсатаётган “Боғбон”, “Ойгул, Дилроз, Шохзамон”, “Жамолиддин сайёд” боғдорчилик фермер хўжаликлари бир неча йилдан буён хўжалик боғларини суғоришда қийинчиликларга дуч келаяпти.

Йиллар давомида миришкорларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига яратилган боғлардаги олма, ўрик, шафтоли ва бодом дарахтлари сувсизлик оқибатида йилдан-йилга қуриб бормоқда.

Фермер хўжаликлари раҳбарлари бир неча бор туман сув хўжалиги бўлимига мурожаат қилишган. Аммо мурожаатлар бесамар кетмоқда, арзлар қулоқларда, ёзувлар эса қоғозларда қолмоқда.

Ўтган йили сув хўжалиги мутахассислари томонидан фермер хўжаликларининг ерлари, қуриб қолган мева дарахтлари суратга олиниб, бу бўйича керакли ҳужжатлар тайёрланди. Сув қудиғи ўрнатиладиган жой белгиланиб, дастурга киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига жўнатилган. Шундан сўнг сув қудуғи қилиш масаласи 2018 йил дастурга киритилиши белгиланган бўлсада, бугунига қадар ушбу муаммо ўз ечимини топганича йўқ.

Бундан ташқари, ҳудуддаги Гулистон қишлоғи фуқаролари ҳам оқава сувидан муаммоларга дуч келмоқдалар. Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун фермер хўжалиги раҳбарлари 94-Бағдод сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Соҳибжон Исмоиловга оқава сув билан боғлиқ муаммоларга тик суғориш қудуғи қуриб бериш орқали муаммони ҳал этиш бўйича илтимоснома билан мурожаат этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига депутатлик сўрови билан мурожаат қилади. Биринчи мурожаатдан кўнгли тўлмаган депутат яна иккинчи маротаба 2019 йил 2 октябрда мурожаат қилиб ушбу муаммонинг ҳал этилиши бўйича аниқ жавоб беришларини сўрайди.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 15 октябрдаги С.Исмоилов номига йўлланган жавоб хатида муаммо бориб ўрганилганлиги, буни томчилатиб суғориш технологиялари орқали бартараф этиш мумкинлиги айтиб ўтилади.

Лекин ушбу фермер хўжаликлари сув танқис ҳудудда жойлашганлигини ҳисобга олиб, тик суғориш қудуғини қуриб беришларини талаб қилмоқда.

Фермер хўжаликлари ва маҳалла аҳолиси жорий йилда мевали дарахтларга ва томорқаларга оқава сув етишмаслиги сабабли челаклаб сув қуйишди. Шундай бўлса-да, энг ачинарлиси, фермер хўжаликлари ва маҳалла аҳолиси томорқадан даромад ололмадилар.

Мутасаддилар ўз зиммаларидаги вазифага виждонан ёндашиб, ушбу фермер хўжаликлари учун тик суғориш қудуғи қуриш орқали амалий ёрдам бериб, муаммоларини ҳал этсалар, халқнинг уларга бўлган ишончи янада ортар эди.

Р.Егиталиев,

O‘zLiDeP Бағдод

туман Кенгаши

аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    1687
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+