Хотин-қизларни тадбиркорлик ва ишбилармонликка жалб этишда касбий таълимнинг аҳамияти

23.10.2019, 12:36

Хотин-қизларни тадбиркорлик ва ишбилармонликка жалб этишда касбий таълимнинг аҳамияти

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аёллар билан ишлаш бўлими ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида “Хотин-қизларни тадбиркорлик ва ишбилармонликка жалб этишда касбий таълимнинг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Олий ва ўрта таълим вазирликлари, Савдо саноат палатаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор аёллар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

 Қайд этилганидек, сўнгги уч йилда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз бизнесини ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини шакллантириш, бизнес ғояларини тайёрлашда консултатив ёрдам бериш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга тадбиркор аёлларга ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этишда зарур маслаҳатлар бериш ва амалий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Аҳамиятлиси, бу хайрли ишларга Ўзбекистон Либерал-демократик партияси “Аёллар қаноти” ҳам жиддий бел боғлаган. Бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолияти, айниқса, ҳунармандчилик, касаначилик йўналишидаги оилавий тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида аҳамият бермоқда. Тадбиркор аёлларни эркин самарали фаолият юритишлари учун қулай имконият ва имтиёзлар яратмоқда.

O‘zLiDeP фаолларининг айтишича, партия кейинги беш йилда ҳам ишбилармонлик муҳитни яхшилаш, бизнес юритишни олис истиқболга мўлжалланган имкониятини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ва либераллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Партия хотин-қизларнинг тўлиқ бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, ишсизлик даражасини қисқартириш, ишсизликка, айниқса хотин-қизлар ўртасида ишсизликка ўрин йўқ, деб ҳисоблайди.

“Тадбиркорлик —  аҳоли бандлигининг гарови! Биз кичик бизнес ва фермерликни иш ўринларини яратувчи генератор сифатида қўллаб-қувватланиши тарафдоримиз!  Иш ўринлари заҳирасини яратиш, аҳоли, шу жумладан, хотин-қизларни ишга жойлаштиришда янги самарали усуллардан фойдаланиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Биз реал иш ҳақининг барқарор равишда ўсишига кўмаклашувчи солиқ сиёсати амалга оширилиши тарафдоримиз”, –  дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раис ўринбосари  М.Ходжаева.

Партия шунингдек, оилавий тадбиркорлик, касаначилик, томорқа хўжалиги ва хусусий тадбиркорликни аҳоли бандлигини таъминлаш ва фуқароларнинг оилавий бюджети даромадларини ўстиришнинг энг самарали шаклларидан бири сифатида улкан имкониятларини қайд этади. Ишга лаёқатли аҳоли учун уларнинг меҳнатга оид ва тадбиркорлик фаоллигини тўлиқ амалга ошириш, ишчи кучи сифатини яхшилаш, бозор талабларини ҳисобга олган ҳолда ишга жойлашишга муҳтож бўлган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди.

O‘zLiDePнинг шунга ишончи комилки, ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг хотин-қизларга нисбатан муносабати билан белгиланади. Хотин-қизларнинг муносиб меҳнат қилиши ва турмуши, қобилиятлари ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш бундан сўнг ҳам партиянинг ўта муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолаверади. Партия бу борада фаол тадбиркор хотин-қизлар ва фермерларни рағбатлантиришга, уларнинг фаолияти ва илғор иш тажрибасини оммалаштиришга йўналтирилган ишларни янги босқичга олиб чиқади. 

Тадбирда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли айниқса, хотин-қизларни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кенг шароитлар яратиш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш O‘zLiDePнинг дастурий вазифаларидан саналиши қайд этилди. Шундан келиб чиққан ҳолда партия “Аёллар қаноти” томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида “Ҳар бир оила – тадбиркор” Дастури доирасида “Томорқа – даромад манбаи”, “Намунали томорқачи” мавзуларида 250 дан ортиқ маҳорат дарслари ўтказилгани, бунинг натижасида кўп сонли хотин-қизларимизнинг бандлиги таъминлангани эътироф этилди.  

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бундан ташқари, партия “Аёллар қаноти” томонидан шу йилнинг ўтган даври мобайнида “Бунёдкор аёллар” лойиҳаси доирасида 370га яқин тадбирлар ўтказилди. Энг муҳим жиҳати, тарғибот-ташвиқот ишлари давомида 772 нафар хотин-қизга 17 млрд. 309 млн. 190 минг сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиб, 1699 нафар аёлларнинг бандлигини таъминлашга эришилди.

Тадбирда O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” 2020 йилда ҳам хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, аёлларни айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишда давом этиши айтиб ўтилди. Хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашда кўмаклашишга астойдил киришиши таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Қонунни янада такомиллаштириш бўйича зарур таклифлар берилди.

Тадбир сўнггида кун тартибидаги масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1891
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+