Бўстонлиқда тадбиркорга кредит тўлиқ берилмагач иссиқхонаси чала қолиб кетди

23.10.2019, 16:18

Бўстонлиқда тадбиркорга кредит тўлиқ берилмагач иссиқхонаси чала қолиб кетди

O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгашига “Ruxi Business” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Назира Қодировадан мурожаат келиб тушди.

“2009 йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаман. Айни пайтда корхонамизда 20 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қиляпти. Маҳсулотларимизга ички бозорда талаб жуда юқори. Лекин фаолиятимизни янада кенгайтириб қўшимча иш ўринлари яратмоқчи эдик. Хатто бунинг учун Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидан 1 гектар ер майдони олганмиз. Асосий мақсадимиз иссиқхона ташкил этиб, турли мева-сабзавотлар етиштириш ва экспортни йўлга қўйиш эди. Бироқ маблағ масаласида қўлимиз калталик қилмоқда. Шу сабабли ҳалигача ишни йўлга қўйганимиз йўқ,” – дейилади ушбу мурожаатда. 

Партия вилоят Кенгаши вакиллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари ушбу ҳолатни ҳар томонлама ўрганиш мақсадида тадбиркор билан учрашди, муаммо негизини аниқлашга ҳаракат қилди. 

Маълум бўлишича, тадбиркор иссиқхона қуриш учун 2018 йил 12 июнда “Миллийбанк” Тошкент вилояти филиали билан 3.5 млрд сўмлик  кредит шартномаси тузган. Аммо банк мутасаддилари кредитнинг фақат 3 миллиардини тушириб берган. Қолган маблағ эса ҳанузгача ўтказиб берилмаяпти. Қолган маблағни ажратиб бермаганли сабабли иссиқхона тўлиқ ишга туширилмаган. Даромадсиз ҳар ойда кредит фоизини тўлаб келяпти.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” Дастури асосида 3.5 млрд сўм имтиёзли кредит олиб, иссиқхона барпо этмоқчи эдим. Лекин “Миллий банк”нинг  Тошкент вилоят филиали ходимлари негадир ишни пайсалга солиб келмоқда. Мана, орадан қарийб икки йил ўтди. Бироқ банклар “ресурсимиз йўқ” деб, кредитнинг қолган беш юз миллион сўмини тушириб беришмаяпти. Ваҳоланки, мен уларнинг ваъдасига ишониб, хориждан иссиқхона учун зарур ускуналарни олиб келганман”, – дейди Н.Қодирова.

 Тадбиркорнинг қўшимча қилишича, ушбу ҳолат бўйича у “Миллийбанк” Тошкент вилояти филиалига ва бошқа юқори ташкилотларга мурожаат қилган. Аммо бирорта жўяли жавоб ёки натижа бўлмаган.

Ушбу муаммони Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаббат Тўхтаева ўз назоратига олди ва ечими бўйича Ўзбекистон Республикаси ТИФ “Миллий банки” раҳбарига депутатлик сўрови юборди.

Умид қиламизки, Ўзбекистон Республикаси ТИФ “Миллий банки” раҳбарияти бу масалани эътибордан четда қолдирмайди. Тадбиркор муаммоси эса тез орада ижобий ҳал бўлади.   

O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1086
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+