ТОШНИ ЭМАС, БОШНИ ИШЛАТИНГ!

23.10.2019, 17:47

ТОШНИ ЭМАС, БОШНИ ИШЛАТИНГ!

ёҳуд “Миллий тикланиш”нинг кулгили, ажабтовур чиқишларига мухтасаргина жавоб

Кулгили парадоксни қаранг: сўнгги пайтларда “Миллий тикланиш” партияси томонидан турли ОАВларда эълон қилинаётган мақолаю муносабатлар билан танишгач, негадир “сиёсий жазава” деган тушунчанинг кўп ишлатилаётганига гувоҳ бўляпмиз. МТДП Марказий кенгаши Ахборот хизмати бош мутахассиси Беҳзод Тўраев имзоси зикр этилган мақолада ҳам “сиёсий жазава” сўзи бир неча марта такрорланган. Шу вақтгача улар бу тушунча остида нимани назарда тутишаётганига ҳайрон бўлаётгандик, мақолани ўқиб сиёсий жазавага тушиш қанақа бўлишини МТДПдагилар ўз мисолида кўрсатиб берганига гувоҳ бўлдик. Уни ўқиб бир нарсага гувоҳ бўлдикки, ҳар доимгидек ушбу мақолада ҳам хуқуқий ва сиёсий билимларнинг етишмаслиги яққол кўзга ташланади. Ва... мана шу саводсизликни кўз-кўз қилишдан бошқа бошқа мақолада ҳеч вақо йўқ. Унда нимага жавоб ёзяпсизлар деган савол туғилиши табиий.

Минг афсуски, МТДП номидан омма эътиборига ҳавола қилинаётган саёз, савиясиз мақолалар, партия вакилларининг чиқишлари ижтимоий тармоқларга жойлаштирилмоқда. Энг ёмони, уларнинг деярли эътиборсиз қолдирилиши аҳоли ўртасида қонун нормаларини, қолаверса, айрим сиёсий жараёнларни нотўғри талқин қилинишига олиб келмоқда. Масалан, МТДП айрим раҳбарларининг интервьюлари ҳамда вилоятлардаги чиқишларида қонунларни билмаслик оқибатида тез-тез қайтарилаётган “ЎзЛиДеП ҳукуматни шакллантирган партия” деган гаплари жамоатчиликда “Ҳа, бизда ҳукуматни сайловларда кўп овозни қўлга киритган партия шакллантирар экан-да” деган нотўғри фикр шаклланишига сабаб бўлмаслигига кафолат борми? Бундай деяётганимизнинг боиси, бир партия лидерининг билиб-билмай айтган фикрларини эшитган айрим журналистлар ҳам ўйлаб-нетиб ўтирмай, бу гапларни қайтарадиган бўлиб қолишди. МТДПдан чиққан “қонунлар ва жаҳон сиёсатининг билағонлари” эса тўхтамасдан янгидан янги “сиёсий ва ҳуқуқий ижодкорлик намуналарини” намоён этишмоқдаки, уларга ўз вақтида кескин жавоб берилмаса, яқинда мамлакатимиз қонунчилигида барчани чалғитувчи ўзгача бир талқинни юзага келтириб чиқариш ҳам ҳеч гап эмас.

Энди бевосита Б.Тўраев қаламига мансуб мақолага тўхталамиз. Унга кўра, ташқи меҳнат миграциясининг бу даражада ўсишига асосий сабаб, нима эмиш, Меҳнат вазирлигининг ёмон ишлагани! Эврика!!! Бутун иқтисодий фаровонлигимиз калити битта Меҳнат вазирлиги қўлида экану, биз билмай юрган эканмиз! МТДПчилар яна бир масалада “ҳақ”. Ростдан ҳам бундай муаммоларга ечим топиш учун йиллаб устида ишланаётган қонун лойиҳаси нимага керак, ҳатто O‘zLiDeP ташаббуси билан қабул қилинган, МТДПчилар билиб билмасликка олган мамлакат раҳбарининг фармоничи, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли хужжатлари-чи? Уларга қулоқ тутсак, бу ҳужжатларнинг ҳеч бири керак эмас. Фақатгина Новосибирскка уч кунга бориб, меҳнат мигрантларимиз фонида партиянинг оқ шарфини елкага ташлаб суратга тушиб келинса бўлди экан.

Шу ўринда бир таклиф бор. МТДПда пиар бўйича масъулларни уч бараварга ошириш ва уларни Россия Федерациясидаги бошқа ҳудудларга зудлик билан жўнатиш керак. Ваҳоланки, муаммони “уч бараварга тушириш” йўлини топишларига РФга бориб келишгани туртки берган бўлса, тасаввур қилинг, бунақалардан учтаси борса, у ёқда мигрантлар масаласида муаммо умуман қолмаслиги аниқ. Қойилмисиз? МТДП пиарчилари олдида машҳур кўзбойлоғич Копперфильд ҳам хижолат тортиб қоларди. Уларда имкон бўлиб қолса ўша куннинг ўзида Меҳнат вазирлигини Вазирлар Маҳкамаси деб номлаб, барча иқтисодий вазирликларнинг тепасига эса пиарчиларни ўтқазиб қўйишдан қайтишмайди-ёв.

Мақолада бундай ўзига ҳос талқинларни кўплаб топса бўлади. Хусусан, O‘zLiDeP делегациясининг “...уялмасдан “Единая Россия” партиясининг бир тумандаги бўлими билан суратга тушиб келгани” хусусидаги гаплари юқорида айтилган МТДПчиларда ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлик даражаси ҳаминқадар эканлиги борасидаги фикримизга яна бир далил бўла олади. Улар ҳам Россияга боришган бўлса, наҳотки бошқа бир давлатга боришдан аввал бу давлатдаги сиёсий партиялар, ҳеч бўлмаса етакчи партиянинг раҳбарлари кимлиги билан қизиқишмаган бўлса!?  Ҳа-я, МТДПчиларнинг мақсади у ерда ким биландир учрашиб, бирор муаммони ҳал қилиш эмас, балки бир кўриниб, ўзларини кўз-кўз қилиш эди чоғи. Шунинг учун ҳатто қандай партиялар бор-у, уларнинг тепасида кимлар турибди деган масала билан қизиқишмаганам. Натижада мақолада келтирилган бундай тумтароқ кесатиқлар билан бир партияни обрўсизлантирамиз деб, аслида ўзларининг сиёсий жиҳатдан саводсизликларини кўрсатиб қўяётганларини тушунишмаяпти ҳатто.

Шу ўринда мақола муаллифига маслахатимиз. Партия марказий аппаратининг ахборот хизматида ишлар экансиз. Майли, O‘zLiDeP сайти ёқмас экан, “Единая Россия” сайтига бирров кирганингизда олам гулистон эди-ку. Ё сизларнинг ахборот хизматларингизда маълумотларни текшириб кўриш амалиёти йўқми?

Чет эллик ҳамкорларини “Единая Россия” партияси раиси Дмитрий Медведев қай даражада қабул қилади-ю, партия Бош кенгаши раҳбарияти қандай йўл тутиши тартиб-таомиллари тўғрисидаку умуман тўхталиб ўтирмасак ҳам бўлади. Ўзбекистон қонунчилиги-ю, оддий сиёсатшунослик асосларида шунча қоқилиб, хол қўяётган МТДПчиларнинг дипломатик протокол тушунчасидан мутлақо хабари йўқлиги ҳеч кимни ажаблантирмаса керак. Акс ҳолда РФ Бош вазири Д.Медведев кимларни қабул қилганлиги ҳақида алаҳсирабми, босинқирабми телба тескари нарсаларни ёзиб ўтиришмасди. Лекин O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари ва “Единая Россия” партияси Бош кенгаши Котибининг халқаро алоқалар бўйича ўринбосари ўртасида “Единая Россия” Бош кенгашининг янги ишга тушган марказий офисида бўлиб ўтган учрашув ва имзоланган битим халқаро дипломатик протокол талабларига мос равишда амалга оширилди. Битим икки партия вакилларининг ўз парламентидаги депутатлари иштирокида тузилганлиги ҳам алоҳида аҳамият касб этиши МТДПчиларнинг тасаввурига ҳам сиғмаслиги аён .

Ҳа, айтганча яна бир нарсани эслатиб қўяйлик: O‘zLiDePда котиблар институти йўқ, барча даражада раис ва раис ўринбосарлари институти ишлайди. Лекин МТДПдагилар ўзларига ёқса котиблар тизимини ўзларида жорий қилса бўлаверади. Масалан, партиянинг 1-котибчаси, 2-котибчаси ва ҳоказо. Айниқса кейинги вақтларда МТДП раҳбарларида яққол намоён бўлаётган “нарциссизм” яъни ўз-ўзига маҳлиёлик касалига мубтало бўлганларга бундай номланиш жуда мос тушади. Қолаверса, “котибча” сўзи МТДПнинг ноу-хауси, ўзларига жуда ярашади ва ҳеч ким эртага уларни плагиатда айбламайди.

Энди партия вакилларининг “...хонлик даврида бекларнинг зарбоф тўн кўтариб, қуллуққа боргани” тўғрисидаги гапларини кўриб, замонавий партияларнинг халқаро даражадаги учрашувни МТДПчилар ўзларининг тилида талқин қилишга ҳаракат қилган бўлса керак деб ўйладик. Лекин бу талқин худди “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильмидаги XX асрга тушиб қолган шоҳ Иоаннинг воқеаларни ўзича қилган талқинига ўхшаб туюлди. Аслида замонавий тилда бир партия вакилларининг иккинчи бир давлат сиёсий партияси вакиллари таклифига кўра ташриф билан бориши, учрашувлар ўтказиши, айрим масалаларни биргаликда ҳал қилишга интилиши “партиявий дипломатия” дейилади. “Дипломатик протокол”, “партиявий дипломатия”... Ҳурматли МТДПчилар! Қаранг, бир мақола баҳонасида нафақат қонунчиликдаги ўзингиз тушунмаётган айрим жиҳатларга аниқлик киритиб оляпсиз, балки сиёсатшуносликка оид қанча янги нарсаларни ўзлаштириб олиш имконига эга бўлдингиз. Афсус, кўп йиллар давомида биз партия дипломатияси йўналиши имкониятларидан фойдаланмаганимиз ва O‘zLiDeP аслида Ўзбекистонда биринчи бўлиб бу борада ишларни бошлаб берди.

Партиявий дипломатия тўғрисидаги фикрларимизнинг давоми сифатида МТДПчиларнинг бошқа давлатда яшаётган юртдошларимизнинг муаммоларини ҳал қилишда “Россия расмий идораларининг жиддий қаршилигига қарамасдан” ҳаракат қилаётганликларига ҳам бир назар ташлаб ўтмоқчи эдик. Хўш, бу йўл билан бир марта керак жойга кирарсизлар, бирорта учрашув қиларсизлар. Наҳотки XXI асрда бундай муаммоларни тизимли ҳал қилишнинг бошқа йўллари ўйлаб топилганлигини билмасангизлар. Бу усуллар юқорида эслатиб ўтилган партия дипломатияси доирасида ётади ва ҳеч қандай “қаттиқ қаршиликлар” билан бир бирини қийнаб, “очиқ эшикларга қоқилиб юрмасдан”, тизимли ҳамкорликни йўлга қўйган холда ҳал этилади.  Бунинг учун ҳеч бўлмаса бошланишига тегишли давлатлардаги мос партиянинг сайтига кириб, улар билан боғланиб, ҳамкорликда ишларни йўлга қўйиш керак, холос.  Сиз ўзингизнинг катта ютуғингиздек кўрсатишга уринаётган пиарменча ёндашувлар қисқа муддатли шов-шув эффектини бериши мумкиндир, лекин масалани ҳал қилмайди.

O‘zLiDeP эса ўзининг “Единая Россия” билан ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари орқали юртдошларимизнинг ўша мамлакатда олиб бораётган фаолиятларини тартибга солувчи ҳуқуқий нормаларни бир қатор енгиллаштиришга эришса, мана шунинг ўзи катта ютуқ деб ҳисоблайди. Албатта, МТДПчилар томонидан билдирилаётган фикрларга қараб, уларда бундай тизимли ишлаш учун на тайинли ҳамкор, на билим борлиги охирги пайтда яққол сезилиб қолди. Шунинг учун ҳозирча ҳеч бўлмаса, юртдошларимизнинг ҳолидан хабар олиб туришни “маъқул топганлари” ҳам тўғри. Бу борада жиддий ишларни O‘zLiDePга қолдирганлари дуруст.

Кўчирмакашлик масаласида барча айтганларингиз тўғри. Кўп нарсаларни балки турклар сиздан кўчирса арзир, ким билади. Ўзига маҳлиё одамга бирор нарса тушунтириш қийин. Лекин ҳозирча акси,  нафақат ғояларни кўчиришда, ҳатто энг кулгилиси, ҳар бир ҳаракатда улардан кўчираётганларингизга гувоҳ бўлмоқдамиз, холос.

Шиорингизни нега улардан кўчирганларингизни тушунтиришга ҳаракат қилибсиз. Хўп, лекин Туркия раҳбари қайси шароитда, ва асосийси, қандай мақсадларда бу шиорни ўртага ташлаган, Ўзбекистонда бу шиорни тўғридан-тўғри кўчириш ва халқни унга эргашишга чақириш... қанчалик тўғри эканлигини ўйлаб кўрмадингизми? Туркия Ўзбекистон учун яқин, биродар мамлакат. Бизнинг партиямиздаги кўплаб фаоллар ҳам улар билан яқин ҳамкорлик алоқаларни ўрнатган ва муносабатларимиз янада мустаҳкам бўлиши тарафдоримиз. Қолаверса, на бу масалага, на МТДПнинг “калта юбкалилари” масаласига O‘zLiDeP шу вақтгача аралашгани йўқ. Буларнинг барчаси журналистларимиз, айниқса блогерларимизнинг зийраклиги туфайли эътиборга тушаётган жиҳатлардир. Партия қўпол хатоларга йўл қўйиб, кейинчалик бу хатолар барчанинг кулгисига сабаб бўлаётган бўлса, буни O‘zLiDePни эмас, ўзининг “забардаст пиарчилар”идан кўрса тўғрироқ бўлар эди.

Энди “Ижтимоий фикр” хулосалари хусусида. Бир мақол бор, “Юзинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама”. Фақат нимага улар ушбу сўровда ХДП биринчи ўринда деб ўйлашган, буниси, бизга қоронғу. Акс ҳолда нимага “ХДП Ўзбекистонда биринчи партия эмас, бу аниқ. Лекин ЎзЛиДеП ўзини иккинчи партия сифатида тан олаётгани бу яхши, албатта”, - дейишганини тушуниш қийин. Фикримизча, сиёсат, қонунчилик борасида билимлари етишмаслиги бир томон, социологик сўровлар натижаларини тўғри ўқиш қобилияти ҳам етишмайди шекилли. Очиғини айтганда, МТДПдагиларнинг даражаси қачон бу аҳволга тушиб қолди, хайронмиз. Майли, эринмасдан уларга сиёсатшуносликдан сабоқ бердик, энди “Ижтимоий фикр” социологик сўровлари натижаларини ҳам бироз тушунтирсак. Сўровда келтирилган тартибда ХДПнинг биринчи позицияда қўйилгани унинг сўров натижаларига кўра биринчи ўринда эканлигини англатмайди. Худдики, айрим интернет тармоқларида ўтказилган сўровларда МТДПнинг биринчи ёзилишига қарамасдан, уларнинг бирортасида ғолиб бўлмагани каби. Аҳвол шу даражага борганки, беш дақиқага бўлса-да, бирор сўровда МТДП сал олдинроққа ўтса, шу партиянинг “беминнат хизмат”ида бўлган  айрим “Баёнофф”лар буни катта “миллий байрам” даражасига олиб чиқишмоқда.  “Одамлар, ишонасизларми, 5 дақиқага бўлса ҳам O‘zLiDePдан олдинга ўтдик, беш дақиқа бўлса ҳам шу ҳолатни ушлаб тура олдик деб”. Тўғри ҳозирги аҳволида МТДП учун ва унинг Баёноффлари учун бу етиб бўлмас баландлик, шунисига ҳам қувониб юришаверсин.

Энди, “Ижтимоий фикр” сўровларига қайтсак, уларнинг раҳбарлари ХДПданми йўқми, уни баҳона изловчиларга қолдирамиз. Лекин натижаларига кўра, ўтган ой якуни бўйича ҳам, иккинчи сўров якуни бўйича ҳам лидер – O‘zLiDeP. Бу партия ўтган ойдаги етакчилигини сақлаб қолиш билан бирга, ўз кўрсаткичларини 3 фоиздан кўпроққа яхшилаган. ХДП эса иккинчи ўринда ва натижаларини ўнглашга ҳаракат қилмоқда.  Бу рейтингда фақатгина яқинда ташкил топган Экопартияни ишонч билан енгиб ўтаётган МТДП охиридан иккинчи ўринда мустаҳкам ўрнашиб олган. Ёмони, кейинги ой давомида “пиар”нинг янги шаклларини қўллайман деб, ўзини кулгига қолдираётган сўровларда ҳам илгариги позициясидан 0,4 фоиз йўқотганлигида ўзини аксини топган. Мана сизга бор ҳақиқат.

Хуллас, гапирсак гап кўп. Хулоса шуки, МТДПчилар ўзлари шошма-шошарлик билан турли даражада “қовун тушираётган” бир пайтда O‘zLiDePга тош отиш ўзларига обрў олиб келмаслигини яна бир карра эслатиб қўяяпмиз. Маслаҳатимиз, тошни эмас, бошни ишлатинг!

Акбар МУЗАФФАРОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси

бўлим мудири

  • Кўрилди
    2742
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Мухаммадбобур2019-10-24 13:24:59

Бир бирига пахта отишдан мақмад нима? Бир йил олдин бу сиёсатдонлар қаерда эди. Халқ кулади бунақа партиябозлар устидан. Иложи бўлса талашмасдан реформаларнинг тезроқ боришига сиёсий партиялар кўмакчи бўлиши керак. Айниқса туманлар кесимида ишлаш керак.Қизиғи партия рахбарлари мансабдан кетса, партиядан кеади. Депутатликка номзодини кўрсатишмаса партиядан норози бўлади. Оппозицион партия рахбари оппонентига туриб қарсак чалади. Балким хақиқий нодавлат партиясини тузишганида Либералларга халқ эргашган бўлармиди. Гўштни кўп ейдиган рахбарини бу партия танқид хам қилмади. халқ танқид қилди. демак бу партия халқ билан эмас. Чунки халқ билан манфаатлари тўқнаш келганида партия ўзини кўрсата олмаяпти..


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+