Тадбиркор 60 миллион сўмга тушяпти. Муаммонинг ечими қаерда?

24.10.2019, 15:12

Тадбиркор 60 миллион сўмга тушяпти. Муаммонинг ечими қаерда?

Бухоро тумани “Работак” МФЙ ҳудудида жойлашган “Исмоил Самандар ҳожи” МЧЖ раҳбари Улуғбек Собировдан O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгашига мурожаат келиб тушди.  

“Жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб ўз фаолиятимизни йўлга қўйдик. Корхонанинг фаолият тури  –  аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб беришдан иборат. Албатта, бу – пуллик хизмат. Октябрь ойида эса “Сувоқова” ДУК билан шартнома имзоладик. Шартнома мазмуни –  “Дамхўжа” сувини аҳолига сотиш бўйича ўзаро келишув. Бироқ, бугун фойда олиш ўрнига зарарга ишлаяпмиз”, – дейилади ушбу мурожаатда. 

Корхона иш юритувчиси Азиз Ҳасановнинг айтишича, ташкилот “Сувоқова” ДУКдан сувнинг бир кубини 1370 сўмдан харид қилиб, уни аҳолига 2000 сўмдан сотган. Чунки сувни туманнинг чекка ҳудудларига етказиш учун йўл харажатлари ҳам кам бўлмайди, албатта. Масаланинг энг қизиқ томони шундаки, айнан шу иш билан шуғулланадиган баъзи ташкилотлар “Дамхўжа” минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш бошқармаси билан тўғридан-тўғри шартнома тузган. Улар сувни ҳеч қандай воситачисиз сотиб олаётгани учун 1500 сўмдан сотмоқда. Аҳоли эса ўз-ўзидан арзон товарни маъқул кўраётир.

“Иш бошлаганимизга энди бир ойдан ўтди. Ҳозирга қадар 60 миллион сўм харажат қилдик. Масалан, 4 миллион сўмга сув насоси, 14 миллионга труба сотиб олдик. Шу каби керакли ускуналарнинг келтиришнинг ўзи 4 миллион сўмга тушди. Уларни  ўрнатиш ва усталарнинг хизмат ҳаққи ҳам кам пул турмас экан. Агар бу сарф-харажат ортидан фойда келса майли дерсиз. Лекин мана, ҳозиргача умуман даромад қилганимиз йўқ”, — дейди А.Ҳасанов.

Маълум қилинишича, корхона раҳбари муаммо ечими бўйича “Дамхўжа” минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш бошқармаси раҳбари Қодир Рамазоновичга кўп маротаба мурожаат қилган. Лекин у киши “Бу мумкин эмас. Биз билан тўғридан-тўғри шартнома қилишнинг умуман иложи йўқ” дейишдан нарига ўтмаган.

Партия Бухоро вилоят Кенгаши вакиллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида “Дамхўжа” минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш бошқармасига борди. Аммо бу ердан ташкилот раҳбарини топишнинг имкони бўлмади.

“Дамхўжа” минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш бошқармаси ДУК раҳбарининг ишлаб чиқариш бўйича муовини Илҳом Аҳмедовдан эса “Нимага бошқа ташкилотга шартнома қилиш мумкин-у мазкур МЧЖга рухсат йўқ?”, деган саволимизга тайинли жавоб ололмадик. Лекин И.Аҳмедов мазкур муаммога ечим излаш учун мурожаатчи  билан кўришиш нияти борлигини билдирди.

Халқ депутатлари Бухоро туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси У.Шамуратов эса ушбу ҳолат бўйича “Дамхўжа” минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш бошқармаси ДУК раҳбарига сўров юборди.

Ўйлаймизки, бу сўровнинг жавобидан аҳоли ҳам, тадбиркор ҳам жабр кўрмайди. Тадбиркор муаммоси эса тез орада ижобий ҳал бўлади.

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    966
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+