Ваъда ваъдалигича қолиб кетмоқда. “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ваъдани қачон бажаради?
24.10.2019, 15:33
Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани “Шариллоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ фуқаролардан халқ вакили, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Қаҳрамон Ахбўтаевга мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда ушбу МФЙдаги оғриқли масалалар, аҳолининг турмуш ҳаётида учраётган муаммоларни ҳал этиш, жумладан, ҳудуддаги паст кучланишли трансформаторни хонадонлар сони ортиб кетганлиги сабабли юқори кучланишлисига алмаштириш бўйича ёрдам бериши сўралган.
Ушбу ҳолатни жойига чиқиб ўрганган O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Қ.Ахбўтаев бу масала бўйича 2018 йилнинг январь ойида туман Электр таъминоти корхонасига сўров юборган. Аммо мутасаддилар депутат сўровига жавоб бермаган. Шундан сўнг халқ вакили Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилган. Қ.Ахбўтаевнинг ушбу мурожаати “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан кўриб чиқилиб, 2018 йил 28 февраль куни 27/1354-сонли жавоб хати юборилган.
Жавоб хатида Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли тармоқларни янгилаш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2661-сонли қарорига мувофиқ, бу муаммолар Ш.Рашидов тумани Электр таъминоти корхонаси томонидан тузиладиган дастур асосида 2018 йилнинг 2-чораги режасига киритилиб бартараф этиш чоралари кўрилиши маълум қилинган. Аммо қарийб икки йилдирки, бундан натижа йўқ.
Шу ўринда бир савол туғилади. Хўш, “Шариллоқ” МФЙда 2018 йил режасига киритилган трансформатор нега ҳалигача ўрнатилмади? Нега ҳар гал ишлар кейинги йилга сурилмоқда? Нега мутасаддилар муаммога ечим топиш ўрнига, қоп-қоп ваъдалар бериш билан қутулиб кетяпти?
“Аслида бу ишлар ўтган йилда қилиниши керак эди. Лекин жорий йил тугашига ҳам икки ой вақт қолдики, натижа йўқ. Ҳатто шу масала бўйича халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзоси Ф.Одилов ҳам 2019 йил 19 январь куни Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси АЖ бош директори Б.Ибрагимовга сўров юборди. Хатларимизга жавоб ёзишди, Ш.Рашидов тумани Шариллоқ МФЙ, “Шариллоқ” кўчасига 2019 йил дастури учун трансформатор пунктларига талабнома берилгани, Дастур билан қўшимча равишда бажарилиш чоралари кўрилиши маълум қилинди. Аммо...”, – дейди Қ.Ахбўтаев.
Унинг қўшимча қилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Холбўтаев сайловчилар билан учрашувлари давомида бу муаммони ўрганган. Бу бўйича 2019 йил 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига сўров юборган. Вазирликнинг 2019 йил 10 апрелдаги 01-421/2-621-сонли жавоб хатида эса “Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани Шариллоқ МФЙ ҳудудидаги янги хонадонларга электр таъминотини яхшилаш учун “Жиззах ҲЭТК” АЖ томонидан 1 дона тансформатор пунктини қуриш ишлари 2019 йилнинг июнь ойига қадар амалга оширилиши таъкидланган. Лекин ҳамон ваъда ваъдалигича қолиб кетмоқда.
Умид қиламизки, “Шариллоқ” кўчасида яшовчи фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар қишнинг изғиринли кунларига қолмай ҳал бўлади. Бунга масъул ташкилотлар эса муаммо ечимига бугунданоқ жиддий эътибор қарата бошлайди.
O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши
матбуот хизмати
Ўхшаш янгиликлар
-
Қўрғонтепада қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарали фойдаланиш ҳолати таҳлил қилинди
26.01.2024, 16:22
-
Депутат кўмагида аҳоли хонадонларига ичимлик суви етиб бормоқда
26.01.2024, 11:59
-
Депутатлик эшитуви танқидий-таҳлилий руҳда ўтди
26.01.2024, 11:57
-
Бошқарма бошлиғининг ҳисоботи эшитилди
25.01.2024, 15:32
-
Зоминлик депутатлар туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарининг ҳисоботини эшитдилар
23.01.2024, 15:15
Фикрингизни қолдиринг