O‘zLiDeP Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурмоқда

24.10.2019, 17:32

O‘zLiDeP Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурмоқда

Жорий йилнинг 24 октябрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Тадбиркорлик Кодексининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда ҳуқуқий тартибга солишдаги аҳамияти” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, соҳага оид қатор вазирлик ва ташкилотлар, тадбиркорлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда тадбиркорлар фаолиятида учраётган мавжуд муаммолар ҳамда тадбиркор ва давлат органлари ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш масалаларига эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ўтган уч йил давомида салмоқли ишлар амалга ошрилди. Ушбу амалий ишларнинг бир қисми соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш бўлса, яна бир қисми эркинлаштириш билан боғлиқ. Бугунги кунда фаолият кўрсатаётган кичик тадбиркорлик субъектлари 323 мингтани ташкил қилмоқда. Таҳлилларга кўра, олиб борилган ишлар натижасида 2017 йилнинг 1 январидан 2019 йилнинг 1 октябрь кунига қадар 141,9 мингта кичик бизнес субъектлари ташкил қилингани ушбу соҳага қанчалик катта эътибор қаратилганлигининг ёрқин наъмунасидир.

Бундан ташқари бугунги кунда соҳадаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлашга қаратилган амалий ишлар натижасида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш жараёнлари кескин соддалаштирилди. Бироқ, корхоналар томонидан фаолиятни амалга оширишда юзага келаётган муаммоларнинг ҳалигача сақланиб қолаётганлиги тадбиркорлик субъектларининг узоқ муддат давом эттиришида салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бунинг сабаблари таҳлил қилинганда тадбиркорликни амалга оширишда ҳуқуқни қўллаш жараёнларининг мураккаблиги, бюрократик тўсиқларнинг ҳали ҳам мавжудлиги, айрим фаолият турларига рухсат бериш тартиб таомилларининг қийинлиги билан изоҳланмоқда.

Давра суҳбати иштирокчилари тадбиркорлик соҳасига оид бўлган қонунчилик хатловдан ўтказилганда бугунги кунда 14 мингдан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлар мавжудлиги ва уларнинг кўплигидан тадбиркорлар фаолиятига қийинчилик туғдираётганлигини эътироф этишди.

Партия шу каби муаммоларни олдини олиш, соҳани ривожлантириш учун энг аввало унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, қонун ҳужжатларини тизимлаштириш ва ягона тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳуқуқий ҳужжат яратиш мақсадида Тадбиркорлик кодексини қабул қилиш таклифини сайловолди дастурида илгари сурмоқда.

Тадбирда Тадбиркорлик кодексини барча давлат ва маҳаллий бошқарув органлари, тадбиркорлар билан биргаликда ва ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганган ҳолда ишлаб чиқилиши ва унда қатор устувор вазифалар белгилаб олинаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Хусусан, ушбу Кодексда қуйидагиларни назарда тутиш таклиф этилмоқда:

- Тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари;

- Тадбиркорлик субъектларининг турлари ва шакллари;

- Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

- Тадбиркорлик фаолиятининг асосий кафолатлари;

- Фаолият турларини амалга ошириш учун рухсат бериш меъзонлари ва ваколатли органлар;

- Тадбиркорлик соҳасини давлат томонидан тартибга солиниши;

- Рўйхатдан ўтказиш тизими;

- Тадбиркорлик субъектлари устидан давлат назорати;

- Тадбиркорлик фаолиятининг иқтисодий ва ижтимоий қоидалари;

- Соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;

- Маҳсулот ва хизматлар сифати тизими;

- Тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштироки;

- Тадбиркорлик фаолиятининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва имтиёзлар;

- Тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳуқуқий ва иқтисодий муносабатлар тизими;

- Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тугатиш тартиби ва бошқа қатор вазифалар кўзда тутилган.

Тадбир давомида шу ва бошқа масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ишлаб чиқилаётган Тадбиркорлик кодексига зарур таклиф ва тавсиялар берилди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    240
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Дилшодбек2019-10-27 20:44:32

Хурматлий депутатлар сизлардан Бир илтимос биз тадбиркорларга хечкандей яхшилик килмайлар сабаби призидентимизи ташаббусларига кушилиб хокимиятдаги муттахамликларди куплик банкларди ёб туймаслигини курдик урта Ичида бу рахбариятди тадбиркорга ердам бериш урнига Уни эзишини курдим илтимос бизларни тинч куйинглар


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+