Янги йил тадбиркорларга янги имкониятларни тақдим этади

22.12.2017, 17:18

Янги йил тадбиркорларга янги имкониятларни тақдим этади

Тоҳиржон ТОЛИПОВ,

Андижон вилояти, Андижон туманидаги “Гулсум” хусусий корхонаси раҳбари:

– Президентимиз бугун илк марта мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этдилар. Унда 2017 йил якунлари ҳамда 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари хусусида сўз юритилди. Қувончлиси, мазкур видеоселектор йиғилишда давлатимиз раҳбари янги йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном беришни таклиф қилдилар. Бу ном замирида биз тадбиркорларга жуда кенг имкониятлар, имтиёзлар билан бир қаторда бир қадар масъулият ҳам турганини ҳис қилмоқдамиз.

1997 йилда ташкил топган, ўз ичида меҳмонхона хизмати ҳамда мамлакатимиздаги оёқ кийимлари ишлаб чиқарувчи эспортёр корхоналарга ҳар хил турдаги елимларни етказиб беришга ихтисослашган хусусий корхонамиз ўтган давр давомида катта натижаларни қўлга киритди. Айни кунда маҳсулотларимиз ички бозордан ташқари хорижнинг қатор давлатларида ҳам харидоргирлиги билан ажралиб турибди. Тадбиркорга, энг аввало, қулай бизнес муҳити керак. Мана шу қулайлик жорий йилда юқори поғонага кўтарилган бўлса, 2018 йилда йил номи остида янада юксак марраларга, самараларга эришишимизда дастуриламал бўлишига ишонамиз. Айниқса, Президентимизнинг ўз Мурожаатномасида: “...Тадбиркорларни амалда етарлича қўллаб-қувватлай олмаётганимиз менинг энг катта армоним. Икки йил улар текширилмайди. Энди уларни текшириш билан Прокуратуранинг махсус бўлими шуғулланади. Буни шахсан Президент назорат қилади”, дея барча ишбилармонларни ўз ҳимояси остига олганларидан бошимиз кўкка етди.

Санобар НОСИРОВА,

Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати:

– Биз давлат ва халқ ўртасидаги ишончли кўприк эканмиз, бизга ишонч билдирганларнинг ишончларини оқлашимиз шарт! Муҳтарам юртбошимиз бугунги Мурожаатномасида айнан мана шу масалага ҳам алоҳида ёндашдилар. Президентимизнинг жорий йилнинг 12 июлдаги маърузасидан сўнг, тан олишимиз керак, фаолиятимиз анча жонланди. Аслида бизга мана шундай “дастак” керак эдими? Депутат, назаримда, танқидга қадар етиб бормаслиги зарур. Бугун айнан ўша маърузадан кейинги олти ойлик фаолиятимиз ҳисоб қилингандай бўлди. Бундан буён бугун юртбошимиз таъкидлаганидек, эзгу ташаббусларни илгари суришда фидойи, жонкуяр бўлмоғимиз, асосийси, биргаликда бир куч бўлиб, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида ҳаракат қилмоғимиз шарт! Айниқса, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ишлаши учун кенг имконият яратиб бериш, ижро ҳокимияти ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида мулоқот майдонини яратишга алоҳида эътибор қаратишимиз фаолиятимизнинг бош мезонига айланиши лозим.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2679
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+