Ёрқин келажакка O‘zLiDeP билан қадам қўямиз (+ фото, видео)

25.10.2019, 09:05

Ёрқин келажакка O‘zLiDeP билан қадам қўямиз (+ фото, видео)

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати -  Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Наманган вилояти Кенгаши “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз” шиори остида оммабоп тарғибот тадбирини ўтказди.

Видео:

Форум “Баркамол авлод” спорт мажмуидан бошланди. Бу ерда O‘zLiDeP фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари аъзолари, жамоатчилик ва ёшлар вакиллари, ОАВлар ходимлари ҳозир бўлдилар. Тадбирнинг биринчи қисми “Ватанпарвар” ташкилоти спорт-техника клуби мотоҳаваскорлари кўргазмали чиқиши билан бошланди. Улар ортидан партия рамзий байроғини кўтариб олган фаоллар, минглаб тадбир қатнашчилари  “Биргаликда биз кучмиз!” деган ҳайқириқлар билан “Уч фаввора” ҳиёбони сари юриш қилдилар.

Тадбирга аҳоли вакиллари ва партия хайрихоҳларидан иборат учта гуруҳ партия логотипи тушурилган кийимларда байроқларни кўтарган ҳолда Наманган шаҳрининг уч ҳудудидан партиявий шиорларни баралла айтган ҳолда ҳиёбонга ташриф буюришди.

Тадбирда сўзга чиққанлар жорий йилдаги сайловлар бутунлай янгича муҳитда, янгича ҳуқуқий шароитда ўтишини айтиб, бу сиёсий жараёнга Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам жиддий тайёргарлик кўраётганлигини таъкидладилар.

Ҳар қандай расмиятчиликдан ҳоли тарзда очиқ майдонда ўтказилган тадбирда куй-қўшиқлар авж олди. Юртимизнинг таниқли санъаткорлари ижросидаги ашула ва рақслар тадбир қатнашчиларига кўтаринки ва байрамона кайфият улашди.

Халқаро майдонларда жонажон Ўзбекистонимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган спортчиларнинг ва ҳарбий либосдаги ўқувчи ёшларнинг кўргазмали машқларида мард ва жасур, соғлом ва баркамол авлод вояга етаётганлиги ифодаланди.

Форум давомида “Ёрқин келажакка O‘zLiDeP билан қадам қўямиз” шиори остида тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ва ёш иқтидорли рассомлар иштирокида “O‘zLiDeP менинг тасаввуримда” номли расмлар танлови ташкил этилди. 

Бундан ташқари, тадбирда иштирок этаётган партия фаоллари бўлган хотин-қизлар иштирокида “Аёл гўзалик тимсоли” шиори остида ФЛЕШМОБ ҳам ўтказилди.

- Бугунги тадбир менда жуда ҳам чуқур таассурот қолдирди. Чунки, O‘zLiDeP нақадар жипс куч эканлигига амин бўлдим, - дейди талаба Маҳлиё Раҳимова.

Саҳнага кўтарилган партия фаоли, республика танловлари ғолибаси, тажрибали муаллима Лобар Рустамова ва бошқа нотиқлар ўз фаолиятларида эришаётган ютуқлари ҳақида тўлқинланиб сўзлаб бердилар. Барчани юрт равнақига баҳоли қудрат ҳисса қўшиш учун фаол бўлишга чақирдилар.

Тадбирга келганлар нафақат сиёсий билим ва кўникмаларини бойитдилар, балки саломатлик сабоқларини ҳам олдилар. Соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаолликни ошириш юзасидан шифокорлар маслаҳатини ҳам олдилар. Вилоят даволаш-профилактика муассасалари томонидан бепул тиббий кўриклар ўтказилди.

Тарғибот тадбири ниҳоясида самарали фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлар, фермер ва ҳунармандлар рағбатлантирилди. Партия сафига янги қабул қилинган ҳайриҳоҳларга аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.

Тадбир ёшлар ва партия фаоллари иштирокида “Сенга омад O`zLiDeP” деб номланувчи рамзий мадҳия садолари остида ўз ниҳоясига етди.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    1256
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+