O‘zLiDeP хусусий боғчалар фаолиятини ривожлантиришга эътибор қаратмоқда

25.10.2019, 10:54

O‘zLiDeP хусусий боғчалар фаолиятини ривожлантиришга эътибор қаратмоқда

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ҳамда халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари иштирокида “Давлат – хусусий шерикчилик асосида нодавлат мактабгача таълим муассасалари тизимининг ривожлантирилиши ва унинг хуқуқий асослари” мавзусида амалий мулоқот бўлиб ўтди.

Амалий мулоқотда  вилоят мактабгача таълим тизимидаги муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари ҳақида сўз борди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг июль ойида O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан вилоятдаги мактабгача таълим тизимидаги муаммолар Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳар мисолида ўрганилган эди. Ўрганишлар жараёнида соҳада қатор муаммолар аниқланиб масала халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг сессиясига киртилди.

Хусусан, МТМда олий маълумотли кадрлар масаласи, вилоядаги 3-7 ёшли болаларни қамраб олиш даражаси, хавфсизлик ва санитария-гегиенага риоя қилиш борасида қатор камчиликлар аниқланган.

 - Албатта мактабгача таълим тизимида йиллар давомида қатор муаммолар тўпланиб қолган эди. Бизни тизим алоҳида вазирлик бўлиб,  фаолият бошлагандан буён соҳада қатор ислоҳатлар амалга оширилди. Соҳада кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратганмиз. Жорий йилда лоқайд, ўз ишига масулиятсизлик билан ёндошган 24 нафар мудиралар лавозимидан озод қилинди, - деди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилфуза Азизова.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражаси биринчи ярим йилликда 40,5 фоизга етиб, 1,1 млн болани ташкил этди. Йил бошидан буён ўсиш 2,8 фоизни ташкил этди. Йил охиригача эса бу кўрсаткични 44,5 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Бугунги кунда  соҳадаги изчил ислоҳотлардан бири давлат – хусусий шерикчилик асосида нодавлат мактабгача таълим муассасалари, уй боғчаларининг ривожлантиришга эътибор қаратилаётганлигидир. Очиқ мулоқотда мазкур тизимдаги қатор муаммоларни бартараф этиш юзасидан ҳам фикр мулоҳазалар алмашилди.

Мафтуна Омонова Пастдарғом туманидаги Дурмансой маҳалласида 25 ўринли уй боғча ташкил қилганига бир ойдан ошди. У ҳовлида болалар ўйингоҳи ташкил этиш учун 8 фоизли имтиёзли кредит олмоқчи бўлиб мутахассисга учрашганида, бу соҳада низомга кўра, имтиёзли кредитлар берилмаслигини айтган.

- Бизни тизимимизда фаолият бошлаётган тадбиркорларга ҳам имтиёзли кредитлар ажратилса, нур устига аъло нур бўлар эди, - дейди М.Омонова.

Шунингдек йиғилишда хусусий МТМларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, чекка ҳудудлардаги уй боғчаларига ҳамширалар бириктириш борасидаги муаммолар ўртага ташланди.

- O‘zLiDeP бугун юртимизда таълим сифатини ошириш учун соҳага хусусий секторни олиб киришни энг маъқул йўл деб билади. Мактабгача таълим тизимида тадбиркорликни бошлаган юртдошларимизнинг муаммоларини аниқлаш уларга амалий кўмак бериш депутатларимиз олдидаги энг муҳим вазифалардан биридир, - деди халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Бахтиёр Ҳўжаёров.

Бахтигул Қаршиева

O‘zLiDeP Самарқанд

вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

  • Кўрилди
    1015
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+