Оқдарё электр тармоқлари корхонаси депутат сўровига нега панжа орасидан қарамоқда?

26.10.2019, 15:17

Оқдарё электр тармоқлари корхонаси депутат сўровига нега панжа орасидан қарамоқда?

Оқдарё туман “Янги қўрғон ва” “Галаровот” МФЙда истиқомат қилаётган 60 дан зиёд хонадонни бир неча йилдан буён, электр таъминотидаги узулишлар муаммоси қийнаб келмоқда.

Муаммо шундаки, кейинги йилларда аҳоли сонининг кескин ошиши, қишлоқларнинг кенгайиши ҳисобига ушбу ҳудудда ишлаб турган трансформатор қуввати етишмаслиги оқибатида тез-тез узилишлар кузатилмоқда.

Мазкур муаммони ижобий ҳал этиш, ҳудудга қўшимча равишда трансформатор олиб келиб ўрнатишда бир гуруҳ маҳалла  фуқаролари ўтган йили апрел-май ойларида халқ депутатлари Оқдарё туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳига мурожаат қилган.

Мурожаат юзасидан халқ депутатлари Оқдарё туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Рустам Ғаниев 2018 йил 5 май куни туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарига сўров йўллаган. Сўровга жавобан юборилган хатда, мазкур ҳудудда  ҳақиқатдан муаммо борлиги, уни бартараф этиш учун қўшимча трансформатор пунктини ўрнатишни маълум қилган. Ушбу ишлар 2018 йилга мўлжалланган Давлат модернизациялаш дастурига киритганлигини айтиб ўтади. Бироқ орадан шунча вақт ўтган бўлсада муаммо ечилмасдан қолиб кетаверган.

Электр таъминотидаги узилишлардан чарчаган аҳоли ўзлари маблағ сарфлаб, янги трансформатор сотиб олишади ва 2019 йил февраль ойида мазкур ускунани ўрнатишда амалий кўмак сўраб яна халқ депутатлари Оқдарё туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳига мурожаат қилишади.

Мурожаат юзасидан халқ вакили яна Оқдарё туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарига аҳоли томонидан харид қилинган трансформаторни ўрнатишда амалий қўмак сўраб депутатлик сўровини йўллайди. Сўровга жавобан  депутатга, масала жойига бориб ўрганилгани, аммо ҳеч қандай трансформатор сотиб олинмаганига гувоҳ бўлгани ва ҳудуддаги ишлаб турган трансформаторга қўшимча равишда янги тарансфоматор пунктини ўрнатиш 2019 йилга мўлжалланган Давлат дастурига киритилишини таъкидлайди.

- Трансформатор сотиб олганимизга қарийб бир йил бўлди. Туман электр тармоқлари корхонаси ва бошқа мутасадди ташкилотларга қанча мурожаат қилмайлик, масаламизни ижобий ҳал этиб бермаяпти. Муаммомиз ҳал бўлса сизлардан аҳоли рози бўлар эди, - дейди биз билан суҳбатда Галаравот маҳалласи фуқароси Жўрабек Ғойибов. 

Бугунги кунда юртимизда мамлакатимиз раҳбари томонидан аҳоли мурожаатларини ўрганишда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилиши керак тамойили жорий этилгани катта натижалар берди. Айниқса, давлат идораларининг аҳолини рози қилиш тамойили асосида ишлашга ўтгани кўпгина муаммоларни ижобий ҳал этишда қўл келмоқда. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, аҳоли мурожаатларидан тортиб, депутатлик сўровларигача бефарқ бўлган ташкилотлар ҳам учраётгани ачинарли ҳол. Оқдарё туман электр корхонасининг бундай ёндошувини аҳоли мурожаатлари ва депутатлик сўровларига беписандлик дея баҳолаш мумкин.

Биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Бахтигул Қаршиева

O‘zLiDeP Самарқанд

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    1211
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+