Воҳада ислоҳотлар бардавомлиги учун масъулмиз

28.10.2019, 14:41

Воҳада  ислоҳотлар бардавомлиги учун масъулмиз

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгашининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди. Унда халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман кенгашлари депутатлари, тадбиркор ва фермерлар, партия фаоллари, ёшлар иштирок этдилар. Анжуманда вилоят кенгашининг 2015-2019 йиллар давридаги умумий фаолияти бўйича ҳисоботи, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман кенгашлари сайловида иштирокининг устувор вазифалари ҳақида сўз борди. Конференцияда вилоят кенгаши раиси Шуҳрат Турсуновнинг ҳисобот маърузаси эшитилди.

- Кейинги йилларда юртимизда сиёсий партияларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсирини кучайтиришнинг ҳуқуқий пойдевори мустаҳкамланди,-деди вилоят кенгаши раиси ўз маърузасида. - Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилнинг 7 февралида “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг қабул қилиниши барча партияларга ўз дастурий мақсадларини амалга оширишда жуда кенг имконият ва қулайликлар берди.  Ҳар қандай сиёсий куч учун сайлов натижалари илгари сурилган ғоя ва мақсадларининг жамият ҳаётидан қай даражада ўрин эгаллашини билдиради.   Биз демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш борасидаги вазифаларни амалга оширишни энг устувор вазифа деб танлаб олганмиз. Партия Дастури ва Сайловолди платформасида белгиланган ҳамда олдимизда турган долзарб мақсад ва вазифалардан келиб чиқадиган барча туман, шаҳар партия ташкилотлари раҳбарларининг назарий-амалий, сиёсий билимлари ва касбий маҳоратини ошириш учун махсус семинар-тренинглар ташкил этилди.

Ҳисобот даврида ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка йўналтириш, интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган қатор лойиҳалар, танловлар, семинарлар ташкил этилди ва минглаб ёшлар ўз бизнесларини йўлга қўйишди.

Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини оширишга қаратилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳисобот даврида 1433 га яқин партиявий тадбирлар ва махсус лойиҳалар ташкил этилди. Уларда 73 мингдан ортиқ хотин-қизлар иштирок этдилар.               

Ўтган даврда воҳанинг турли бурчакларида истиқомат қилаётган 200 нафардан ортиқ ишсиз аёл тадбиркорликка жалб этилиб, уларга 3,5 млрд сўм кредит маблағи ажратилишида амалий ёрдам берилди. Натижада 600 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.  

Депутатлик гуруҳлари томонидан ҳудудларда кечаётган ислоҳотларга халақит бераётган жиддий камчилик ва нуқсонларни аниқлаш, очиқ, ошкора ва амалий руҳда муҳокама қилиш, ечимига доир мақбул йўлларини таклиф этиш ишлари давом этмоқда. Ижро хокимияти идоралари раҳбарларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларига оид ўтказилган 839 та эшитувнинг 253 таси хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш масалаларига қаратилди. Тадбиркорлар ва фермерларни қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 2957 та депутатлик сўровлари мутасадди ташкилотларга юборилди ва асослантирилган тушунтиришлар олинди.

2015 йил 1 январида 777 та бошланғич партия ташкилоти фаолият олиб борган бўлса, бугунги кунга келиб улар сони 1053 тани ташкил этди.  Ҳисобот даврида партия аъзолари сони 48478 нафарга кўпайиб, 62747 нафарга етди.

  

- Ҳудудларда партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини амалга ошириш  юзасидан БПТ раислари учун ўқув-семинарлар ташкил этилгач, аъзоларимиз фаолиятида сезиларли ўзгаришлар содир бўлди, - дейди вилоят кенгаши ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири Сарвар Бекмуродов.- Электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида партиямиз “O‘zLiDeP –Янги даврга янгича қарашлар билан”, “O‘zLiDeP биргаликда биз кучмиз”, “O‘zLiDeP -замон билан ҳамнафас” “Янги Ўзбекистонда янги сайловлар” шиорлари остида аҳоли, сайловчилар орасига кириб бормоқда.  

 Конференцияда сўзга чиққанлар, сиёсий майдонда партиялараро рақобат ва ўзаро кураш борасидаги кенгаши фаолияти талаб даражасида эмаслиги, O‘zLiDeP илгари сураётган ғояларнинг бошқа сиёсий партияларникидан афзал ва устун томонларини исботлаш, сиёсий кураш майдонига дадил чиқиш, O‘zLiDePнинг дастурий вазифаларини танқид қилаётганларга аниқ ва ҳаққоний жавоб қайтариш учун  сайлов кампаниясига янги қиёфаларни, айниқса, салоҳиятли ёшларни жалб этиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.

- Бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш бугунги кун талабларига жавоб бермайди,-деди халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгаши депутати Абдусалим Мўминов. – Очиғи, кенгашларимиз қуйи бўғинлар фаолиятини жонлантириш борасида етарли иш қилишмаяпти. Сайловларда ғалаба қозониш учун биз асосан уларга таянишимизни унутмаслигимиз лозим. Қўйи бўғин фаолиятини бугунги кун талаби даражасида ташкил этиш нафақат вилоят, туман кенгашларининг, балки ҳар бир депутат ва фаолининг масъулиятли вазифасидир. Ютуқлар ўз йўлига, аммо камчиликларни бартараф этмас эканмиз, ташкилий-партиявий, ғоявий-сиёсий ишларимиз ҳеч қандай самара бермайди. Мен бу ҳақда деярли ҳар бир йиғилишда айтаман.  

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда муваффақиятли иштирок этиш ва кўзланган натижаларга эришиш учун кенг имкониятлар, фаолларда эса етарли куч, тажриба ва салоҳият бор.

Конференцияда O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши ва вилоят кенгашидаги назорат тафтиш комиссиясининг янги таркиби сайланди. Шунингдек, O‘zLiDePнинг навбатдаги съездига делегатлар сайланди.  

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    996
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+