Пискентдаги муаммо аҳолини хавотирга солмоқда. Мутасаддилар эса қуруқ ваъда бериш билан қутиляпти

29.10.2019, 17:52

Пискентдаги муаммо аҳолини хавотирга солмоқда. Мутасаддилар эса  қуруқ ваъда бериш билан қутиляпти

Пискент тумани “Ойбек” МФЙ “Ғолиблар” кўчасида яшовчи фуқаролардан халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Акмалжон Исабаевга мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда Оҳангарон-Далварзин ирригация тизими бўлими биноси ёнидаги боши берк кўчада турли тош, ғишт бўлаклари, бетон қолдиқлари уюлиб кетгани баён қилинган. Бу масалани ҳал этиш бўйича 2012 йилда туман ҳокимлигига қилинган мурожаат ҳозирга қадар эътиборсиз қолаётгани таъкидланган.

Халқ вакили А.Исабаев ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Пискент туманига борди ва аҳоли билан суҳбатлашиб, уларнинг эътирозларини тинглади. Бу масала бўйича жорий йилнинг 10 апрель куни Пискент туман ҳокимига депутатлик сўрови юборди.

Орадан етти кун ўтгач, туман ҳокимлигидан жавоб хат келди. Туман  ҳокими ўринбосари С.Исақулов имзолаган хатда шундай дейилади: “Ойбек” МФЙ ҳудудида жойлашган нотурар жой биноси ва ер майдони Оҳангарон-Далварзин ирригация тизими бўлими номига расмийлаштирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган. Мурожаатда кўрсатилган ер майдони ёнғин хавфсизлиги бўйича сув ҳовузи бўлганини маълум қиламиз”.

Аммо халқ вакилининг бу маълумотга асосланиб, Охангарон-Далварзин ирригация тизими бўлимига юборган депутатлик сўровига ҳудуддаги ер майдони бошқармага тегишли эмаслиги, айни пайтда туман ҳокимлиги заҳирасида экани аниқланди. Шундан сўнг А.Исабаев 2019 йил 1 май куни ушбу ҳолат бўйича туман ҳокимига қайта депутатлик сўрови юборди. Мурожаатни ўрганиб чиқиб, кўрсатилган ерда ободонлаштириш ишларини олиб борилишида амалий ёрдам сўради. Лекин бунга туман ҳокимлигидан қуйидагича жавоб хати келди.

Унда шундай дейилади: “Ойбек МФЙ “Т.Полвон” кўчасидаги сув ҳовузи кўп йиллар аввал қуйма бетондан қурилган бўлиб, вақт ўтиши натижасида ташландиқ ҳолга келиб қолган. Ушбу сув ҳовузи икки тарафдан хонадонлар девори ва қолган икки тарафи фуқароларни хонадонларига олиб борувчи йўл ҳисобланади. Туман ҳокимлиги томонидан сув ҳовузи ўрни чиқиндилардан тозаланади ва атрофи ободонлаштирилади. Ҳудудда эса  ҳомийларни жалб қилган ҳолда болалар майдончасини қуриш чоралари кўрилади”.

Тўғри, ваъдага мувофиқ шу йилнинг 13 август куни туман ҳокими ўринбосари С.Исақулов бошчилигида ҳудудга техника олиб келиниб, ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Аммо расмдаги ҳолатларни кўриб, бунга сира ҳам ишонмайсиз. Чунки ишлар чала қилинган. Шу сабабли жорий йилнинг 22 август куни O‘zLiDeP Пискент туман Кенгаши аппарат раҳбари З.Махмудова туман ҳокими ўринбосари С.Исақулов билан учрашиб, муаммо ечими билан қизиқади. Ҳоким ўринбосари эса туманда бетонларни майдалайдиган махсус техникалар йўқлигини айтиб, бу ишларни мустақиллик байрамидан сўнг якунига етказишга ваъда беради.  

“Мана, мустақиллик байрами ўтиб, қиш яқинлашиб қолмоқда. Лекин ишлар чала, йўлни бир четига олиб қўйилган бетон қолдиқлари олиб кетилмаган. Бетон бўлакларидан чиқиб турган симлар эса ёш болалар учун жуда хавфли”, – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Биз эса туман ҳокимлиги белгиланган муддатда муаммони бартараф этишига ишонч билдирамиз ва лозим бўлса, бу мавзуга яна қайтамиз.

O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    2007
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+