Хўжайлида йўл-транспорт ҳодисалари сони ортмоқда. Масъуллар йўл белгилари ўрнатмайдими?

30.10.2019, 17:42

Хўжайлида йўл-транспорт ҳодисалари сони ортмоқда. Масъуллар йўл белгилари ўрнатмайдими?

Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани “Амударё-Хатеп” овул фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаролардан халқ депутатлари туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси М.Елмагамбетовга мурожаат келиб тушди.   

“Туманимиз ҳудудидан ўтувчи А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг “Амударё-Хатеп” ОФЙга олиб борувчи чорраҳада йўл транспорт ҳодисалари кўп содир бўлади. Сабаби бу чорраҳада ҳаракат хавфсизлиги бўйича йўл белгилари мавжуд эмас. Тегишли йўл белгиларини ўрнатишда мутасадди ташкилотлардан ёрдам сўраганмиз, лекин натижа бўлмаган. Сизлардан илтимос, шу масалани ҳал этишда кўмак берсангиз”, – дейилади ушбу мурожаатда.

Халқ вакили М.Елмагамбетов ушбу ҳолатни жойига чиқиб ўрганди, фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларнинг эътирозларини тинглади. Мурожаат юзасидан жорий йилнинг 12 август куни Хўжайли тумани ички ишлар бўлими, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимига сўров юборди. Орадан беш кун ўтиб, жавоб хати келди.

Унда шундай дейилади: “Хўжайли тумани ички ишлар бўлими, йўл ҳаракати хавфсизлик бўлими мурожаатингизни ўрганиб чиқди ва ечими бўйича шу йил 16 август куни Хўжайли тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига 11/70-80-сонли хат юборди”.

“А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлидан ўтувчи машиналарнинг аксарияти соатига 50-60 км тезлик билан ҳаракатланади. Бу эса ёшлар, айниқса, ўқувчиларнинг кўчаларда ҳаракатланишига ноқулайликлар туғдирмоқда. Тўғри, бу борада аллақачон тегишли ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Афсуски, ҳалигача муаммога ечим топилгани йуқ”, – дейди тумандаги 16-сонли мактаб директори М.Утегенов.

Унинг қўшимча қилишича, “Хатеп” овулида яшовчи болалар “Амударё” овулидаги мактабга қатнайди. Кечки пайтлари мактаб ўқувчилари ушбу чорраҳадан ўтишади. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ушбу чорраҳада ҳатто 3 та йўл транспорт ҳодисаси ҳам содир бўлган.

Ўйлаймизки, бу муаммо масъуллар эътиборидан четда қолмайди, ижобий ҳал этилади. Чунки бунга ечим бор. Биз эса мавзуга яна қайтамиз.

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1362
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+