Янги Ўзбекистон феномени (2-мақола)

31.10.2019, 15:02

Янги Ўзбекистон феномени (2-мақола)

Бугун биз мутлақо Янги Ўзбекистон барпо этилаётган, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳалари янгиланаётган, халқимизни юксалиш сари етаклаётган Ҳаракатлар стратегияси самарали амалга оширилаётган замонда яшаяпмиз. “Юксалиш” ғояси қарийб ўттиз йилдан буён мустақил тараққиёт йўлидан бораётган Ўзбекистон жамиятининг бугунги куни, янги тараққиёт босқичининг мақсад-муддаоларини яққол ва яхлит ифодалайди. Айни пайтда у мамлакатимизда кейинги йилларда кенг қулоч ёйган ислоҳотларнинг пировард натижаларига эришишнинг самарали йўллари ва имкониятларини ҳам ўзида акс эттиради.

Хўш, O‘zLiDeP назарида ушбу ғоянинг асл мазмун-моҳияти, таянч парадигмалари ва устувор тамойиллари нималардан иборат? Унинг миллий биқиқлик ва миллий маҳдудлик, протекционизм ва изоляционизм учун асос бўладиган баъзи сароб ғоялардан фарқи нимада? Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва ислоҳотларни амалга ошириш билан боғлиқ вазифаларни ҳал қилишда нималарга алоҳида эътибор қаратиш лозим?

Янги Ўзбекистон феномени (1-мақола)

Таъкидлаш жоизки, “юксалиш” тушунчаси фалсафий маънода муайян халқ ёки давлат ўз тараққиётининг бир давридан иккинчи даврига ўтиши ёки жамиятдаги умрини ўтаб бўлган тушунча ва тамойиллар, амалий фаолият мезонлари, баъзи тартиб-қоидалар ҳамда эскирган ижтимоий муносабатларнинг таянч парадигмаларини замонавий талаблар асосида ислоҳ этиш ва ривожланишнинг янги босқичига эришиш жараёнини ифодалайди. Инсониятнинг кўп асрлик тажрибасига кўра, ҳар бир мамлакатнинг бу жабҳада танлаган ислоҳотлар стратегияси ўзига хос бўлиб, бошқа бир давлатнинг юксалиши учун айнан мос келмайди.

Айни пайтда, ушбу соҳада ҳам умумий қонуниятлар, асосий парадигмалар ва устувор тамойиллар шаклланган. Шу маънода қадимги дунёнинг доно файласуфларидан бири Конфуцийнинг “Юксалиш – эзгу мақсад, барқарорлик – унга эришишнинг шарт-шароити, ислоҳотлар эса уни таъминлашнинг асосий воситасидир” деган фикри ҳар қандай янги тараққиёт даврига ўтишнинг мазмун-моҳиятини лўнда ифодалайди.

“Юксалиш” тушунчасига бир қатор ибораларни қўшиб ишлатиш тажрибаси ҳам бор. “Иқтисодий юксалиш”, “Ижтимоий юксалиш”, “Маънавий юксалиш”, “Маданий юксалиш” кабилар ана шу асосда шаклланган. Масалан, Франция, Германия, Швеция, Япония, Жанубий Корея каби мамлакатларнинг II Жаҳон урушидан кейинги ривожланиши учун асос бўлган ва ХХ аср ўрталаридан бошланган тараққиёт стратегияларида иқтисодий юксалиш масалаларига кўпроқ эътибор қаратилгани маълум.

Хорижий экспертлар фикрига кўра, “юксалиш” тушунчасига “миллий” ибораси қўшиб ишлатилганида муайян халқ ёки бирор давлатнинг ўзига хос хусусиятлари асосида ривожланаётгани англашилади. Фарқлаш лозимки, миллий биқиқлик ва миллий маҳдудликнинг натижаси бўлган “протекционизм” ва “изоляционизм” билан боғлиқ ғоя­лар эса муайян мамлакатнинг ўз қобиғига ўралгани ҳамда ташқи дунёдан ажралиб қолганини билдиради.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг маърузаларини чуқур ўрганиш орқали шундай хулосага келиш мумкинки, бугун мамлакатимизда “Юксалиш” ғояси аҳолининг барча қатламлари, ҳамма сиёсий партиялар, давлат ва нодавлат ташкилотларнинг умумий манфаатлари ва муштарак мақсадларини ифодаламоқда. O‘zLiDeP назарида ҳам бу ғоя юртимизда яшаётган барча кишиларнинг эзгу мақсад-муддаоларини акс эттиради ва Юртбошимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасини таъминлашга бел боғлаган умумхалқ ҳаракатининг бош шиорига айланган.

Ўзбекистон Республикасини янада ривож­лантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси, “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Одилона қонунларни қабул қилиш, жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир”, “Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” каби ҳикматларда “Юксалиш” ғояси таянч парадигмаларининг мазмун-моҳияти ўз ифодасини топган. Улар жамиятимиз ҳаё­ти, халқимиз қалби ва онгидан чуқур жой олди, бутун мамлакатимиз, барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи кучга, таъбир жоиз бўлса, ғоявий ўзаги ва маънавий таянчига айланди. Бундай тарихий ўзгаришлар силсиласида халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишлаш бўйича тамомила янги тизимга асос солингани ва бунинг халқаро миқёсда ноёб тузилма сифатида кенг эътироф этилаётгани эса ушбу жараённинг самарали амалга ошаётганидан далолат беради.

Бу борада дунёнинг баъзи халқлари ва мамлакатлари ҳаётида яхши самара бераётган таж­рибалар ҳам бор. Масалан, Хитойда Дэн Сяопин 1978 йилдан бошлаб “ислоҳотлар ҳамда очиқлик” сиёсатини жорий қилгани маълум. Унга кўра, ташқи ҳамкорларга нисбатан “очиқ эшиклар сиёсати” тамойили, иқтисодиётни либераллаштириш, валютанинг эркин конвертацияси ҳамда махсус иқтисодий зоналарни ташкил этиш иқтисодиётни ривожлантиришнинг тамал тоши бўлган эди. Мазкур мамлакатнинг ўзига хос тараққиёт стратегияси ва янгиланиш тамойиллари кейинги ўттиз йил давомида Хитойда ялпи ички маҳсулотнинг икки хонали рақамларда ўсишига имкон берди, уни дунёнинг энг қудратли ва бой мамлакатларидан бирига айлантирди.

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида алоҳида таъкидланган “Бугунги кунда Ўзбекистон жадал ривожланмоқда. Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, теран англаган ҳолда, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз. Жамиятимизда сиёсий фаоллик ортиб бормоқда, барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Улардан кўзланган мақсад – “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган оддий ва аниқ-равшан тамойилни амалга ошириш устувор аҳамиятга эга бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдан иборат”, деган фикр ҳам “Юксалиш” ғояси таянч тамойилларининг халқаро майдондаги яққол ифодасидир.

O‘zLiDeP “Миллий тикланишдан ­– миллий юксалиш сари” ғоясини бирор-бир партия эмас, балки бутун мамлакатимиз аҳолиси, барча-барчамизнинг умумий мақсад ва манфаатларимизни ифодалайдиган умумхалқ ҳаракатининг асоси сифатида ва кенг маънода талқин қилиш тарафдоридир. Зеро, ушбу ғоянинг мазмун-мантиғи ҳам ана шундан далолат беради.

“Миллий” ибораси қўлланган барча ҳолларни бизники дейишга ўрганиб бораётган “Миллий тикланиш” партиясининг баъзи мафкурачилари бу ғояни ҳам фақат ўзлариники деб талқин этаётгани, яъни битта партия шиори сифатида тор маънода тушунаётгани афсусланарли ҳолдир. Улар бундай бир томонлама ёндашув ушбу ғоянинг барча имкониятлари ва умумий хусусиятларини рўёбга чиқаришга халал бериши мумкинлигини эсдан чиқармоқдалар, шекилли.

Бу партиянинг 2019 йил 4 апрелдаги “Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида миллий ғояни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармойишига муносабати ҳам ана шундай бир ёқламароқ бўлган эди. Ушбу ҳужжат эълон қилинганида “Миллий ғоя – бизнинг ғоя” шиори фақат бизники деган тасаввур оқибатида ниҳоятда кўтаринки руҳни намоён қилган мазкур партия мафкурачилари негадир кейинги пайтларда, фармойиш ижросини таъминлашда ўз ташкилотларининг ҳам масъуллиги билан боғлиқ муҳим вазифалари ҳақида сўзлашни унчалик хуш кўрмайдиган бўлиб қолишди.

Аслида, Президентимиз миллий ғояни ривожлантириш зарурлигини бугун эмас, балки бундан 14-15 йил илгари чуқур англаган ва бу жабҳада амалий чоралар кўришга киришганди. 2005 йил апрелида Вазирлар Маҳкамаси биносининг олтинчи қаватидаги мажлислар залида муҳим йиғилиш бўлиб ўтган эди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев бизга “Миллий ғоя” методологик таянч марказини очиш лозимлигини таъкидлаб, ушбу йўналишда зарур ишланмалар, услубий қўлланмалар, аудио ва видео маҳсулотлар, кўргазмали воситалар мажмуаларини яратиш ҳақида кўрсатма берганди.

Шундай марказ ташкил этилиб, топшириқнинг методик ишланмалар тайёрлаш билан боғлиқ қисми муайян даражада бажарилганидан сўнг, икки ой ўтиб, Ҳукуматимиз раҳбари таянч марказнинг минтақавий бўлинмаларини очиш ҳақида ҳам кўрсатма берди. Жойлардаги раҳбарлар ва соҳа мутахассисларининг миллий ғоя омилидан самарали фойдаланиш усуллари ва имкониятларини чуқурроқ эгаллаши учун амалга оширилган бу тадбир туфайли Фарғона (политехника инс­титути биносида), Самарқанд (давлат университети), Қарши (давлат университети), Бухоро (давлат университети) ва Нукус (давлат университети) шаҳарларида таянч марказнинг минтақавий бўлимлари очилган, бир ойдан сўнг эса шундай бўлинма Жиззах шаҳри (Ёшлар маркази)да ҳам иш бошлаган эди.

Ҳукуматимиз раҳбари ўша даврдаёқ ушбу жабҳанинг назарий масалалари билан бирга, амалий жиҳатлари ҳамда натижадорлиги билан боғлиқ омиллари ва ҳаётий тамойилларини назардан қочирмаслик зарурлигига алоҳида аҳамият қаратган эди. Миллий ғояни ўқиш ва ўрганиш, раҳбарлик амалиётида ушбу омилдан самарали фойдаланиш борасида таянч марказнинг вазифаларини бажариш учун “Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” махсус курсини ўқув жараёнига киритиш ҳақидаги топшириқ ва кўрсатмалари ҳам муҳим аҳамият касб этган эди.

Тўғрисини айтсам, ўзимиз ҳам бундай стратегиялар ҳақида тузукроқ маълумотга эга бўлмаган ўша даврда, ушбу топшириқни бажариш асносида кўп нарсаларни ўргангандик. Мазкур номдаги ўқув курси эса 2005 – 2006 ўқув йили бошланишидаёқ таълим жараёнига жорий этилган ва нафақат таянч марказ, балки у қошида бўлган бош муассасанинг энг асосий таълим йўналишларидан бирига айланганди. Натижада у биринчи модул сифатида ва сентябрнинг дастлабки куниданоқ икки ой давомида энг кўп ҳажмда (120 соат) ўқитиладиган, тингловчилар томонидан бўлажак фаолиятлари учун энг фойдали ҳамда қизиқарли фанлардан бири дея эътироф этиладиган махсус курс сифатида шаклланган эди.

Бу эса Президентимиз томонидан 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ишлаб чиқилиши асло тасодиф бўлмагани, балки камида 15 йил илгариёқ Юртбошимиз тафаккурининг маҳсули сифатида пайдо бўлиб, энди амалга оша бошланганини исботлайди.

Аслида, миллий ғоя ҳам, Ҳаракатлар стратегияси ҳам, бирор бир партия эмас, балки ҳамма партиялар ҳамда “Юксалиш” умумхалқ ҳаракатининг бош мезонлари ва жамиятимиз ҳаётининг умумий тамойилларини яхлит ифодалайдиган таянч асослардир. Уларга нисбатан тор, партиявий ёндашувлар ўзини оқламайди ва амалиётга фойда келтирмайди.

ХДП вакилларининг “Бозор иқтисодиёти бизга тўғри келмайди” қабилидаги фикрлари ҳам ана шундай тор партиявий қарашларни ифодалайди. Агар “бизга” дейилаётганида фақат ХДП назарда тутилаётган ва фақатгина унга хос партиявий ёндашув, шу асосдаги тамойилларга асосланилаётган бўлса, бу бошқа гап. Бошқа масалаларда ҳам ҳар бир партиянинг ўз дастурий ёндашуви борлиги демократик ҳаётнинг фикрлар ранг-баранглиги ҳақидаги қоидасига мослиги нуқтаи назаридан, эҳтимол, бунга бетоқат бўлмаслигимиз керакдир? Аммо бозор иқтисодиётининг жаҳондаги барча ривожланган мамлакатлар тараққиё­тини таъминлаётган омил эканини назардан қочираётган ХДП мафкурачиларининг бу позицияси асоссизлигини яна бир бор эслатиш ҳам партиявий бурчимиз эмасми?!

Хуллас, O‘zLiDeP мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига доир партиявий фаолиятда мазкур масалаларнинг моҳиятини тўғри анг­лаш ва улар билан боғлиқ энг муҳим ва умумий жиҳатларга алоҳида диққат-эътибор қаратиш тарафдоридир. Партиямиз бундай умумхалқ аҳамиятига молик ва бутун жамият ҳаётининг барча соҳаларига тааллуқли муҳим масалаларга енгил-елпи ва тор доирада ёндашмаслик лозим деб ҳисоблайди. Масъу­лиятни чуқур англаш, ушбу йўналишдаги умумхалқ ҳаракатининг таркибий қисми сифатида фаол ишлаш зарурлигини асло ёддан чиқармаслигимиз даркор.

Бугунги кунда эркин ва фаровон, инсонпарвар ва адолатли давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш каби ғоялар жамиятимизнинг барча қатламлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. “Юксалиш” ғоясини амалга татбиқ этиш борасидаги кенг кўламли вазифаларнинг бажарилиши мамлакатимиз барқарор тараққиётининг муҳим шарти бўлиб, юртимизда бир осмон остида яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли миллат ва элатлар, динлар ва конфессияларга мансуб кишилар, давлат ва жамоат ташкилотлари, бир сиёсий майдонда ҳаракат қилаётган партиялар вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, албатта.

Яқинлашиб келаётган сайловлар эса, ўз нав­батида, ҳар биримиздан сиёсий ҳушёрлик, ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини сезиш ва бу йўлда барчамизнинг зиммамизга улкан масъулият юкланганини чуқур англашни талаб қилади.

Қиём НАЗАРОВ,

фалсафа фанлари

доктори, профессор

Теглар
Кун мавзуси
  • Кўрилди
    354
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+