Меҳнат муносабатлари: ўзгариш ва янгиланишлар

31.10.2019, 15:28

Меҳнат муносабатлари: ўзгариш ва янгиланишлар

Янги таҳрирдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида қандай тартиб-таомиллар кўзда тутилмоқда?

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш орқали ишсизликни камайтириш, оилалар фаровонлигини оширишга қаратилган қатор амалий ишлар бажарилди. Лекин ижобий натижалар билан бирга бу борада ўз ечимини кутиб турган муаммолар ҳам талайгина.

Амалдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига йигирма йилдан ортиқ вақт ўтди, ундаги қоидалар эскириб, бугунги кун талабига жавоб бермай қолди. Масалан, мазкур қонунда меҳнат бозори янги воситалари, яъни тадбиркорликни рағбатлантириш, ўзини-ўзи банд қилиш, шахсий томорқа хўжаликларини ривожлантириш ва ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш, иш стажини ҳисобга олишда ахборот тизимларидан фойдаланиш каби механизмлар акс эттирилмаган. Шунингдек, жамоат ишлари, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа меъёрлар белгилаб берилмаган. Янги иш ўринларини ташкил этиш, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакани ошириш бўйича давлат буюртмаси механизмлари кўрсатилмаган ҳамда иш берувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қоидалари киритилмаган.

Бугун тўланиб келинаётган ишсизлик нафақалари ҳамда  ишсизларга касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш даврида тўланадиган стипендия ҳажми ва миқдорининг камлиги (минимал миқдори 152 минг сўм) иш қидириш даврида ишсизлар эҳтиёжларини қопламаяпти. Қолаверса, кейинги 20 йил давомида меҳнат бозорида жиддий ўзгаришлар рўй берди, хусусан, иш билан банд бўлганлар сони 1,5 баробарга (8,8 миллиондан 13,5 миллионгача) кўпайди, иш берувчилар сони эса 4,5 баробарга (203,2 мингдан 928,9 мингача) ортди.

Юқорида баён этилган муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига асосан янги таҳрирдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тегишли вазирлик ва идоралар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида ишлаб чиқилди. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбатида лойиҳани такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ҳам йиғилиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тақдим этилди.

Шу йилнинг 16 октябрь куни мазкур лойиҳа Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли тартибда Қонунчилик палатасига киритилди ва биринчи ўқишда қабул қилинди.

Қонун лойиҳасининг асосий жиҳатлари шундаки, у тўғридан-тўғри амал қилувчи хусусиятга эга бўлиб, 3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 та фармон ва қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бандлик ва меҳнат бозорини тартибга солиш, меҳнат миграциясини ташкил этиш бўйича қабул қилинган 40 дан ортиқ меъёрий ҳужжатларда кўзда тутилган ҳуқуқий нормаларни ўзида жамлаган. Қонун лойиҳасида бандлик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари, йўналишлари ва воситалари аниқ очиб берилган. Тегишли моддаларда бандликни таъминлашда хусусий бандлик агентликлари иштироки, янги иш ўринларини ташкил этишни рағбатлантириш, жамоат ишлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, микрокредитлаш дастурларини молиялаштириш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармалари маблағларидан самарали фойдаланиш тартиблари белгилаб берилган.

Лойиҳада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа тузилмаларнинг бандлик соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, бандлик дастурларини шакллантириш, меҳнат бозорини баҳолаш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳолини ишга жойлаштиришдаги ваколатлари қайта кўриб чиқилиб, тўлдирилган ва кенгайтирилган. Шунингдек, банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш, фаол иш қидираётган ишсизларга нафақа тайинлаш ва тўлаш шартлари батафсил, ҳаволаки нормаларсиз баён этилган.

Алоҳида янги бобда фуқароларнинг чет элларда ишлаш ҳуқуқи, чет элда ишлаш тартиби, меҳнат мигрантларига оид кенг қамровли маълумотлар базасини шакллантириш, уларнинг кетишдан олдинги тайёргарлиги, мониторинги ва моддий ва ижтимоий ҳимоя­си каби бандликнинг комплекс масалалари қатор моддаларда акс эттирилган.

Қонун лойиҳасида қайд этилганидек, иш билан таъминлашнинг самарали ва истиқболли йўналишлари – касбий малака ва компетенцияни ривожлантириш миллий тизими, ишга жойлаштириш, иш стажи ҳисобини юритиш, меҳнат дафтарчалари ва шартномаларини электрон ҳисобини юритишни назарда тутувчи “ягона миллий меҳнат тизими” дастурий комплекси жорий этилмоқда. Уларнинг амалга татбиқ қилиниши бандликни таъминлашнинг зарурий шарти ҳисобланади.

Бугунги кунда Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнлари қизғин давом этмоқда. Ўйлайманки, бу қонун меҳнат муносабатлари соҳасидаги муаммоларни қонуний ҳал қилиш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга тааллуқли ишларнинг самарадорлигини ошишига хизмат қилади.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1272
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+