Аграр ислоҳотларнинг муҳим босқичи

31.10.2019, 15:47

Аграр ислоҳотларнинг муҳим босқичи

ёхуд пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштиришда давлат иштирокидан аста-секин воз кечилиши хусусида

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган йўналишлар, айниқса, эркин бозор талабларига мос равишда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, ер ва сув муносабатларини такомиллаштириш масалалари бугунги фаолиятимизда устувор аҳамият касб этаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу эса, ўз навбатида, ушбу соҳада узоқ муддатга  мўлжалланган стратегияни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишни тақозо қилади.

Шу маънода, Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони аграр ислоҳотларни мантиқан янги босқичга олиб чиқди, десак муболаға бўлмайди.

Тасдиқланган стратегияга асосан, биринчидан, аҳолини барқарор нархлардаги хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда, фермерларга маҳсулот етиштириш ва уни реализация қилиш, шунингдек, бозор танлашда босқичма-босқич тўлиқ эркинлик берилса, иккинчидан, соҳа бошқарувида давлат ва маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатлари қайта кўриб чиқилади, ер ресурсларидан фойдаланишнинг замонавий тизимлари жорий этилади. Учинчидан, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги воситалари қўлланилади. Шу билан бир қаторда қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш ҳамда тармоқ статистикасининг очиқ ва шаффоф тизимини яратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилади.

Пировард натижада ер ажратиш ва уни олиб қўйишда шаффофлик тамойили устуворлик қилади ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг ҳақиқий бозор нархи шаклланади. Энг муҳими, ҳудудлар қишлоқ хўжалиги экинларига ихтисослаштирилиб, пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштиришда давлат иштирокидан аста-секин воз кечилади. Қишлок хўжалигида хизмат кўрсатишнинг рақобатга асосланган бозор механизмлари қарор топади ва ўртача меҳнат унумдорлиги 1,7 баробар ошади. Бу эса бозорларимиз юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдирилиши баробарида Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ошишига хизмат қилади.

Албатта, Президентимиз имзолаган ушбу ҳуқуқий ҳужжат ислоҳотларнинг янги босқичида халқимиз турмуш даражаси юксалиши, тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари даромадларини ошириш йўлида ўз вақтида қўйилган ҳаётий қадамдир. Мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти, ундан келиб чиқадиган вазифалар айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан ҳам пухта ўрганилмоқда.

Кези келганда, олдимизда турган яна бир муҳим масала ушбу фармоннинг амалиётга татбиқ этилиши билан бевосита боғлиқлигини айтиб ўтишимиз жоиз. Жойларда сайловчиларга унинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ва мазкур жараён устидан самарали парламент назоратига катта аҳамият қаратиш зарур. Шу мақсадда O‘zLiDeP фракцияси ва бизнинг қўмитамиз томонидан фармоннинг ижросини мунтазам мониторинг қилиш юзасидан изчил чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Мухтасар айтганда, фармон билан тасдиқланган тармоқ стратегияси мамлакатимиз аҳолисини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узвий таъминлаш баробарида фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектларига янги имкониятлар эшикларини очади.

 Тўлқин ЭШНАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Аграр ва сув хўжалиги

масалалари қўмитаси раиси,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    691
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+