Лойиҳа бор, лекин “ноль” қийматда бино керак. Жиззахлик тадбиркор муаммосига ечим борми?

31.10.2019, 18:40

Лойиҳа бор, лекин “ноль” қийматда  бино керак. Жиззахлик тадбиркор муаммосига  ечим борми?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Эркин Холбўтаевнинг Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашуви чоғида Жиззах шаҳрида жойлашган “KALINA LUKS SERVIS” МЧЖ раҳбари Ю.Хўжаковдан мурожаат келиб тушган эди.

Маълум бўлишича, тадбиркор 2,135 млрд. сўмлик полиэтилен қувурлар ва томчилатиб суғориш учун полиэтилен маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун ноль қийматда бино ва ер ажратилишида халқ вакилидан ёрдам сўраган.  

Халқ ноиби Э.Холбўтаев бу мурожаат бўйича 2019 йилнинг 25 март куни Жиззах шаҳар ҳокими А.Шукуровга 05/2-06-1224/21-сонли депутатлик сўрови юборган. Лекин депутатнинг “Ушбу масалани қонун доирасида ижобий ҳал қилиш  чораларини  кўриб,  мурожаат  муаллифи ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига жавоб хати юборишини сўраб” йўллаган сўрови олти ойдирки жавобсиз қолмоқда.

“Бугун мамлакатимизда тадбиркорларга бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Бунинг натижасида кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари иқтисодиётимизнинг таянчига айланди. Биз ҳам соҳага берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, истиқболли лойиҳамизни ҳаётга татбиқ этмоқчи эдик. Бироқ, қарийб бир йилдан буён “ноль” қийматда бино олишга қийналяпмиз. Агар муаммойимиз ҳал бўлса, 20 та иш ўрни яратиб, йилига 1000 тонна маҳсулот ишлаб чиқарган бўлардик”, – дейди тадбиркор.

Умид қиламизки, мутасаддилар бу муаммони тез орада атрофлича ўрганиб чиқади ва тадбиркор Ю.Хўжаковга амалий ёрдам беради. Биз эса мавзуга яна қайтамиз.

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1162
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+