O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгашининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди

01.11.2019, 10:35

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгашининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон  Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгашининг 2015 – 2019 йиллар давомидаги фаолиятига бағишланган ҳисобот-сайлов конференцияси танқидий-таҳлил руҳида ўтди. Кун тартибидаги ҳар бир масалага делегатларнинг катта масъулият билан ёндашгани, иштирокчиларда дахлдорлик ҳисси ҳар қачонгидан ҳам яққолроқ намоён бўлгани эътиборга лойиқ. Буни анжуманни кузатиш ва унинг ишини оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун келган журналистлар ҳам эътироф этишди.

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Тўрабек Назаровнинг маърузаси ҳам аввалгилардан фарқ қилди. Аввал ижобий ишлар қисқагина санаб ўтилгач, кейин қиёсий рақамлар танқидий-таҳлилий руҳда келтирилди. Муҳокамаларда кўпроқ камчиликларни бартараф этишнинг самарали усуллари, истиқболли таклифларга вақт ажратилди.

Маълумки, ҳар қандай партиянинг асосий таянчи унинг бошланғич ташкилотидир. Сабаби, меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда фаолият юритаётган, бевосита одамлар билан ишлайдиган, уларни партия ғояларини ҳаётга татбиқ этиш йўлида бирлаштирадиган тузилма айнан қуйи бўғиндир.

Пойтахтимизда 2015 йилда БПТлар сони 1100 тани, партия аъзолари сони 41217 нафарни ташкил этган бўлса, 2019 йил 1 октябрь ҳолатига БПТлар 1376 тага, аъзолар 82258 нафарга етди. Бу эса ҳисобот даврида партия аъзолари сони 41041 нафарга,  БПТлар  сони 276 тага ошди деганидир. Ҳудудий партия ташкилоти томонидан сайловдан сайловгача жами 6380 та тадбир ташкил этилган бўлиб, улар орқали 662 843 нафар маслакдош қамраб олинди.

– Тўғри, муваффақиятларимиз ва салмоқли натижаларимиз ҳақида анча гапириш мумкин, – деди Т. Назаров. – Аммо туман кенгашлари  фаолиятида баъзи нуқсонлар ҳамон сақланиб қолаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Бу камчиликлар, аввало, ижро интизомининг сустлиги, тарғибот-ташвиқот ишларининг таъсирчанлигини кучайтиришга етарли эътибор қаратилмаганида кўзга ташланади. Тарғибот ҳақида гап кетганда, албатта, партиямизнинг ягона нашри – “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси имкониятларидан қандай фойдаланаяпмиз, деган савол ҳам ўртага қўйилиши табиий.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳисобот даврида O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан 350 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Жойларда тадбиркорларнинг дардини эшитиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш борасидаги ютуқлар ҳам талайгина. Бунда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги 20 нафар депутатимизнинг ҳам муносиб улуши бор.

Ҳисобот даврида O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари томонидан 204 та эшитув ўтказилган бўлса, шундан 173 таси туманлар миқёсида эканлиги муҳим аҳамият касб этади. Жами 1725 та депутатлик сўровидан 915 таси туманлар депутатларига тўғри келиши ҳам бежиз эмас.

Конференция давомида Тошкент шаҳар партия ташкилоти назорат-тафтиш комиссияси аъзолари, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг навбатдаги съездига пойтахтдан делегатлар  сайланди.

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    1364
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+