O‘zLiDeP хусусий тиббиётни ривожлантиришга эътибор қаратади (+фото)

01.11.2019, 16:23

O‘zLiDeP хусусий тиббиётни ривожлантиришга эътибор қаратади (+фото)

Жорий йилнинг 1 ноябрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аёллар билан ишлаш бўлими ташаббуси билан “Ўзбекистонда хусусий тиббиётни янада ривожлантириш масалалари” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Тегишли соҳа вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, партия “Аёллар қаноти” фаоллари иштирок этган тадбирда хусусий тиббиёт ташкилотларининг замонавий ҳолати ва истиқболига оид бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, соғлиқни сақлашда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар натижасида нодавлат тиббиёт муассасалари сони янада кўпайди, улар томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар турлари кенгайди.

Шу билан бирга, соҳада давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, инвестицияларни, айниқса, чет эл инвестицияларини жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, аҳолининг юқори технологик тиббий хизматлар ва ускуналардан фойдаланиш имкониятларини оширишда нодавлат сектори иштирокини рағбатлантиришга қаратилган қатор қарор ва фармонларнинг қабул қилиниши соҳани янада ислоҳ қилишга замин яратмоқда.

Берилган имтиёзлар ва яратилган шарт-шароитлар натижасида лицензия олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш муддати 30 кундан 20 кунга қисқартирилди. Бу учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 5 бараваригача камайтирилди, хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайди.

Провардида ўтган йиллар давомида ушбу соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратилиши натижасида бугунги кунда 5308 та хусусий клиникалар ташкил этилди. Биргина жорий йилнинг ўзида хусусий тиббий ташкилотлар сони 664 тага кўпайди, мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мавлуда Ходжаеванинг айтишича, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам ўз сайловолди дастурида хусусий тиббиётни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган. Зеро, партия давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида тиббиёт сифатининг тубдан яхшиланишини ёқлайди.

“Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида юқори самарадорликка эришган дунёнинг энг илғор 30 та мамлакати қаторига кириши, оналар ўлими кўрсаткичини учдан бир қисмга, чақалоқлар ва беш ёшгача бўлган болалар ўлимини - икки баровар, аҳоли ўртасида юрак-қон томир, онкологик касалликлар, қандли диабет ва сурункали респиратор касалликлардан ўлим ҳолатларини 30 фоизга камайтирилишига эришишни мақсад қилган, – дейди М.Ходжаева. –Бу борада партия қуйидаги устувор вазифаларни белгилаб олган. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, суғурта соҳасини ривожлантириш ва аҳоли соғлигини суғурталаш тизимини жорий этиш, хусусий тиббиётни ривожлантириш орқали аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишни энг муҳим вазифа, деб билади. Шундан келиб чиққан ҳолда, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматларни дунёдаги илғор талаблар даражасига олиб чиқиш, касалланиш кўрсаткичларини пасайтириш ва аҳолининг узоқ умр кўришини таъминлашга йўналтирилган “Ақлли тиббиёт” концепциясини жорий этади.

Тадбирда соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий суғуртани жорий қилиш ва бу борада хорижий тажрибани ўрганган ҳолда буни амалиётга татбиқ этиш лозимлиги айтиб ўтилди. Мажбурий тиббий суғуртага босқичма-босқич ўтиш эса ўз навбатида, тиббиёт соҳасини ва тиббий хизмат сифатини яхшилашга хизмат қилиши таъкидланди. Зотан, ишлаб чиқилаётган қонун ва Президент қарори лойиҳаларида ҳам юртимизда мажбурий тиббий суғуртани жорий қилиш жараёни босқичма-босқич амалга ошириши белгилаб ўтилган.

Биринчи босқич 2021 йилнинг 1 январидан бошланиб, ўз ичига тажриба сифатида Сирдарё вилоятида амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган бўлса, иккинчи босқич 2023 йилнинг 1 январидан республикамизнинг 6 вилояти қамраб олиниши ҳамда 2025 йил 1 январдан мамлакатимизнинг барча вилоятлари тўлиқ қамраб олиниши кўзда тутилган.

Тадбирда партия 2020 йилда ва ундан кейин ҳам хусусий тиббиёт соҳасини ривожлантириш, улар сонини янада кўпайтириш ҳамда кўрсатилаётган тиббий хизматлар турларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиши таъкидланди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    184
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Bahodir2019-11-02 15:34:40

O'zbekistonni Iloji Boricha Tibbiyot Markazi Dunyosi Qilish Kerak.Eng Qiyin Operatsiyalarni Qilishni Amalga Oshirish Kerak.Boshqa Davlat Qilolyatti Biz O'zbeklar Qilolmaymizmi.?.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+