“Ишонсангиз, шу йўлларга ўзимиз ҳам ўрганиб қолдик”, – Нуротадаги йўл муаммосига ечим борми?

01.11.2019, 17:43

“Ишонсангиз, шу йўлларга ўзимиз ҳам ўрганиб қолдик”, – Нуротадаги йўл муаммосига ечим борми?

Нурота тумани “Эшон Судур” МФЙ ҳудудидаги “Амир Темур” кўчасида яшовчи фуқаролар кўп йиллардан буён йўл муаммоси билан курашиб келади. Айниқса, шу йўлдан 18-сонли умумий ўрта таълим мактабига қатновчи ўқувчиларга қийин.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг эътироз билдиришича, ушбу муаммо юзасидан маҳалла фуқаролар йиғини томонидан етарли иш олиб борилмаяпти. Асосан, аҳолининг ўзи ташкилотма-ташкилот, идорама-идора югурмоқда. Айрим масъулларнинг эса парвойи фалак.

“Ишонсангиз, шу йўлларга ўзимиз ҳам ўрганиб қолдик. Мана, сиз келдингиз, сизга ўхшаш меҳмонлар келса нима деймиз? Сабаби куз-қиш мавсумида йўлларимиз ўтиб бўлмас даражага, ёзда эса одамлар чанг-тўзон остида қолади. Билмадим, бу йўлни яна неча йил шу ҳолида кўрар эканмиз?! Ўзимиз йўлнинг у ёғи бу ёғидан йўл топиб ўтаверармиз. Лекин ёши улуғлар, айниқса, ёш болаларчи? Улар нима қилсин?!”, – дейди “Амир Темур” кўчасида яшовчи Ҳ.Жумаев.

 Маълум бўлишича, фуқаролар бу масалада тегишли идораларга кўп маротаба мурожаат қилишган. Бироқ ҳеч қандай амалий натижа бўлмаган. Масъуллар на муаммони келиб ўрганган, на унга ечим топган. “Отангга бор, онангга бор”, деган гап-сўзлардан чарчаган фуқаролар эса бу масалада O‘zLiDeP Нурато туман Кенгашидан кўмак сўраган.   

“Аҳоли мурожаатларини O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамда партия Нурато туман Кенгаши вакиллари билан жойига чиқиб ўргандик. Ташриф чоғида йўлнинг ҳолати чиндан ҳам жуда аянчли эканлигига гувоҳ бўлдик. Аҳоли эътирозларини тинглаб, ушбу мурожаат юзасидан 2019 йил 9 август куни Нурота туман “Ободонлаштириш” бошқармаси бошлиғи Ж.Раҳимовга депутатлик сўрови юбордик. Бироқ туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи жуда банд кўринади. Чунки икки ой аввал юборган сўровимизга ҳалигача жавоб бермаяпти”, – дейди O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси И.Исломов.

Маълумки, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига жавобни мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши керак.  Бироқ Нурота туман “Ободонлаштириш” бошқармаси бошлиғи Ж.Раҳимов бугунги ислоҳотлардан бехабар кўринади. Агар хабардор бўлса, ушбу ҳолатни ўрганиб, муаммога ижобий ечим топган бўларди.

Биз ушбу йўл таъмирланиши масалаласида Нурота тумани йўлсозлари ва Навоий вилояти йўл таъмирлаш бошқармаларидан жавоб кутиб қоламиз.

O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    194
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+