O‘zLiDeP ўрганган муаммонинг натижаси: Муаммо ҳалми? Ҳал

01.11.2019, 18:02

O‘zLiDeP ўрганган муаммонинг натижаси: Муаммо ҳалми? Ҳал

uzlidep.uz сайтида жорий йил 30 октябрь куни “Урганчда янги бетон симёғочлар қачон ўрнатилади?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Унда Урганч тумани “Тажриба станцияси” маҳалла фуқаролар йиғини “Зилол” кўчасида яшовчи фуқароларни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган муаммолар баён қилинганди.

“Маҳалламиздаги темир бетон симёғочларнинг аксарияти хизмат муддатини ўтаб бўлган. Янги симёғочлар олиб келинганига қарийб ярим йилдан ошди. Туман электр тармоқлари корхонаси ва бошқа мутасадди ташкилотларга қанча мурожаат қилмайлик, симёғочларни ўрнатиб беришни пайсалга солишмоқда. Эски симёғоч уйимга қулашидан хавотирдаман”, – деганди биз билан суҳбатда мурожаатчилар.

Мақола чоп этилгач, “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ муносабат билдирди.

“Маълумки, ҳудудимиз табиати жуда инжиқ. Ёзда иссиқ, қишда совуқ, ёғингарчиликларга бой бўлади. Шу сабабли бетон таянч устунлар ҳам таъмирталаб ҳолатга келиб қолиш ҳолатлари учрамоқда. Ушбу муаммо республика миқёсида кузатилаётганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017 – 2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга асосан, 2021 йилнинг якунига қадар республикамизнинг барча ҳудудларида эски турдаги симёғочлар янгиларига алмаштирилиши, таъмирга муҳтожлари таъмирланиши лозим. Мазкур қарор асосида ҳудудларда таъмирлаш ва жорий таъмирлаш режалари ишлаб чиқилди. Урганч тумани “Тажриба станцияси” маҳалласи “Зилол” кўчасидаги темир бетон симёғочлар ўрнатилиши жорий йилнинг тўртинчи чораги якунига қадар белгиланган. Бу ҳақида жамият томонидан 2019 йил 9 октябрда халқ вакили Ж.Қурбановга юборилган жавоб хатида алоҳида қайд этилган. Айни кунларда эса жамият ходимларининг ушбу ҳудудда фаолият олиб бораётганини кўришингиз мумкин”, – дейилади мақолада.  

Мутасаддиларни вазифаларини эслатишга сайтимизда эълон қилинган мақола сабаб бўлдими ёки йўқми, буниси бизга қоронғу. Буни аниқлаш биз учун муҳим ҳам эмас. Асосийси кўп сонли фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларга  ечим топилмоқда. Биз шундан хурсандмиз.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1148
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+