Қабристон учун ер ажратилмаяпти. Китобдаги ечимини кутаётган муаммо

01.11.2019, 18:59

Қабристон учун ер ажратилмаяпти. Китобдаги ечимини кутаётган муаммо

Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги “Туябоши”, “Тошқишлоқ”, “Туюл”, “Гузарнафас” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаролар қабристонга майит қўйишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Сабаби тўртта маҳаллага хизмат кўрсатувчи қабристонда бўш ер майдони йўқ.

 Маълум бўлишича, бугун аҳоли марҳумларни 15-20 км узоқликдаги қабристонларга дафн этмоқда. Уч йил аввал “Тевабоши” маҳалласидаги бўш ётган “Янгиер” майдонида туман ҳокимлигидан ҳулоса олиниб, 3 гектар майдонда қабристон ташкил этилиши режалаштирилган. Аммо ўша пайтдаги туман ҳокими ташаббуси билан бошланган ишлар, ҳоким вазифасидан кетгач, негадир тўхтаб қолган.

Шундан сўнг фуқаролар бу масалада халқ депутатлари Китоб туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Йўлдош Турсуновга мурожаат қилган. Унда айнан қабристон учун ажратилган қўшимча ер масаласида норозилик баён этилган. 

Халқ вакили Й.Турсунов партия туман кенгаши вакиллари билан мурожаатни ўрганиш учун маҳаллага борди. Шикоят йўллаган фуқаролар билан учрашди  ва уларнинг эътирозларини тинглади.

Фуқароларнинг айтишича, дафн этиш жойлари учун ер ажратиш, ташкил қилиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш белгиланган қоидаларга асосан амалга оширилади. Лекин масъуллар янги қабристон учун ҳалигача бўш ер майдони ажратмаяпти.

“Жорий йилнинг ёз ойларида бир гуруҳ фуқаролар маҳалла яқинидаги бўш ер майдонини қабристон учун ажратишни сўраб мурожаат қилган эди. Шу сабабли мурожаатни ўрганиб, бу масала юзасидан туман ҳокимлиги, туман ободонлаштириш бошқармаларига сўров юбордим. Бироқ ҳеч қандай натижа бўлмади, эътибор суст!”, – дейди  Й.Турсунов.

Ҳа, бугун Китоб туманида мазкур масала юзасидан шундай низоли ҳолат юзага келган. Агар ушбу масалага туман мутасаддилари жиддий эътибор қаратишса муаммога ечим бўлиши мумкин.  

Тўлқин ТУРДИЕВ,

O‘zLiDeP Қашқадарё

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    1191
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+