Чустда уй-жой қуриш учун 70 нафар фуқарога сотилган ер майдони ажратиб берилмаяпти

02.11.2019, 16:00

Чустда уй-жой қуриш учун 70 нафар фуқарога сотилган ер майдони ажратиб берилмаяпти

Чуст тумани Ахча МФЙда истиқомат қилиб келаётган кўплаб аҳоли битта хонадонда уч-тўрт оила бўлиб, қийналиб яшаб келмоқда. Ушбу аҳоли вакиллари 2017 йилдан буён уй-жой қуриш учун ер ололмай ҳалак. Уй-жойга муҳтож оилалар мазкур масалада туман ҳокимлигига ва тегишли ташкилотларга бир неча маротаба мурожаат қилишсада муаммо ечилмасдан қолиб кетмоқда.

Маълум бўлишича, Чуст тумани ҳокими ҳузуридаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси томонидан мазкур масала атрофлича ўрганиб чиқилади. Унга кўра туманда жойлашган Ахча массиви қишлоқ хўжалиги харитасининг №767 –контуридаги ер майдони суғориш тармоғи мавжуд эмаслиги сабабли ўн йилдан бери бўш ётган, у ерларга кўп йиллардан бери қишлоқ хўжалиги экинлари экиш режада ҳам йўқлиги маълум бўлади. Ушбу маҳалла фуқароларига эркин савдога чиқариш орқали уй-жой қуриш учун ажратиб берилиши борасида хулосага келишади.

Шундан сўнг Чуст туман ҳокими Баҳодир Оҳунов уй-жойга муҳтож аҳоли вакилларини дардини тинглаб, аризаларини ўрганиб чиқади. Бу бўйича туман ҳокимининг 2018 йил 18 августдаги 1981-сонли қарорига асосан тумандаги Ахча ШФЙ, Звутқанд МФЙ Ахча массиви ҳудудидаги қишлоқ хўжалик харитасининг №767 –контуридаги ер майдонидан жами 3.5 га ер майдони “FAR-PIRAMIDA INVEST” МЧЖ вилоят филали томонидан савдога қўйилган эди. Ушбу ер майдонига уй-жой қуриш учун тумандаги 70 нафар фуқарога сотилади.  

Бироқ мутасадди ташкилотлар ҳоким қарорини бажармасдан ҳозирги кунга қадар аҳолига ер майдонларини ажратиб бермаяпти. Аҳоли вакиллари туман, вилоят прокуратураларига ҳам мурожаат қилган, бироқ муаммо ўз ечимини топмаяпти.

Ушбу муаммо юзасидан аҳоли вакиллари ЎзЛиДеП Чуст туман кенгашига мурожаат қилишади. Аҳолининг муаммосига ечим топиш мақсадида халқ депутатлари Чуст туман кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзоси Ғаффор Расуловга бириктириб берилди ва депутатлик сўрови чиқаришга келишиб олинди.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиб

  • Кўрилди
    963
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+