Хатирчи туманидаги “Маданият” МФЙ аҳолиси ичишга яроқсиз сувдан фойдаланишга мажбур бўляпти

02.11.2019, 16:23

Хатирчи туманидаги “Маданият” МФЙ аҳолиси ичишга яроқсиз сувдан фойдаланишга мажбур бўляпти

Халқ депутатлари Хатирчи туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси М.Бабаяровга ушбу тумандаги “Маданият” МФЙ аҳолисидан мурожаат келиб тушди.

Маълум бўлишича, ичимлик суви таъминоти тизимини ривожлантиришга доир муҳим дастур ва лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилаётган бир шароитда тумандаги “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинининг Бозоржой, Кадан, Дарёобод қишлоқларида яшовчи аҳоли айни пайтда ичишга яроқсиз сувдан фойдаланишга мажбур бўляпти.

Тўғри, бу ҳудудга ичимлик суви келтирилган, бироқ бу сув тумандаги Э.Абдиев фермер хўжаликлари ҳудудидаги сув минораси орқали таъминланади.

Сув минораси жойлашган ҳудуднинг атрофида пахта, ғалла майдонлари мавжудлиги ҳамда сув минораси чуқурликда жойлашганлиги сабабли экинларни суғорган маҳалда минора атрофида оқава сувнинг жамланиши натижасида ичимлик суви ифлосланмоқда.

Ҳудуд аҳолисининг мурожаатлари асосида халқ депутатлари Хатирчи туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси М.Бабаяров 2017 йилнинг 24 февралида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари С.Муродовга сув минораси атрофидан жамланадиган оқава сувни чиқариб юбориш учун зовур қазиб беришни сўраб,  депутатлик сўрови жўнатади. Шунингдек, бир неча бор оғзаки мурожаатларга қарамасдан, ҳамон масала ўз ечимини топмасдан келмоқда.

Бу муаммо бир мутасаддининг бош-қош бўлишию, тўрт-беш одамнинг зовур қазиши билан ҳал бўладиган иш аслида. Лекин ушбу муаммо ечилмасдан қолиб кетиши оқибатида ушбу ҳудуд аҳолиси тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўла олмаяпти. Аслида биргина эътиборнинг ўзи кифоя.

Зеро халқимизнинг келгусида соғ-саломатлиги, келажаги бевосита тоза ичимлик суви билан боғлиқ эканлигини унутмаслигимиз зарур.

O‘zLiDeP Навоий вилоят кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1444
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+