O'zLiDeP депутати: “Яхши ўқиётган талабалар иш қидиришига тўғри келяпти” (+ВИДЕО)

03.11.2019, 18:43

O'zLiDeP депутати: “Яхши ўқиётган талабалар иш қидиришига тўғри келяпти” (+ВИДЕО)

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил учинчи чорагидаги бажарилишининг бориши тўғрисида»ги ҳисоботи эшитилди.

Депутатлар ҳисоботни тинглаб бўлгач, ҳуқумат вакилларига қатор саволлар билан мурожаат қилишди.

– Олий таълим йўналишида талабаларнинг контракт миқдорининг оширилиши ва стипендиянинг бир хилда – 400 минг сўм миқдорида белгиланиши ҳам талабалар, ҳам ота-оналар ўртасида жуда кескин эътирозларни келтириб чиқарди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси аъзоси Расул Кушербаев. – Муҳокамалар порталига ҳам бу масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси жойлаштирилганини кўрдик. Шунда аҳолининг фикри инобатга олиниб, бу масала қайта кўриб чиқилар экан-да, деб умид қилгандик. Бироқ ўтган вақт мобайнида ҳеч қандай амалий натижани кўрмадик. Талабалар ва уларнинг ота-оналари қайта-қайта бизга мурожаат этиб, бу масалага ойдинлик киритишимизни талаб қилишяпти. Шундай экан, Вазирлар Маҳкамаси ва мутасаддилар мазкур масалани кун тартибидан олмасдан, уни қайта кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Боиси, бугунги кунда амалдаги тартиб сабаб яхши ўқиётган талабалар иш қидиришига тўғри келяпти. Мисол учун, яқинда улардан бири гуруҳи билан кўришганимда, ўқиб-изланиш ўрнига дарсдан кейин ишлаётганига гувоҳ бўлдим. Ўқиш масаласида улар ўз устида ишлашига умуман вақти қолмаяпти. Бу, ўз навбатида, таълим сифатига ҳам таъсир қиляпти. Шу сабабдан, ҳар бир талаба ўзининг ҳаракатига ва билимига яраша рағбатлантирилиши керак. Минглаб талабалар ва ота-оналарнинг номидан таклиф қиламизки, ушбу масалани қайта кўриб чиқсангиз.

Депутатнинг фикрига муносабат билдирар экан, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов бу масала кун тартибидан олинмаганини қайд этиб ўтди.

– Ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгач, келиб тушган кўплаб таклифлар асосан дифференциациялаш асосида, яъни талабаларнинг ўқиши натижалари инобатга олинган ҳолда, стипендия миқдорини белгилаш мазмунида бўлди ва бунинг устида иш олиб борилди. Масала барча олий таълим муассасалари ректорлари, факультет деканлари, Ёшлар иттифоқи вакиллари билан ўрганилди.

Шундан келиб чиқиб айтиш жоизки, билдирилган ана шу таклифлар инобатга олинади ва низомда ўз аксида топади.

  • Кўрилди
    656
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+