O‘zLiDeP депутати қишки мавсумда энергоресурслар таъминотида узилишлар бўлмаслиги борасида ҳукуматдан кафолат сўради

04.11.2019, 11:57

O‘zLiDeP депутати қишки мавсумда энергоресурслар таъминотида узилишлар бўлмаслиги борасида ҳукуматдан кафолат сўради

Жорий йилнинг 31 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлат дастурининг 2019 йил III чорагида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи тингланди. 

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси аъзоси Беҳзод Ортиқов 2019–2020-йилги қиш мавсумига қандай тайёргарлик кўрилгани, жойлардаги энергоресурслар тўлиқ таъминланиши юзасидан нималар қилингани билан қизиқди ва ҳукуматдан ўтган йилги мавсумдагидек узилишлар такрорланмаслиги учун кафолат берилишини сўради. Бу ҳақда Kun.uz хабар қилди. 

«Олдимизда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини энергоресурслар билан узлуксиз таъминлаш борасида биз катта бир дастурни белгилаб олганмиз. Аниқ рақамлар билан айтиб ўтадиган бўлсам, бу йил республикамизда бир ярим миллион тоннага яқин импорт кўмир олиб кирамиз. Бундан ташқари, янги учта электростанциямизда энергоблоклар қабул қилиниши муносабати билан 1350 мегаватт қувватлар ҳосил бўлади. Ҳисоб-китобларимизга кўра, бу йилги куз-қиш мавсуми ўтган йилги мавсумга нисбатан 7,6 фоизга кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқарилиб, истеъмолчиларга етказиб берилади. Маълумот учун аввалги йилларда йиллик ўсиш суръати 2-2,1 фоизни ташкил этиб келган», - дейди энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Хўжаев.

Энергетика вазирининг ўринбосари куз-қиш мавсумида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини табиий газ билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, табиий газ билан таъминланган ҳудудларда босим тушиб кетишининг олдини олиш ва узлуксиз таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Шу билан бирга, табиий газ етказиб берилишида шубҳа бўлган ҳудудларда суюлтирилган газ билан таъминлаш даражасини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган, яъни янги тақсимлаш пунктлари қурилган, олис аҳоли пунктларига суюлтирилган газли баллонларни етказиб бериш учун керакли махсус техника харид қилинган. Бундан ташқари, суюлтирилган газнинг миқдори ҳам оширилиб, қўшимча 30 минг тонна ички бозорда аҳолига етказиб бериш бўйича қарор қабул қилинган.

«Келгусида энергоресурслар таъминотида узилишлар бўладими-йўқми деган саволга жавобан айтишим мумкин, биз 2030 йилга қадар иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш концепциясини ишлаб чиқдик ва унга кўра биз 2030 йилгача қўшимча қанча электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини кучга киритишимиз, яъни қуриб амалиётга татбиқ этишимиз ҳамда қанча қўшимча табиий газ углеводородларини қазиб олишимиз белгилаб олинган. Мисол сифатида айтишим мумкинки, 2030 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми бугунги кунга нисбатан 1,9 баробар ортади, йиллик ўсиш суръати 7 фоиздан кам бўлмайди ва бунда биз албатта табиий газ билан таъминланганлигимиз чегараланган бўлгани учун алоҳида эътиборни қайта тикланувчи энергия манбаларига қаратишимиз керак. 2030 йилга қадар йилма-йил жами 5000 мегаватт қуёш электр станцияларини ва 3000 мегаватт шамол электр станцияларини қуриб битиришимиз хусусий, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига ҳамда уларда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини жами умумий ҳажмдаги улушини 25 фоизга етказишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз», - деди Ш. Хўжаев.

Унга кўра, Энергетика вазирлигининг иссиқлик электр станциялари бўйича дастури шундан иборатки, бугунги кунда 55 млрд киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилаётган бўлса, 2030 йилга келиб бу кўрсаткич 55 млрд киловатт/соатни ташкил этади. Шу билан бирга, ёқилғи сарфи бугунги кундагига нисбатан 25 фоизга қисқартиришга эришилади.

  • Кўрилди
    826
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+