Хоразмлик тадбиркорга ер ажратилмаяпти

04.11.2019, 17:02

Хоразмлик тадбиркорга ер ажратилмаяпти

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгашига Урганч шаҳри “Ал-Хоразмий” кўчасида яшовчи Қадамбой Ўриновдан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда Президентимиз ташаббуси билан Урганч шаҳри марказида Жалолиддин Мангуберди майдонини ташкил қилиш бўйича қурилиш ободонлаштириш ишлари олиб борилиши муносабати билан “Ал-Хоразмий” кўчасида жойлашган тадбиркор Қ.Ўриновга тегишли бўлган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси шу йил 28 январь куни Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан бузиб ташлангани баён қилинган.  

Маълум қилинишича, ушбу дўкон биноси учун компенсация сифатида “Чаккашоликор” қишлоғида 0,0288 гектар ер майдони ажратиш бўйича шартнома тузилган. Бироқ мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги туфайли вилоят ҳокими қарорини чиқариб бериш учун тегишли ташкилотлар томонидан ҳужжатлар расмийлаштирилмаган.

O‘zLiDeP вилоят Кенгаши вакиллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари ушбу ҳолатни жойига бориб ўрганди ва ечими бўйича вилоят ҳокимлигига депутатлик сўрови юборди. Шундан сўнг, жорий йилнинг 21 сентябрь куни вилоят ҳокимининг 607-Қ-сонли қарори қабул қилинди. Аммо қарор қабул қилинганига бир ойдан ошган бўлса-да, натижа йўқ, эътибор суст.

“Қоида бўйича, бузилаётган иншоот ўрнига бошқаси берилиши, мулкка путур етказилгани учун компенсация тўланиши керак эди. Бу ерда эса ҳаммаси аксинча бўлди. Ахир қиш яқинлашиб қолди. Энди қачон ер беришади-ю, қачон дўкон қурамиз”, – дейди тадбиркор. 

Таъкидланишича, барча саъй-ҳаракатлар, югур-югурлар натижа бермагач, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Ж.Қурбанов бу масала бўйича жорий йилнинг 25 октябрь куни Хоразм вилоят Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси в.б Ф.Матчановга 10/24-сонли сўров юборган. Аммо...

Гувоҳи бўлганингиздек, тадбиркорга ер ажратиш бўйича вилоят ҳокимининг тегишли қарори чиққан. Лекин вилоят Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, Урганч шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри масъуллари негадир ушбу масалани ортга суриб келмоқда. Чунки улар тадбиркор йўлига қарши чиқиш давлат сиёсати, президент сиёсатига қарши чиқиш эканлигидан бехабар кўринади. Аксинча муаммони имкон қадар тезроқ ҳал этишган бўларди.

Умид қиламизки, мутасаддилар Қ.Уринов муаммосини атрофлича ўрганиб чиқади ва унга амалий ёрдам беради. Биз эса мавзуга яна қайтамиз.

O‘zLiDeP Хоразм вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1023
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+