АЛБАТТА ЎНТАЛИККА КИРАМИЗ!

06.11.2019, 16:49

АЛБАТТА ЎНТАЛИККА КИРАМИЗ!

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Тошкент шаҳрида O‘zLiDePнинг IX Съезди бўлиб ўтди. Унда партиянинг ўтган 5 йилликдаги фаолияти сарҳисоби, яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган режалар, бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ишлар муҳокама қилинди.

Табиийки, партия ҳаётидаги энг муҳим тадбир ОАВ эътиборида бўлди. Жумладан бугунги кунда энг оммабоп kun.uz интернет сайтида Съезд тафсилотлари билан боғлиқ материал чоп этилган. Партиявий фаолиятимизга беэътибор бўлмаганликлари учун kun.uz таҳририятига алоҳида миннадорлик билдирамиз.

Веб-сайтда чоп этилган Съезд билан боғлиқ материалда “O‘zLiDeP Ўзбекистонни энг кўп сайёҳ борадиган ўнта давлат қаторига киритмоқчи” дея қўйилган сарлавҳа ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозаларга сабаб бўлди.

Албатта партиямиз дастурига бўлаётган бундай қизиқиш бежиз эмас. Чунки мамлакатдаги етакчи партиянинг қандай режалар билан чиқаётганлиги юртдошларимизни қизиқтириши табиий. Лекин, билдирилаётган фикрларнинг айримларида илгари сурилаётган режаларни нотўғри ва асоссиз талқин қилинаётганлигини инобатга олиб, ушбу масалага бир оз ойдинлик киритиб ўтмоқчи эдик.

Съезд ишида иштирок этган барча делегатлар, меҳмонлар ва ОАВ вакилларига партия фаолияти билан боғлиқ материаллар, жумладан кейинги беш йилга мўлжалланган Сайловолди платформаси китобча шаклида тақдим этилган эди. Съезд ишида иштирок этган ва ушбу материалларни олган “Kun.uz” сайти вакили эътибор қилган бўлса ушбу Сайловолди дастурининг 15-бетида туризм соҳаси билан боғлиқ аниқ вазифалар белгилаб берилган. Унда “Ўзбекистонни жозибали жаҳон туризми марказига айлантириш, изчиллик билан юртимизни дунёнинг 30 та сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган давлатлари қаторига киритиш” дея алоҳида қайд этилган. 

Энди делегатлар муҳокамасига киритилган ҳамда барча анжуман иштирокчиларига тарқатилган O‘zLiDePнинг иккинчи муҳим хужжати - партиянинг янгиланган Дастурининг 30-бетида эса “Биз Ўзбекистонни жозибадор жаҳон туристик марказига айлантириш, 2050 йилга келиб, мамлакатнинг туристлар энг кўп ташриф буюрадиган 10 та етакчи давлат қаторидан ўрин эгаллашини таъминлаш” дея вазифа қўйилган. Ушбу икки дастурий ҳужжат партиянинг ўрта ва узоқ муддатли даврда амалга оширадиган асосий мақсад ва вазифаларини белгилаб беради, O‘zLiDePнинг фақат қисқа муддатли эмас, балки узоқ муддатга мўлжалланган кенг қамровли аниқ дастурларга эга эканлигини кўрсатади.

Бир бирини тўлдирувчи ва мантиқий давоми бўлган ушбу икки муҳим хужжатдан шундай хулоса қилиш мумкинки, O‘zLiDeP Ўзбекистонни дунёнинг туризм ривожланган 30 давлатига киришини чегара эмас деб билади.

Бинобарин, Ўзбекистон туризмни ривожлантиришда улкан салоҳиятга эга эканлигини жуда яхши маълум. Мамлакатимизда 7,4 мингдан зиёд маданий мерос объектлари бўлиб, улардан 209 таси ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мерос объектлари рўйхатига киритилган.

Бундан ташқари, республикада 11 та миллий боғ ва давлат қўриқхонаси, 12 та қўриқхона, 106 та музей ва сайёҳларни жалб қилиш мумкин бўлган кўплаб бошқа объектлар мавжуд. Шунингдек, миллий таомларимиз, урф-одатларимиз, экотуризм, гастраномик туризм, агротуризм, зиёрат туризми ва туризмнинг бошқа йўналишлардаги рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.

Албатта бу салоҳиятдан тўлақонли фойдаланиш учун инфратузилмани ривожлантириш, соҳага тадбиркорликни кенг жалб қилиш, имкониятларимиз рекламасини янги даражага кўтариш билан боғлиқ кенг кўламли ишлар кутиб турибди.

Туристик салоҳияти юқори бўлган ҳудудларда “туризм қишлоғи”, “туризм маҳалласи”, “туризм овули” ва бошқа шу каби янги йўналишларнинг йўлга қўйилаётганлиги эришиш кўзланган мақсадларнинг мустаҳкам омили ҳисобланади.

Шу билан бирга, туризм логистикаси ва виза тизими билан боғлиқ масалаларни самарали ҳал этиш, авиақатновлар ва темир йўл соҳасидаги эркинлаштириш сиёсатининг амалга оширилиши ҳам туристларни қабул қилиш қувватларни кенгайтиришга қаратилади.

Сўнгги 2 йилда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилган тизимли ишлар туфайли соҳада катта силжишларга эришилди. Хусусан, соҳага янги қоидаларнинг жорий этилиши ва сайёҳлик хизматлари бозори либераллаштирилиши билан хорижий меҳмонлар сони ҳам кўпайди. 2017 йилда чет эл сайёҳларининг ошиш суръати 32,7 фоизни ташкил этди ва 2,69 млн. нафардан ошди. 2015 йилда  сайёҳлик ташкилотлари сони 398 тани ташкил этган бўлса, 2018 йил охирига келиб, уларнинг сони 983 тага етди.

Маълумотларга қараганда, жорий йил якунига қадар уларнинг сони 1400 га етиши мумкин. Ўтган йил  якунига кўра, республикага 5,3 млн. нафар хорижий фуқаро ташриф буюрган — бу 2017 йилга нисбатан қарийб 2 баравар кўпдир. 2019 йилнинг 8 ойи давомида Ўзбекистонга 4,3 млн. сайёҳ келган. Бу ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 26,7 фоизга кўпдир.

2019 - 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш концепциясига мувофиқ 2025 йилга бориб ташриф буюрадиган туристларни 11,8 млн. нафарга, туризм хизматлари ҳажмини 2,2 млрд.долларга, жойлаштириш воситаларини 3,1 мингтага, улардаги меҳмон қабул қилиш қувватини 128 минг ўринга етказиш кўрсаткичлари аниқ ҳисоб-китобларга асосланган.

Соҳага хорижий инвесторларни жалб қилиш борасида ҳам кескин ўзгаришлар амалга оширилаётганлиги натижасида дунёнинг машхур брендлари ҳам юртимизга ўзининг юксак қизиқишларини билдирмоқда.

Мақсадимиз, босқичма-босқичлик билан туристик кластерларни яратиш, соҳага стратегик шерикларни жалб қилиш, туризм саноатини жадал ривожлантириш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, миллий туристик маҳсулотни яратиш ва уни жаҳон бозорларига олиб чиқишни қўллаб-қувватлаш орқали 2050 йилга бориб, етакчи 10 таликка киришдир.

Умуман олганда, партиямиз ўз олдига ана шундай яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган мақсад ва вазифаларни белгилаб олган.

Бахтиёр Руҳитдинов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси бўлим мудири 

  • Кўрилди
    1353
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Самидилло2019-11-06 17:44:51

"Яхши ният, ярим мол", деб бекорга айтилмаган...бунинг учун барча имкониятлар мавжуд! Ёқимли иқлимимиз, гастрономик имкониятларимиз, зилол сувларимиз...меҳмондўст халқимиз бор экан. албатта бу ниятга эришамиз. Энг муҳими бирлик ва изчиллик билан юксак марралар сари дадил қадам ташлашимиз лозим!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+