“Дарғали”ликлар 13 чақирим йўл босиб, туман марказига боряпти – муаммога ечим борми?

07.11.2019, 18:59

“Дарғали”ликлар 13 чақирим йўл босиб, туман марказига боряпти – муаммога ечим борми?

Қоракўл тумани, “Дарғали” МФЙ ҳудудидаги қишлоқ оилавий поликлиникаси олти минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Аммо бу масканга беморлар келиши учун тиббиёт муассасаси аввало замон талабидан келиб чиқиб, зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган бўлиши керак.

“Дарғали”лик Акбар Тўхтаевнинг айтишича, муаммо фақат шундан иборат эмас. Бундан ташқари, мазкур тиббиёт масканига аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун  зарур дори воситалари ҳамда малакали мутахассислар керак.   

“Дард дегани олдиндан вақт белгилаб келмаса. Э, бу ҳолатга қачонгача чидаш мумкин, ҳайронман. Ана шу муаммо бизнинг дард устига чипқонимизга айланган, — дейди дарғалилик Акмал Қиличов. — Нима қилайлик ахир? Олти минг нафардан ортиқ фуқаро туман марказига — 12-13 километр йўл босиб боришга, ўша ердан касалига даво излашга мажбур бўляпти. Биз қайси замонда яшаяпмиз, ҳайронман. Наҳотки, бу ҳеч кимни қизиқтирмайдиган муаммо бўлса”.

Маълум қилинишича, тиббий муассасада сифатли тиббий хизмат учун зарур шароит йўқлиги ва малакали шифокорлар етишмаслиги боис, ҳудуд аҳли қарийб уч йилдан буён бу масалани ҳал этилишида амалий ёрдам сўраб юқори ташкилотларга мурожаат қилишади. Аммо орадан шунча вақт ўтса-да, аҳвол “эски ҳаммом, эски тос”лигича турибди.

“Мана куз охирлаб, қиш келишига оз фурсат қолди. Қишнинг қаҳратонида эса туман марказига бориб келиш анча машаққат. Маҳалламиздаги тиббиёт муассасасида эса аҳвол ўша-ўша, ўзгариш йўқ. Бугун Президентимиз “Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада яхшилаш, халқимизни тиббиёт тизими фаолиятидан рози қилиш — барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир”, дея таъкидлаётган бир паллада нега масъуллар ўйғонмаяпти? Ёки дарғалиликларнинг муаммоси мутасаддилар учун 4-5 даражали ишми?”, – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

O'zLiDeP Қоракўл туман Кенгаши ва маҳаллий кенгаш депутатлари ушбу муаммога ечим топиш мақсадида дарғалиликлар билан учрашди, аҳолининг эътирозларини тинглади. Қолаверса, ҚОП мудири Меҳридин Жўраев ҳам зарур тиббий ускуналар етишмаслиги, малакали кадрларга эҳтиёж борлигини рўй-рос айтди.

Мазкур масала бўйича O'zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси З.Болтаев туман тиббиёт бирлашмаси ва туман ҳокимлигига сўров юборди. Лекин масъуллар ҳалигача депутат сўровига жавоб бергани йўқ.           

Ўйлаймизки, кўп сонли фуқаролар, айниқса, қариялар, ҳомиладор аёллар, ёш болаларни қийнаётган муаммо тез орада ечим топади ва дарғалиликлар орзуси ушалади.  

O'zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    211
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+