“Эзгу мақсадлар йўлида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашимиз, кучлироқ жисплашишимиз зарур”

11.11.2019, 15:33

 “Эзгу мақсадлар йўлида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашимиз, кучлироқ жисплашишимиз зарур”

Бугунги анжуманда бир неча ғоят муҳим масала кўриб чиқилди, хусусан, партиянинг сайловдан сайловгача бўлган фаолияти атрофлича сарҳисоб қилинди. Албатта, сиёсий куч ўз зиммасига олган вазифаларни қай даражада уддалаётганидан хабардорман.

Шундай бўлса-да, бу борадаги батафсил, тўлиқ маълумотларни эшитиб, халқимизнинг бир ёш вакили ҳамда икки фарзандни тарбиялаётган ёш бир она сифатида O‘zLiDePнинг сўзи билан иши бир партия эканига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Айтайлик, партиянинг “Ёшлар қаноти” ўтган йиллар ичида 15 дан зиёд йирик лойиҳани амалга оширгани диққатга молик.  200 дан ортиқ ёш тадқиқотчилар иштирокида “Ёш олимлар лигаси”, “Янги авлод кадрлари” лойиҳалари орқали йигит-қизларимизнинг интеллектуал салоҳияти рўёбга чиқишига кўмаклашилди. Ёшлар орасида китоб ўқиш маданиятини шакллантириш мақсадида аҳоли яшайдиган пунктларининг 61 тасида “O‘zLiDeP кутубхоналари” ташкил этилиб, кутубхоналар фонди қарийб 70 мингта китоб билан тўлдирилди. Партия томонидан ташкил қилинган “Ёш фермер” кўрик-танловида 14 мингдан ортиқ навқирон қишлоқ мулкдорлари иштирок этди. “Ёш тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш”, “Бўлажак депутатлар” каби клублар фаолиятига деярли 42 минг йигит-қиз жалб қилинди.  “Start Up” партиявий лойиҳасида иқтидорли ёшлар томонидан ишлаб чиқилган талай инновацион ва истиқболли ғоялар 16 млрд. сўмга тенг кредитлар эвазига молиялаштирилди. Бу борадаги ишлар хусусида яна узоқ гапириш  мумкин. Лекин келтирилган ана шу мисоллар ҳам партия билан Ёшлар иттифоқининг мазкур йўналишдаги мақсадлари, вазифалари муштарак эканини аниқ-равшан кўрсатиб турибди. Эзгу мақсадлар йўлида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашимиз, кучлироқ жисплашишимиз зарур. Маълумки, Президентимиз ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича бешта муҳим ташаббусни илгари сурган эди. O‘zLiDeP, жумладан, ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқиш­ларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қиладиган тадбирлари, лойиҳаларини келгусида янада кенг миқёсда амалга оширади, деб ўйлайман.

 Масъулиятли сиёсий имтиҳонга саноқли кунлар қолди. Унда 20 миллион 600 мингдан зиёд сайловчи иштирок этиши кутилмоқда. Сайловчиларнинг 55,2 фоизи, яъни 11 миллион 371 минг нафардан зиёдини 30 ёшгача бўлган ёшлар, шу жумладан, 2 миллион нафарга яқинини сайловда биринчи марта иштирок этувчилар ташкил этади. Партиядан сайланажак депутатлар миллионлаб ёшларнинг ишончи нақадар катта масъулият эканлигини чуқур ҳис этиб, шундан келиб чиққан ҳолда иш олиб боришларига ишонаман.

Дилноза КАТТАХОНОВА,

Ўзбекистон ёшлар

иттифоқи марказий кенгаши

раисининг маънавий-

маърифий, ижтимоий-сиёсий

масалалар бўйича

ўринбосари, O‘zLiDeP Сиёсий

Кенгаши аъзоси

  • Кўрилди
    1716
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+