“Булоқбоши”ликлар тоза ичимлик суви муаммосидан азият чекмоқда. Унга ечим борми?

12.11.2019, 18:48

“Булоқбоши”ликлар тоза ичимлик суви  муаммосидан азият чекмоқда. Унга ечим борми?

Учкўприк тумани “Бегобод” МФЙ “Булоқбоши” кўчаси аҳолиси мана неча йилдирки, сув муаммоси билан курашиб келади. Аслида, муаммонинг ечими занглаган трубаларни алмаштириш билан ҳал этилади. Аммо ечимга қадар бир қанча тўсиқлар бор.

“Маҳалламизда кўп йиллардан буён тоза ичимлик суви танқислиги бор. Айниқса, кейинги 4-5 йил орасида сувга умуман ёлчимай қолдик. Очиғи, туман “Сувоқава” корхонаси, туман ҳокимлиги, халқ қабулхонасига ёзма мурожаат қилавериб, чарчаганмиз. Чунки масъуллар фақат ваъда бериш билан қутилади. Натижадан эса дарак йўқ. Сизлардан илтимос, шу муаммони ҳал этишда амалий ёрдам берсангиз”, – дейилади бир гуруҳ фуқаролардан O‘zLiDeP туман Кенгашига келган мурожаатда.

Партия туман кенгаши вакиллари ҳамда халқ депутатлари Учкўприк туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси О.Тўпаев “Бегобод” МФЙга бориб муаммони ўрганишди. Муаммо ечими бўйича “Сувоқава” давлат унитар корхонаси туман филиалига депутатлик сўрови юборди.   

“Сувоқава” давлат унитар корхонаси Учкўприк тумани филиалидан келган жавоб хатида эса шундай дейилади: “Сизнинг сўровингиз атрофлича ўрганиб чиқилди. “Бегобод” МФЙдаги ичимлик суви билан боғлиқ муаммо “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида режага мувофиқ бартараф этилади”.

“Мана, куз ҳам якунланиб бормоқда. Биз учун ягона обиҳаёт манбаи бўлган ариқлардаги сувлар ҳам қуриб қолди. Энди челак кўтариб қаёққа борамиз, билмайман”, – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Дарҳақиқат, одамларнинг куйинганича бор. Сабаби кўп йиллардан буён ушбу ҳудудга тоза ичимлик сувини келтириш бўйича бирон ҳаракат қилинмаган. Шундай бўлсада, маҳалла аҳли эртанги кундан умидвор. Ўйлаймизки, мутасаддилар қисқа муддатда бу муаммога ечим топади.

 Фотимахон АБДУРАҲМАНОВА,

O‘zLiDeP Учкўприк туман

 Кенгаши аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    203
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+